Бош саҳифаЯнгиликларОб-ҳаво аномалиялари Ўзбекистонда олма ҳосилига қандай таъсир қилди?
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Об-ҳаво аномалиялари Ўзбекистонда олма ҳосилига қандай таъсир қилди?

EastFruit мутахассислари билан суҳбатда «Fruit House Organics» директори ва интенсив боғдорчилик бўйича мутахассис Шуҳрат Аброров 2021 йилги об-ҳаво сюрпризлари Ўзбекистонда олма ҳосилига қандай таъсир қилгани ҳақида сўзлади. Шунингдек, у ўз кузатувларига асосланиб, олманинг қайси навлари Ўзбекистонда етиштирилганда яхши натижа бериши мумкинлигини баён этди.

«Албатта, Ўзбекистонда кузатилаётган об-ҳаво аномалиялари – қиш фаслидаги кескин исиш ва шу йилнинг февраль ойи охири, мартнинг ўрталарида кузатилган совуқ 2021 йилги олма ҳосилига салбий таъсир кўрсатди. Бироқ, зарар миқдори бўйича вазият ҳудудлар кесимида турлича.

Шу билан бирга ушбу муҳим жиҳатни қўшимча қилиш зарурки, солкашлик (мевали дарахтларнинг даврийлик хусусияти) туфайли баъзи боғларда ҳосилдорлик паст  ёки умуман йўқ бўлган бўлиши мумкин. Бу вазиятни совуқнинг таъсири билан аралаштириб юбормаслик керак, зеро, шу туфайли кўплаб боғбонлар нотўғри хулосага келмоқда. Чунки, ўрик ва бодом экилган қўшни боғларда ҳосил нормал ҳажмда бўлсаю, олма боғларида бундай бўлмаса, бундай вазият мутлақо мантиқсиз кўринади», – дея қайд этди эксперт.

Шуҳрат Абороровнинг сўзларига кўра, мевалар етилган даврда бу совуқларнинг олма ҳосилига энг катта таъсири Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида сезилди. Шу билан бирга, мазкур вилоятларда бу манзара тумандан-туманга турлича экани кузатилади:

– Тошкент вилояти бўйича – Қибрай, Юқоричирчиқ ва Паркент туманларида совуқ олма ҳосилига катта зарар етказди, аксинча, Ўртачирчиқ ва Янгийўл туманларида эса бу совуқлар сезиларли зарар еткизмади;

– Жиззах вилояти бўйича – Бахмал ва Зомин туманларида боғбонлар бу йил олмадан яхши ҳосил олишди. Аммо вилоятнинг бошқа туманлари ҳақида бундай деб бўлмайди;

– Самарқанд вилояти бўйича – Ургут туманининг олма боғларида ҳосил сақланиб қолган, аммо Жомбой туманида эса ҳосил йўқотилган боғлар ҳам бор.

«Ҳисоб-китобларимга кўра, ўртача кўрсаткичлар бўйича олиб қарайдиган бўлсак, юқоридаги ҳудудларда олма ҳосили ўтган йилгидан паст даражада. Бу вилоятлардаги бир қатор олма боғларида ҳосил жуда кам, лекин ушбу вилоятларнинг тоғли ва тоғ олди ҳудудларида олма ҳосили яхши экани кузатилмоқда», – деди Шуҳрат Аброров.

Эксперт, шунингдек, олма ҳосили ўтган йилги даражадан паст бўлмаган ҳудудларни ҳам санаб ўтди: «Fruits House Оrganics жамоаси бориб кўрган Хоразм вилоятидаги олма боғларида айтарли ҳеч қандай зарар аниқланмади. Қорақалпоғистонда ҳам ҳосил одатдагидек, ушбу ҳудудда ҳам ҳосил яхши эканлигин қайд этилди. Бунинг сабаби шундаки, об-ҳаво аномалиялари мазкур ҳудудларни деярли четлаб ўтди, 2021 йилда мазкур ҳудудларда кузатилган кечки баҳор ҳам ўз ролини ўйнади. Қолаверса, Фарғона водийсининг олма боғларида ҳам ҳеч қандай зарар кузатилмади», – дейди Шуҳрат Аброров.

Эксперт Ўзбекистон иқлим шароитида етиштирилганда яхши натижалар кўрсатган олма навларини қайд этди: эртаги навлардан – «Сўх гўзали», ўртапигшар ва кечки навлардан – Gala, Golden, Jeromine, Pink Lady, шунингдек, For Lady кабиларни қайд этиш мумкин.

EastFruit мутахассислари Pink Lady – бу олманинг клуб нави бўлмиш – «Crisp Pink» навининг савдо белгиси эканлигини қайд этишмоқчи. Бренд ва навнинг барча ҳуқуқлари Ғарбий Австралия Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат департаментига (DAFWA) тегишлидир. Олманинг ушбу турини етиштириш ва сотиш, шунингдек, «Pink Lady» маркасидан лицензиясиз фойдаланиш маън этилади. Муаллифлик ҳуқуқи соҳиби олма билан боғлиқ таклифни қатъий назорат қилади ва бренд рекламасига сармоя киритади. Шу боис, ўзбек боғбонлари халқаро қонунчилик бузилишининг олдини олиш учун «Crisp Pink» навини етиштиришнинг ушбу муҳим жиҳатига эътибор қаратишлари лозим.

Экспертнинг сўзларига кўра, олманинг «For Lady» навини Ўзбекистонда етиштириш учун ажойиб имкониятлар мавжуд, чунки, унинг товар кўриниши чиройли ва қип-қизил, иссиққа чидамли, сувли, қарсилдоқ ва иссиқ ҳудудларда ҳам қизара олади.

Бу йил олмаларнинг ўртача нархи ўтган йилгига нисбатан баланд, бу айниқса, эртаги навларга кўпроқ тегишли. Масалан, июнь ойи охирида – «Сўх гўзали» навининг йиғим-терим мавсуми бошида олмаларни фермерлар даладан 15 000 сўм/кг (1,42 доллар)дан сотишди. Кейинчалик нархлар аста-секин пасайди ва йиғим-терим мавсуми охирига келиб, нархлар 7 000-8 000 сўм/кг (0,65-0,75 доллар)гача тушди.

Gala, Golden, Jeromine ва Pink Lady навлари ҳақида гапирадиган бўлсак, бу йил ушбу олмаларни боғлардан етказиб бериш нархи олма сифати ва калибрига қараб, ўтган йилгидан 20-30% юқоридир.

«Fruits House Оrganics» компанияси Тelegram-каналини ишга туширган. Ушбу каналда фермерлар, боғбонлар учун интенсив боғларда олма ва бошқа меваларни етиштириш бўйича маслаҳат ҳамда тавсиялар жойлаштирилади.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Марказий Осиё боғбонлари қора смородинани йошта билан, қизилини эса калина билан адаштиришмоқда!

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин