EastFruit мутахассислари ёз фаслида Ўзбекистон бўйлаб ҳаво ҳарорати юқори бўлиши сабабли помидор ва бодринг етиштириш қийин эканлигига эътибор қаратишмоқда. Бу пайтда кўплаб иссиқхона мажмуалари ишлаб чиқариш циклини тўхтатишга мажбур бўлади, маҳсулот экспорти, шунингдек, унинг сифат кўрсаткичлари кескин пасаяди. Шу билан бирга, юқори ҳарорат очиқ ерда бодринг ва помидорни бутунлай қуритиб қўйиши мумкин. Бу муаммонинг ечими бор, албатта.
“Фикримиз парадоксал туюлиши мумкин, аммо Ўзбекистондаги супермаркетлар тармоғи учун жазирама ёз фаслида иссиқхона бодринги ва помидорини харид қилиш қишга нисбатан қийинроқдир. Ушбу даврда тармоқларга етказиб берилаётган помидор ва бодринг сифати кескин пасаяди. Бу бир томондан паст сифатли маҳсулотлар етиштириш ҳажмининг ошишига, иккинчи томондан эса унинг савдоси кескин пасайишига олиб келади«, дейди БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) инвестицион департаменти иқтисодчиси Андрий Ярмак.
“Ушбу ҳодисанинг сабаблари ёз фаслида Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати ҳаддан зиёд кўтарилишидир ва бу иссиқхоналарни совутиш заруратига олиб келади. Табиийки, совутиш анча қимматга тушади. Худди шу пайт бозорда очиқ дала бодринги ва помидори пайдо бўлади, улар арзон, сифати ҳам шунга мос: қуёш куйдириши, зараркунандалар ва касалликлар шикастлаши туфайли бундай маҳсулотлар жуда тез бузилади. Шунинг учун уни супермаркетлар тармоғида сотиш у қадар даромадли эмас. Бироқ, истеъмолчи бозор нархларини мўлжал қилади, яъни, иссиқхона помидори ва бодрингининг ҳам нархини пасайтириш керак, бу эса иссиқхонада маҳсулот етиштиришнинг норентабеллигига олиб келади«, дейди ФАО эксперти.
Шу сабабли, ёзги даврда юқори сифатли маҳсулотлар ва очиқ далада етиштирилган оммабоп маҳсулотлар нархида сезиларли фарқ мавжуд бўлади. Аммо агар ёпиқ ерда бодринг ва помидор етиштиришнинг у қадар қиммат бўлмаган ечими топилса, ўсимлик учун ҳарорат оптимал даражага яқинроқ бўлса, маҳсулот офтобда куймаса, сифати юқори бўлса-чи? Аслида, бундай ечимлар анчадан бери мавжуд, бироқ Ўзбекистонда улар унчалик маълум эмас. Бодринг, помидор, қалампир, бақлажон ва бошқа турдаги мева-сабзавотларни етиштириш учун нетхаузлар (ёки «нетхауслар») анчадан бери қўлланади, масалан, улар Исроил, Испания ёки Мексика каби иссиқ мамлакатларда бор. Ушбу нисбатан арзон конструкциялар иссиқ даврда етиштириладиган экинлар учун зарур ҳарорат режимини таъминлаш ва уларни зараркунандалар, касалликлар ҳамда қушлардан қисман ҳимоялаш имконини беради. Ва бу, ўз навбатида, сабзавотларнинг ҳосилдорлигини, сифатини ошириш, демакки, нархини сезиларли даражада кўтариш, шунингдек, ўсимликларни ҳимоялаш воситалари учун харажатларни камайтиришга имкон беради. Муҳими, нетхаусларда экспорт сифатли бодринг ва помидор етиштириш мумкин, бу Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларининг ташқи бозордаги мавқеини юксалтиради ва экспортдан қўшимча даромад олишга кенг йўл очади.
East Fruit таҳлилий платформасида чоп қилинган мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат ушбу материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Мазкур сайт саҳифаларида жойлаштирилган шарҳлар ҳамда блоглар муаллифларининг фикрлари таҳририят нуқтаи назари, фикри ва позициясини ифода этмаслиги мумкин.