ФАО инвестицион маркази иқтисодчиси Андрий Ярмак олма етиштирувчилар учун жорий мавсум қандай кечиши ва келгуси йилларда бозордаги вазият, Шарқий Европа, Кавказ ҳамда Марказий Осиё мамлакатларидаги глобал ва минтақавий тенденциялар ҳақида EastFruit халқаро таҳлилий платформаси ташкил этган “Олма бўйича прогнозлар — 2022” бизнес ва саноат вакиллари экспертларининг онлайн учрашувида сўз юритди.
Мавсумнинг асосий муаммолари
Тақдимот аввалида Андрий Ярмак Шарқий Европа ва Марказий Осиёнинг 10 та давлати фермерлари ўртасида жорий йилнинг асосий муаммолари бўйича ўтказилган сўровнома натижалари билан ўртоқлашди.
Ўзбекистон ва Қирғизистон вакилларидан ташқари барча ишлаб чиқарувчилар тилга олган асосий муаммо — Украинадаги уруш ва бу минтақадаги савдо-сотиқ, олма ва бошқа товарлар логистикаси билан боғлиқ вазиятни буткул издан чиқаргани ҳақида бўлди.
Қайдлар частотаси бўйича олманинг арзонлиги ва ушбу маҳсулот бўйича ортиқча таклифлар иккинчи ўринда бўлди. Бу кутилган ҳолат эди, чунки биз маҳсулот етиштириш прогнозларини эълон қилганмиз ва Марказий Осиё ҳамда Кавказ мамлакатларида рекорд даражадаги олма ҳосилини кутмоқдамиз. Паст нархлар сабаблари, Украина ҳамда Молдовадаги савдо-сотиқ билан боғлиқ муаммолар эса бошқа масала, бу ҳақида кейинроқ ёзамиз.
Шунингдек, кўплаб боғбонлар ўғит ва ўсимликларни ҳимояловчи воситалар нархи кескин кўтарилганини айтишди. Бу олма етиштириш таннархи ошишига, минтақада ушбу турдаги мева сифати пасайишига олиб келди, чунки, ҳамма ҳам олма боғларини зараркунандалар ва касалликлардан ҳимоялаш учун ўсимликларни ҳимояловчи воситаларни ўз вақтида сотиб олиш имкониятига эга эмас эди.
Шунингдек, логистика мураккаблиги ва қимматлиги, айниқса, Қозоғистон экспортёрлари томонидан россиялик савдо шерикларининг ишончли эмаслиги ҳақида кўплаб шикоятлар келиб тушди. Хусусан, экспортёрлардан бири россиялик ҳар 10 харидордан 9 нафари етказиб берилган олма учун умуман ҳақ тўламагани ёки тўлов шартларини сезиларли даражада бузганидан шикоят қилди.
Табиийки, Россиянинг Украинадаги жанговар ҳаракатлари оқибатида нафақат савдо, балки мева истеъмолига ҳам салбий таъсир кўрсатган минтақадаги беқарорликнинг улкан даражаси барчани хавотирга солмоқда.
Минтақамизнинг жаҳон олма бозоридаги улуши
Андрий Ярмак, даставвал, минтақамиз жаҳон олма бозоридаги энг муҳим ўйинчи эмаслигига, лекин унинг жаҳон савдосидаги улуши ортиб бораётганига эътибор қаратди.
Жаҳон сархил олма бозорининг энг йирик ўйинчилари мавсум «дарча»сининг афзалликларига эга бўлган Жанубий Яримшар мамлакатлари ҳисобланади. Булар, биринчи навбатда, Чили, Жанубий Африка, Янги Зеландия, Аргентина ва камроқ даражада Бразилиядир. Улар улуши жаҳондаги барча олма экспортининг учдан бир қисмини ташкил қилади.
Хитой олмани экспорт қилишдан кўра кўпроқ ички бозорда сотади. Бироқ, бу унинг глобал савдодаги улуши 18 фоизни ташкил этган алоҳида мамлакатлар орасида жаҳон етакчиси бўлиб қолишига тўсқинлик қилмайди. Яъни, Хитой ва Жанубий Яримшар жаҳон сархил олма савдосининг қарийб ярмини назорат қилади.
Эрон экспорт бўйича Хитойни деярли ортда қолдирди, бироқ бу мамлакатда олма сифати билан боғлиқ муаммолар, шунингдек, маҳсулот етиштириш ҳажми беқарорлиги ўткир муаммо бўлиб турибди. Қўшма Штатлар деярли Эрон каби олма экспорт қилади, аммо Америка олмаси маркетингга самарали сармоя киритишнинг ёрқин намунасидир. У етарлича қиммат ва жаҳондаги энг даромадли бозорларда сотилади.
Европа Иттифоқи мамлакатлари ЕИдан ташқарида кўп олма сотмайди, аммо бу мамлакатлар ўртасидаги ички савдо Жанубий Яримшарнинг умумий экспортига тенгдир.
Туркия экспорт ҳажмини фаол равишда оширмоқда, бу йил ҳам рекорд ҳосил кутиляпти. Ҳозиргача Туркиянинг жаҳон экспортидаги улуши 6 фоиз атрофида бўлган эди, бироқ бу йил мазкур кўрсаткич 8 фоизга етиши мумкин.
Украина ва Молдовага жаҳон экспортининг қарийб 5 фоиз улуши тўғри келади, аммо бу йил ушбу рақам сезиларли даражада пасайиши мумкин. Дарвоқе, айнан Туркия Украина ва Молдова 2022/23 йилги мавсумда экспорт қила олмайдиган ҳажмларни “эгаллаб олиши” мумкин.
Бутун Марказий Осиё ва Кавказ давлатларининг улуши ҳам 2 фоиздан ошмайди.
Асосий ҳудудлар бўйича маҳсулот етиштириш, экспорт ва импорт ҳажми ўзгариши прогнозларига тўхталадиган бўлсак, улар қуйидаги диаграммада келтирилган.
Глобал прогноз оптимистик эмас. Нега?
“2022 йилда глобал олма етиштириш ҳажми кескин камайиши мумкин, бу, биринчи навбатда, Хитой, АҚШ ва Жанубий Яримшарда маҳсулот етиштириш ҳажми пасайиши туфайлидир. Нега 2022/2023 йилги мавсум минтақамиз боғбонлари учун яхши бўлмаслиги мумкин, деяпмиз?! Гап шундаки, барча бозор мутахассислари олмага нисбатан талабнинг глобал пасайишини башорат қилмоқда. Олма аҳоли дастурхони учун у қадар муҳим маҳсулот эмас. Ҳозирги вақтда истеъмолчи харажатларининг деярли барча турлари кўпайди, хусусан, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ва асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошди. Шу боис, кўпчилик олма каби у қадар муҳим бўлмаган маҳсулотларга талаб камайиши мумкинлигини айтмоқда. Дарвоқе, мен бу фикрда унчалик қатъий турмаган бўлардим. Менимча, талаб ҳақиқатан ҳам камаяди, лекин унчалик камайиб кетмайди, чунки, олма истеъмол қилинадиган ва етиштириладиган мамлакатлардаги барча мевалар ичида энг арзонидир. Шу маънода, биринчи навбатда, меваларнинг қимматроқ тоифалари «азият чекиши» мумкин«, дея қайд этди Андрий Ярмак.
“Олма экзотик ва қиммат маҳсулот саналадиган ҳудудлар, яъни, ривожланаётган мамлакатларда маркетинг билан боғлиқ муаммолар бўлиши мумкин. Европа Иттифоқи бозорига келсак, олма бўйича таклифлар ортиғи билан. Бу йилги мавсумда Европа Иттифоқи мамлакатлари сўнгги уч йилдаги энг катта ҳосилга эга бўлди ва бу сўнгги 5-10 йилдаги ўртача кўрсаткичдан сезиларли даражада юқоридир. Шунингдек, бу йил аввалги мавсумдаги олма захиралари ўтган йилга нисбатан икки баробар кўп. Илгарироқ «кулранг каналлар» орқали амалга оширилган Россия Федерациясига экспортнинг тўхтатилиши ҳам бозорга салбий таъсир қилади, чунки, масалан, Польшадан таклифларнинг катта қисми ҳали ҳам Россия бозорига кетган. Мисрга олма етказиб бериш истиқболларининг ёмонлашуви бундан ҳам ёқимсизроқ, бу сўнгги йилларда ўзига хос нажотга айланди, айниқса, Польша олмалари учун”, дейди иқтисодчи.
Табиийки, Европа Иттифоқи олмаси бутун минтақа бозорига босим ўтказади. Зеро, худди ўша Польша Европа Иттифоқига аъзо бўлмаган Марказий Осиё мамлакатларига ҳам, Шарқий Европа мамлакатларига ҳам кўп миқдорда олма экспорт қилади.
