EastFruit таҳлилчилари Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларининг халқаро савдосида жуда муҳим ва узоқ кутилган тенденцияга эътибор қаратишди – 2021 йилнинг 1 январидан 20-октябрига қадар музлатилган сабзавот ва мевалар экспорти ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 2,5 баравар ошган. Бундан ташқари, музлатилган мевалар экспорти тизимида юқори нарх тоифасидаги маҳсулотлар томон силжиш кузатилди.
Ўзбекистон Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, музлатилган сабзавотлар экспорти музлатилган мевалар экспортига нисбатан тезроқ ўсган. Ўзбекистондан чуқур музлатилган сабзавотлар экспорти мазкур даврда 7,6 минг тоннага етди ва ҳажм бўйича 2,5 баробар, қиймат бўйича 2,6 баробар ўсди. Музлатилган мевалар ва резаворлар экспорти эса 4,7 минг тоннага етди, улар ҳажм бўйича 2,1 баробар, қиймат бўйича 2,5 баравар ўсди.
Жадвал: 2021 ва 2020 йилларнинг 1 январидан 20 октябрига қадар бўлган даврда Ўзбекистондан музлатилган сабзавот, мева ва резаворлар экспорти (Ўзбекистон Божхона қўмитаси маълумотлари асосида):
1 янв – 20 окт, 2021 | 1 янв – 20 окт, 2020 | Нисбатан ўзгариши, % | ||||
Экспортнинг жисмоний ҳажми, минг тонна | Экспорт тушумлари, млн. долл. | Экспортнинг жисмоний ҳажми, минг тонна | Экспорт тушумлари, млн. долл. | Экспортнинг жисмоний ҳажми | Экспорт тушумлари | |
Музлатилган сабзавотлар | 7,6 | 5,4 | 3 | 2,1 | 153% | 157% |
Музлатилган мевалар | 4,7 | 6 | 2,2 | 2,4 | 114% | 150% |
EastFruit маълумотларига кўра, музлатилган мева ва резаворлар тоифасида Ўзбекистоннинг асосий музлатилган экспорт маҳсулоти гилос бўлди. Хусусан, 2021 йилнинг январь-август ойларида Ўзбекистон Россияга 2,2 минг тонна музлатилган гилос экспорт қилди, бу ўтган йилнинг шу давридаги экспорт ҳажмига нисбатан бир ярим баробар кўпдир. Бундан ташқари, бошқа музлатилган данакли мевалар ҳам экспорт қилинди, уларнинг нархлари жорий йилда ўтган йилга нисбатан юқори бўлди, бу эса тушумнинг ўсиш суръатлари ҳажмдан ошиб кетишига олиб келди.
Қизиғи шундаки, Ўзбекистон Россияга илк бор музлатилган малина экспорт қилди. Бу йил малинанинг юқори нархлари ҳисобга олинган ҳолда мамлакатда ушбу резавор экилган майдонлар кенгайиб бораётгани ҳақида ёзган эдик. Россия эса жаҳон бўйича энг тез ўсиб бораётган иккинчи музлатилган малина бозоридир.
Шунга қарамай, кўриб турганингиздек, Ўзбекистондан музлатилган мевалар экспортида резаворлар улуши замонавий ва қимматроқ тоифа бўлишига қарамай, ниҳоятда пастлигича қолмоқда.
Музлатилган сабзавотлар тоифасида экспортнинг энг катта ўсиши музлатилган булғор қалампири ҳиссасига тўғри келди. Хусусан, Ўзбекистоннинг музлатилган сабзавотлари учун асосий бозор бўлмиш Россияга 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 3 баробар кўп музлатилган булғор қалампири етказиб берилди. Брокколи ва гулкарам сингари музлатилган карам экспорти ҳам тез суръатлар билан ўсди. Музлатилган сабзавотларнинг ушбу тоифаси экспорт ҳажми бўйича асосийси бўлиб қолди, 2021 йилнинг январь-август ойларида Ўзбекистондан Россия Федерациясига музлатилган брокколи ва гулкарам етказиб бериш икки баробар ошди.
«Музлатилган сабзавотлар ва мевалар категорияси глобал миқёсда мева-сабзавот бизнесининг энг истиқболли сегментларидан биридир. Бу сегмент, менимча, жуда узоқ вақт ва барқарор ўсиши мумкин. Чунки жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида музлатилган сабзавот ва меваларнинг озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлашда ҳам, пазандачилик соҳасида ҳам фойдаланиш учун катта афзалликлари ҳамда қулайликлари борлиги ҳозирча англаб етилмади. Ўзбекистон эса мева-сабзавотларни музлатувчилар учун ҳақиқий «клондайк» ҳисобланади, чунки, бу ерда қуруқ моддаларга бой, ажойиб таъм сифатларига эга анча арзон мевалар мўл-кўлдир. Бундан ташқари, сабзавот, мева ва резаворларни чуқур (шок усулида) музлатишнинг ривожланиши Ўзбекистонда резавор ва сабзавотлар етиштиришнинг янги майдонларини ташкил этишга катта туртки бўлиши ва бунинг натижасида кўплаб янги иш ўринлари яратилиши, экспорт тушуми кескин ошиши мумкин”, дейди Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қошидаги Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг инвестицион департаменти иқтисодчиси Андрий Ярмак.
Ва EastFruit таҳлилчилари Ўзбекистондан музлатилган мева-сабзавот экспорти ривожланишини ёқлашмоқда, улар бу фақат биринчи қадамлигини ва ушбу бозорнинг салоҳияти худди аввалгидек жуда катта эканини айтишмоқда.
Агар жорий йилда Ўзбекистондан музлатилган сабзавот, мева ва резаворлар экспорти қарийб 15 минг тоннага етиши мумкин бўлса, унда, масалан, Польша ҳар йили 800 минг тоннага яқин музлатилган мева ва сабзавотлар экспорт қилиб, салкам 1 миллиард доллар даромад олмоқда. Яъни, ҳатто ҳажм бўйича Польша экспорти Ўзбекистондаги музлатилган мева-сабзавотлар экспортидан 50 баробар кўп. Шунинг баробарида Польшада хом ашё қимматроқ, Ўзбекистонда эса музлатиш учун хом ашёнинг сифат кўрсаткичлари анча юқори бўлиши мумкин.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!