Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва ФАО озиқ-овқат маҳсулотлари билан боғлиқ йўқотишлар ва чиқиндиларни камайтириш бўйича стратегия ишлаб чиқмоқда
Янгиликлар

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва ФАО озиқ-овқат маҳсулотлари билан боғлиқ йўқотишлар ва чиқиндиларни камайтириш бўйича стратегия ишлаб чиқмоқда

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) кўмагида озиқ-овқат маҳсулотлари билан боғлиқ йўқотишлар ва озиқ-овқат чиқиндиларини камайтириш стратегияси ишлаб чиқилаётганини маълум қилди.

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигида ФАОнинг “Марказий Осиё, Озарбайжон ҳамда Туркияда озиқ-овқат маҳсулотлари билан боғлиқ йўқотишлар ва озиқ-овқат чиқиндиларини камайтириш” лойиҳаси иштирокида ўтказилган семинар қатнашчиларининг фикрича, озиқ-овқат маҳсулотлари билан боғлиқ йўқотишларнинг олдини олиш, озиқ-овқат чиқиндиларини камайтириш кичик ва ўрта бизнес учун янги имкониятлар эшигини очмоқда.

Семинарда мутахассислар “Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳририни қабул қилиш зарур эканлиги, унга “озиқ-овқат маҳсулотлари билан боғлиқ йўқотишлар”, “озиқ-овқат чиқиндилари”, “озиқ-овқат операторлари”, “озиқ-овқат хайриялари” сингари таърифлар киритилиши зарурлигини таъкидлади.

Шунингдек ўқинг: ФАО ва Ўзбекистон 10 миллион долларлик иккита грант лойиҳасини ишга туширади

Қонунга, шунингдек, қуйидагиларни киритиш таклиф қилинмоқда:

  • озиқ-овқат операторларининг бозорга хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотларини чиқариши учун юридик масъулият;
  • мақбул амалиётларни қўллаш бўйича талаблар (GAP, GMP, GHP, HАCCP);
  • Озиқ-овқат инспекциясининг вазифалари ва ваколатлари.

Семинар иштирокчилари томонидан озиқ-овқат хайриялари ва озиқ-овқат банклари учун солиқ имтиёзларини бериш зарур эканлиги қайд этилди.

Шунингдек, озиқ-овқат билан боғлиқ йўқотишларнинг олдини олишга кўмак бериши керак бўлган «best by» яроқлилик муддатини жорий этиш таклиф этилди.

Йиғилишда, шунингдек, ички бозорда озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари бўйича ахборот алмашиниш учун республика ҳудудларида ички озиқ-овқат бозорлари бўйича ахборот платформасини яратиш зарурлиги ҳам муҳокама қилинди.

Иштирокчилар озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш (ҳосил йиғиш, саралаш, ташиш, сақлаш ва ҳ.к.) борасида инновацион технологияларга субсидиялар ажратиш зарур, деб ҳисоблайди.  Бундан ташқари, пестицидлар ва биоагентлардан фойдаланиш, уларнинг импорти, ишлаб чиқарилиши ва савдо-сотиғини назорат қилиш қоидаларини жорий этиш зарур.

Ўзбекистонда озиқ-овқат билан боғлиқ йўқотишларнинг олдини олиш ва озиқ-овқат чиқиндиларини камайтириш бўйича стратегия лойиҳаси тез орада Қишлоқ хўжалиги вазирлигида кўриб чиқилиши учун тақдим этилади.

ФАО маълумотларига кўра, жаҳондаги озиқ-овқат маҳсулотларининг қарийб 14 фоизи ҳосил йиғиб олинганидан кейин ва чакана савдо даражасига етгунга қадар бой берилади. Ҳар йили 931 миллион тонна озиқ-овқат чиқиндига ташланади, шундан деярли 570 миллион тонна чиқит уй хўжаликлари даражасидадир. Жаҳонда киши бошига (йилига) ўртача 74 кг озиқ-овқат чиқиндиси тўғри келади.

Озиқ-овқат билан боғлиқ йўқотишларнинг олдини олиш ва озиқ-овқат чиқиндиларини камайтириш, одатда, бизнес учун қимматга тушади. Шу боис, фермерлар, етказиб берувчилар ва истеъмолчилар фойда уларнинг харажатларидан кўп бўлсагина зарур чораларни кўради, дейди ФАО. Шундай қилиб, ташкилотнинг қайд этишича, таъминот занжиридаги турли манфаатдор томонларни рағбатлантириш — бу соф фойдани ошириш ёки аллақачон мавжуд бўлган соф фойда ҳақида яхшироқ маълумот беришдир.

Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлиги стандартлари узоқ йиллардан буён халқаро стандартларга мослаштирилмаган.  Аввалроқ, “Gazeta.uz” шарҳловчиси, ҳуқуқшунос Умида Ҳақназар Ўзбекистон қонунчилиги ва техник стандартлари шарҳида кўплаб нормалар Совет давридан қолганини, хусусан, амал қилиш муддати бўйича стандартлар Алиментариус кодекси ва Жаҳон ҳайвонлар саломатлигини асраш ташкилоти (ХЭБ) ҳужжатлари билан уйғунлаштирилмаганини қайд этган эди.

Замонавий халқаро ёндашув озиқ-овқат занжирининг барча иштирокчилари – хомашё етказиб берувчилар, ишлаб чиқарувчилар, ташувчилар, сотувчилар зиммасига ҳар бир босқичда озиқ-овқат хавфсизлиги учун асосий масъулиятни юклаш ва улардан маҳсулот истеъмоли бўйича шартларни кўрсатишни талаб қилишдан иборатдир, дейди Умида Ҳақназар.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Марказий Осиё боғбонлари қора смородинани йошта билан, қизилини эса калина билан адаштиришмоқда!

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин