Навоий вилояти Нурота туманида 200 гектар майдонда ёнғоқ плантациясини барпо этиш бўйича лойиҳа амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳага йўналтирилаётган сармоя миқдори 500 минг долларни ташкил қилади, дея хабар бермоқда EastFruit мутахассислари.
Нурота тумани ҳокимлиги томонидан хорижий капитал иштирокидаги “АNGORA АGRO INDUSTRIAL” масъулияти чекланган жамиятининг йирик ёнғоқ плантациясини яратиш ташаббуси маъқулланди. Мазкур компания асосчиси туркиялик инвестордир. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу лойиҳага жами сармоя миқдори 500 минг АҚШ долларини ташкил этади, деб хабар берди “Халқ сўзи” нашри. Ушбу манбага кўра, оқ мағизли ва юпқа пўстлоқли ёнғоқ плантациясини барпо этиш ҳақида сўз бормоқда.
— Ушбу боғ учун ер танлашда қарийб 1,5 минг гектар ердаги тупроқ ҳолатини ўргандик, — дейди турк инвестори Мусайид Фатин. — Шу асосда 200 гектар ер танланиб, айни мавсумда мазкур ер майдонига 50 минг туп ёнғоқ кўчати экишни режалаштирганмиз.
Эслатиб ўтамиз, EastFruit 2023 йилнинг январь ойи охирида Навоий вилоятидаги худди шу туманда умумий майдони 500 гектарлик плантацияларда лаванда ва наъматак етиштириш бўйича йирик лойиҳа амалга оширилаётгани ҳақида ёзган эди. Ушбу ўсимликларни қайта ишлаш орқали улардан мой олиш режалаштирилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 2,5 миллион долларга баҳоланмоқда.
«FHH GARDEN FLOWER» МЧЖ ташаббуси билан амалга оширилаётган мазкур лойиҳа икки босқичдан иборат. Шундан биринчиси, ер унумдорлигини ошириш, суғориш тизимини ўрнатиш, лаванда ва наъматак экиш ишларини ўз ичига олади. Иккинчи босқичда лаванда ва наъматакдан мой ишлаб чиқариш линияларини ўрнатиш, монтаж қилиш ва ишга тушириш кўзда тутилган. Корхона йилига 25 минг литр лаванда ва наъматак мойи ишлаб чиқаришни режалаштирган. Ва барча маҳсулотлар экспортга йўналтирилади.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!