2022 йилнинг 25 февраль, жума куни бўлиб ўтган йиғилишда Молдова Республикаси Фавқулодда вазиятлар комиссияси Молдова чакана савдосида “борш тўплами” сабзавотлари – пиёз, қизил лавлаги, оқ бошли карам, шунингдек, картошка ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларининг савдо устамасини чеклаш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу чора “асоссиз нархлар ошиши”ни чеклашга қаратилган.
Россия қуролли кучларининг қўшни Украинага кириб бориши ва у ердаги жанглар билан боғлиқ салбий хабарлар оқими таъсирида Кишинёвдаги супермаркетлар тармоғида узун навбатлар ҳосил бўлмоқда. Кундалик истеъмол қилинадиган ва узоқ муддат сақлашга мўлжалланган баъзи маҳсулотларга бўлган ажиотаж талаб туфайли алоҳида тармоқлар ходимлари нарх белгиларини тез-тез ўзгартиряпти ёки уларни пештахталардан бутунлай олиб ташламоқда.
«Чакана нархлар инқирози» билан боғлиқ қарор ҳозирча эълон қилингани йўқ. Шу сабабли, савдо устамаси айнан қандай рухсат этилган диапазонда белгиланиши ҳали аниқ эмас. Мева-сабзавот бозори операторлари бу 8-10% бўлишини тахмин қилишмоқда. Яъни, бу ижтимоий аҳамиятга молик товарларнинг илгари белгиланган тор рўйхатига тааллуқли савдо устамаси даражасидадир. Мазкур чеклов чораси фавқулодда ҳолатнинг 60 кунига қадар давом этадими ёки ундан ҳам қисқароқ муддатми – номаълум.
Айрим фермерлик ташкилотлари вакиллари буни ноаниқ чора деб ҳисобламоқда. Молдова супермаркетларидаги «борш тўплами»нинг қадоқланмаган сабзавотлари нархлари, айниқса, дискаунтер сифатида жойлаштирилганлари Кишинёвдаги кўплаб бозорларда сотиладиган нисбатан сифатли товарларга қараганда, мана, учинчи йилдирки, бироз паст. Агар тармоқ ритейлерлари савдо устамасининг маъмурий чекловига риоя қилса, мазкур факт, бир томондан, бозор нархларига босим ўтказади. Бошқа томондан эса бу худди пандемия авжига чиққан даврда шаҳар бозорлари ёпилганида бўлгани каби истеъмолчиларни супермаркетларга жалб қилишга ёрдам беради.
Бироқ, савдо устамасини жуда қатъий чеклаш салбий натижа бериши, яъни, ассортимент қисқариши ва дўконлар пештахталаридаги маҳсулотлар сифати пасайишига олиб келиши мумкин.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!