Мевалар ҳосилдорлиги кўрсаткичлари бўйича Грузия минтақада охирги ўринни эгаллади. ФАО маълумотларига қараганда, Грузияда 1 гектардан олинадиган меваларнинг ўртача ҳосилдорлиги қўшни мамлакатлардагига нисбатан бир неча баравар паст, деб ёзмоқда commersant.ge ахборот портали.
Хусусан, порталнинг маълум қилишича, Грузияда 1 гектар майдонда ўртача 4 тонна мева етиштирилади. Арманистонда эса ҳосилдорлик 3 баравар кўп бўлиб, 11 тоннани ташкил этмоқда. Бу борада минтақада Турки яққол устунлик қиляпти: кўрсаткич 17 тонна, Озарбайжода эса 12 тонна.
Иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Паата Арошидзенинг фикрича, Грузияда ҳосилдорликнинг пастлигига сабаб технологик қолоқликдир. Олимнинг сўзларига кўра, Исроил, Нидерландия, Германия ва АҚШ сингари дунёнинг етакчи мамлакатлари айнан технологияларни ривожлантириш орқали юксак муваффақиятларга эришган. Бу эса Грузия учун ҳамон муаммолигича қолмоқда.
“Технологик нуқтаи назардан бу ерда 30 йил аввалги ҳолат билан таққослаганда ҳеч нарса ўзгармаган. Қишлоқ хўжалиги, шу жумладан, боғдорчилик ҳали-хануз эски технологиялар билан ривожланмоқда. Ерга ишлов бериш, ҳосилни йиғиштириб олиш ва кейинчалик қайта ишлаш, дейлик, 40 йил олдин қандай бўлса, шундай бажарилади. Айни дамда, дунёнинг кўплаб мамлакатларида аграр соҳа инновациялар нуқтаи назаридан анча илгарилаб кетди. Германия, АҚШ, Нидерландия ёки Канадани олайлик. Улар бу муаммоларни айнан инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш орқали ҳал этишди. Агар биз ҳам шу йўлдан борсак, мавжуд муаммоларни бартараф этиш анча осон кечади. Аммо бугунги кунда биз нафақат ҳосилдорлик кўрсаткичлари 1 гектарга ҳисоблаганда Грузияга нисбатан 10 баравар юқори бўлган Европа мамлакатлари билан тенглаша олмаяпмиз, балки минтақа миқёсида энг охирги ўринда турибмиз. Бу эса мамлакатимиз учун катта муаммодир” дейди Арошидзе.
Шунингдек ўқинг: Грузия шафтоли экспортининг жорий йилдаги кўрсаткичи ўтган йилга нисбатан 45 фоизга ошиб бормоқда
Маълум бўлишича, Грузия дон экинлари ҳосилдорлиги бўйича ҳам Европа мамлакатларидан ортда қолиб кетган.
Грузия буғдой ва ун етиштирувчилар ассоциацияси раҳбари Леван Силагаванинг маълум қилишича, Грузияда 1 гектарга ҳисоблаганда дон экинлари ҳосилдорлиги Европадан 3,5 баравар паст.
“Бундай ортда қолиш айнан технологиялар етишмовчилиги оқибатидир. Бу дон экинлари бўйича. Бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари борасида янаям кўпроқ орқада қолиб кетганмиз. Агар биз билимлар ва технологияларни ишга солиб, ҳосилдорликни кўтарсак, яхши натижаларга эриша оламиз. Бу – узоқ муддатли стратегия. Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегик қарорларга таянмоғи лозим ва ушбу йўналишда иш олиб борилмоқда”, дея баёнот берди Силагава.
Бевосита меваларга тўхталадиган бўлсак, Миллий статистика хизматининг (“Сакстати”) маълумотларига кўра, 2020 йилда Грузия мева экспортидан $200 млн даромад кўрган. Манбанинг айтишича, мамлакатда цитрус мевалардан бошқа барча мева турлари етиштириш ҳажми ортган. Хусусан, уруғли мевалар 101,9 тонна етиштирилган бўлиб, бу аввалги йилдаги худди шу кўрсаткичдан 93,4% кўп демакдир.
Аммо, бу ижобий статистика ортида анчагина мураккаб манзара ётибди. Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларига қарамай, қишлоқ хўжалиги соҳаси олдида турган бош масала – озиқ-овқат хавфсизлиги мамлакат учун биринчи рақамли муаммолигича қоляпти, деб ёзади commersant.ge.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!