Марказий Осиё мамлакатларида — олма етиштириш даражаси юқори, аммо сифат паст
Андрий Ярмак қайд этганидек, Марказий Осиё мамлакатларида маҳсулот етиштиришнинг кескин ўсиши кузатилмоқда (450 минг тоннадан зиёд!). Бироқ, шу билан бирга, экспорт кескин пасайди, чунки, Россия Федерациясидан талаб жуда ҳам камайган, бошқа савдо бозорлари эса йўқ ва келгусида ҳам бўлиши даргумон.
“Олма сифати паст бўлади ва бунинг бир неча сабаблари бор: офтоб уриши, ўсимликларни ҳимояловчи воситаларнинг баланд нархи. Айнан шу боис, олма одатдагидан ёмонроқ сақланади. Демак, нархлар совуқ бошланишига қадар жуда паст бўлади, шундан сўнг нарх, айниқса, сифатли олма учун кескин кўтарилиши мумкин. Қайта ишлашга олма етказиб бериш кескин ўсади, олма концентрати кўпроқ бўлади. Импорт ўтган йилги даражада қолиши ёки ҳатто Молдова ва Туркияда юқори сифатли олмага қизиқиш ортиб бораётгани ва ҳосил кўплиги туфайли ўсиши мумкин”, дейди Андрий Ярмак.
Шунингдек, у ушбу минтақада аҳоли маҳаллий боғбонлар илгари таклиф қилмаган сифатли маҳсулотлар учун пул тўлашга тайёр эканлигини таъкидлади. Қиш мавсумида юқори нарх сегментидаги олма савдоси ҳажми ўсишда давом этмоқда, бу эса маҳаллий боғбонлар олманинг сифат кўрсаткичларини яхшилашга кўпроқ эътибор қаратишлари кераклигини англатади. Зеро, бу уларга олмани ҳозиргидек жуда паст нархларда сотишдан кўра анча яхши даромад орттириш имконини беради.
Кавказ мамлакатлари: олма етиштириш даражаси юқори, нархлар арзон, шунга қарамай, мавсум муваффақиятли бўлиши мумкин
Кавказ мамлакатларида ҳам олма етиштириш даражасининг кескин ўсиши кузатилмоқда (90 минг тоннадан зиёд!). Ва бу ерда ҳаммаси аниқ-тиниқ — рекорд даражада маҳсулот етиштириш ҳажми фонида нархлар паст бўлади. Бироқ, яқинда Молдовадан Россияга олма етказиб бериш таъқиқлангани Грузия ва минтақанинг бошқа мамлакатларидаги боғбонлар учун ушбу муваффақиятли якунлаш имконини беради.
Молдова ҳар йили Россия бозорига 100 минг тоннадан зиёд сархил олма етказиб берар эди. Аммо Россия Федерациясида ҳам олмага талаб сезиларли даражада пасаймоқда, чунки, аҳоли бу мамлакатни фаол равишда тарк этяпти, ишсизлик даражаси ўсиб боряпти ва аҳолининг даромадлари тез пасаймоқда, аммо барибир кимдир энг йирик етказиб берувчи ўрнини босиши керак. Бу шуни англатадики, жорий йилда 50-60 минг тонна сархил олма (керагидан ортиқ даражада) етиштирган Грузия агар Россия ушбу мамлакатдан импортни таъқиқламаса, ўз маҳсулоти учун бозор топиши мумкин.
“Кавказ мамлакатларида олма сифати ўсимликларни ҳимояловчи воситалардан фойдаланиш камайгани сабабли бир йил аввалгига нисбатан бироз пастроқ бўлиши мумкин. Қайта ишлаш учун олма етказиб бериш кескин ўсади, олма концентрати кўпроқ бўлади. Олма импорти эса минималлигича қолмоқда”, дея прогноз қилди эксперт.
Сербия, Украина ва Молдова боғбонлари учун вазият оптимистик эмас
Андрий Ярмакнинг сўзларига кўра, Сербия, Украина, Молдова минтақасидаги боғбонлар учун вазият оптимистик даражада эмас. Украинадаги уруш, ўсимликларни ҳимояловчи воситаларнинг етишмаслиги, об-ҳаво шароити ва бошқа омиллар туфайли олма сифати ёмонлашади. Шунингдек, ушбу уч мамлакат экспорти ҳажми 150 минг тоннага камайиши ёки ундан ҳам кўпроққа пасайиши кутилмоқда.
