Европа инвестиция банки (ЕИБ) орқали Европа Иттифоқи томонидан қўллаб-қувватланадиган «Молдова боғдорчилиги» дастури бўйича маблағ олувчи фермерлар сони 2020 йилда пандемияга қарамай ортди. Масалан, ўтган йили берилган кредитлар ҳажми 2019 йилга нисбатан тўрт баравар кўп бўлиб, 23,7 миллион еврони ташкил этган, деб хабар бермоқда МОЛДПРЕС.
ЕИБ маълумотларига кўра, ўтган йили пулнинг катта қисми, яъни 9,6 миллион евро йиғим-теримдан кейинги инфратузилмани ривожлантиришга йўналтирилди.
«Шунингдек, 2020 йилда лабораториялар, таълим ва тадқиқотларга, шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлигини ривожлантириш учун инвестицияларга 6,6 миллион евро ажратилди. Боғлар ва узумзорлар яратиш, уларни кўчириш ёки қайта қуриш учун 4,1 миллион евро, қайта ишлаш корхоналарини ривожлантириш учун яна 1,4 миллион евро ажратилди», дейилади банк коммюникесида.
Шунингдек ўқинг: Молдовада бодринг нархи қулади
2020 йилда кредитлардан фойдаланишнинг ортишига сабаб бўлган омиллардан бири ўтган йиллардаги кучли қурғоқчилик бўлиб, бу деҳқонларга иқтисодий нуқтаи назардан яхши ҳосил олиш учун боғда томчилатиб суғориш усулини қўллаш лозимлигини англатди. Aгар аввалги йилларда ссуда олиш учун аризалар, асосан, совутиш камералари учун бўлса, энди суғориш тизимига тобора кўпроқ эътибор қаратилмоқда. 2020 йилда жами 552 гектар суғориладиган майдон учун 37 та лойиҳа молиялаштирилди.
«Кредит олиш учун аризалар сони кўпайишига сабаб бўлган яна бир омил Европа ва Россияда 2019 йилги ҳосилнинг пастлиги, шунингдек, COVID-19 сабаб юзага келган инқирознинг бевосита натижаси ўлароқ, Молдовада етиштирилган мевалар нархларининг кўтарилиши бўлди. Шу билан бирга, 2020 йилда кичик ва ўрта синф корхоналарининг пандемия оқибатларини енгишида ёрдам бериш учун ЕИБ Молдова корхоналарига 20 миллион евро миқдоридаги кредит линиясини очди. Бу Европа Иттифоқининг иш жойларини сақлаб қолиш, ликвидлик ва операцияларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Молдова Республикаси иқтисодиётини тиклашга қаратилган қўллаб-қувватлов жавоби эди», дейилади ЕИБ ҳужжатида.
«Молдова боғдорчилиги» – бу 120 миллион евролик кредит линияси бўлиб, у озиқ-овқат маҳсулотлари қийматини яратишнинг иқтисодий занжири бўйича барча фаолият турини қўллаб-қувватлайди. Фермерларни ўқитиш, йиғим-терим, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш – шулар жумласидандир. Дастур Европа инвестиция банки орқали Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилади.
Кредит линияси беш мингдан 5 миллион еврогача кредитлар, солиқ имтиёзларини тақдим қилади, шунингдек, инвестиция лойиҳасини ривожлантириш бўйича маслаҳатлар беради.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!