Ўзбекистон Республикасининг Малайзиядаги элчихонаси озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилувчи Малайзиянинг етакчи компаниялари иштирокида давра суҳбати ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.
Хусусан, тадбирда «Dsak Group of Companies» компаниялари ва унинг шўъба корхоналари — «Dsak Niaga Sdn Bhd»,» Dsak Logistics Sdn Bhd», «Dsak Trading Sdn Bhd», шунингдек, «Аl Hijran Global Sdn Bhd», «Меrcu Cita Manufacturing Sdn Bhd», «Litco Container Line» вакиллари иштирок этишди.
Давра суҳбатида Ўзбекистонда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, уларнинг экспорт географияси, айниқса, кейинги йилларда Малайзияга экспорт қилинаётган маҳсулотлар, шунингдек, Малайзия ўсимликлар карантини хизмати (МАQIS) билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.
Ўз навбатида, Малайзия компаниялари вакиллари ўз фаолиятига оид тақдимотлар ўтказиб, Ўзбекистондан қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб берувчилар билан ҳамкорликдан манфаатдор эканликларини билдиришди.
«Dsak Group of Companies» келгусида узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида ўзбекистонлик экспортёрлар билан алоқа ўрнатишдан манфаатдор эканликларини қайд этишди. «Litco Container Line» компанияси денгиз орқали икки давлатга юк ташиш ва етказиб бериш бўйича логистика хизматларини таклиф қилди ва ўзбекистонлик экспортёрларни компания имкониятларидан хабардор қилиш борасида амалий ёрдам сўради.
Йиғилиш якунида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти соҳасида ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш учун “Dsak Group of Companies» вакиллари билан онлайн музокаралар ўтказишга қарор қилинди.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!