Бундай шароитда боғбонлар қайта ишлашга умид қилишлари мумкин, аммо саноат олмаси нархи ҳам нисбатан паст бўлиши мумкин.
“Олма концентратининг жаҳон бозори «жонланмоқда», бироқ минтақамизнинг аксарият мамлакатларида саноат олмаси нархи ҳатто пасайиши мумкин. Асосий сабаблар — логистика ва энергия харажатлари кескин ошишидир. Олма концентратини ишлаб чиқариш эса энергия талаб қиладиган жараён. Албатта, агар жаҳонда нархлар тез суръатлар билан ўсишда давом этса, саноат олмаси нархи пасаймаслиги мумкин, аммо нарх ўсишига ҳам кўп ишониб бўлмайди”, дейди Андрий Ярмак.
Эксперт Молдовадан Россияга олма ва бошқа меваларни етказиб бериш бўйича эмбарго ҳақида ҳам қайд этди, бу эса Молдова боғбонларини қийин аҳволга солади. Гап шундаки, олма экспорти географиясини ўзгартириш учун ушбу мамлакатда нав таркибини ҳам, олма етиштириш технологиясини ҳам, уни қўшимча ишлов бериш тизимини ҳам тубдан ўзгартириш зарур. Буни 1-2 ой ичида амалга ошириб бўлмайди — ушбу саъй-ҳаракатлар йиллар ва юзлаб миллион долларлик янги инвестициялар талаб қилади.
Бироқ, стратегик нуқтаи назардан, мазкур ўзгаришлар Молдовага олма экспортидан кўпроқ даромад олиш имконини беради, чунки сифатли олма учун собиқ МДҲдан ташқаридаги импортёрлар анча юқори нарх тўлайди.
Олма бизнесининг глобал муаммоси уни етиштириш ҳажми керагидан ортиқ даражада эканлигига боғлиқ эмас
Глобал олма бозорининг келгуси йиллар учун прогнозларига келсак, ФАО инвестицион маркази иқтисодчиси яқин келажакда боғбонларни ҳеч қандай яхши натижа кутмайди, деб ҳисоблайди.
“Айни пайтда жаҳон бўйича олма боғлари майдони ўсишда давом этмоқда. Бу тенденция бозорда сўнгги 8-9 йилдан буён сақланиб турибди. Боғлар майдони кенгаймоқда, ҳосилдорлик ҳам ошиб боряпти, лекин олма истеъмоли ўсмаяпти. Олма етиштириладиган ривожланган мамлакатларда унинг истеъмоли ҳатто камайиб бормоқда. CОVID-19 пандемияси даврида талаб бироз ўсиши кузатилди, бу тез орада истеъмолнинг доимий пасайиш тенденциясига айланди. Олма қиммат экзотик маҳсулот саналадиган Жануби-Шарқий Осиё ва Африка мамлакатларига умид қилса бўлади. Ушбу мамлакатларда истеъмол салоҳияти тушмаган, аммо, умуман олганда, шуни қайд этиш жоизки, олма бўйича таклиф ўсиши унга бўлган талаб ўсишидан ошмоқда ва бу маҳсулотнинг жаҳон савдоси логистика харажатлари ортиб бораётгани фонида тўхтаб қолмоқда ёки ҳатто пасайиб бормоқда«, дейди Андрий Ярмак.
Олмани муваффақиятли сотиш учун қимматроқ сегментларга эътибор қаратиш керак, дея ҳисоблайди у. Паст нарх сегменти ҳозир «жуда гавжум» ва вазият мураккаблашиб бораверади.
“Олма ҳар хил бўлади. Агар илгари премиум сифатли олма муайян бир калибр, жозибали товар кўриниши, максимал рангга эга, механик шикастланмаган, шунингдек, зараркунандалардан азият чекмаган олма ҳисобланган бўлса, ҳозир фақат муайян клуб навлар премиум сифатли ҳисобланади. Қолган барчаси сифати мукаммал бўлса ҳам, «оммавий» тоифага киради. Бугунги кунда олманинг глобал муаммоси уни етиштириш ҳажмига боғлиқ эмас. Муаммо паст сифатли олма етиштиришнинг ҳаддан зиёдлигидадир”, дея хулоса қилди Андрий Ярмак.
Олма бизнеси иштирокчиларининг EastFruit ташаббуси билан ўтказилган “Олма бўйича прогнозлар — 2022” халқаро онлайн учрашуви — бозордаги вазият ва истиқболлар ҳақидаги видеони Youtube-каналимизда томоша қилинг!
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!