Бош саҳифаЯнгиликларМарказий Осиё мамлакатлари 2050 йилга бориб сув тақчиллигига дуч келади — бунинг олдини олиш мумкинми?
Янгиликлар

Марказий Осиё мамлакатлари 2050 йилга бориб сув тақчиллигига дуч келади — бунинг олдини олиш мумкинми?

Минтақавий ҳамкорлик етарли бўлмаган тақдирда, 2050 йилга қадар Марказий Осиё мамлакатлари суғориладиган сув тақчиллигига дуч келиши мумкин. Бу ҳақида Евроосиё тараққиёт банки (ЕТБ)нинг “Озиқ-овқат хавфсизлиги ва Евроосиё минтақасининг агросаноат салоҳияти юзага чиқиши” деб номланган докладида айтилган.

ЕТБ маълумотларига кўра, Марказий Осиё мамлакатлари учун тузилмавий чекловларнинг асосий манбаи сув ресурслари етишмаслиги ҳисобланади. Келгусида қурғоқчил мамлакатларда тақчиллик фақат кучаяди ва бу қишлоқ хўжалиги ерларини кенгайтириш имкониятларини чеклаши аниқ. Озиқ-овқат хавфсизлиги масаласини ҳал қилиш Марказий Осиё сув-энергетика комплексини бошқариш самарадорлигини ошириш ва сув тежовчи технологияларни қўллаш билан чамбарчас боғлиқ, деб ёзмоқда Аsia-Plus.

Банк мутахассисларининг қайд этишича, Марказий Осиё давлатлари иқтисодиёти — иқтисодиёт тармоқлари, биринчи навбатда, қишлоқ хўжалиги ҳамда саноатнинг юқори энергия ва сув сиғими билан ажралиб туради.

Орол денгизи ҳавзасидаги Марказий Осиё давлатларининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши азалдан сув ресурслари камайиб бораётган шароитда кечмоқда ва бу ҳолат минтақа мамлакатларининг давлатлараро муносабатларидаги асосий векторни белгилайди. Минтақада сув тақчиллиги кўп жиҳатдан қишлоқ хўжалиги ва саноатда сувдан фойдаланишнинг яхши ташкил этилмагани, шунингдек, сув хўжалиги инфратузилмасининг қониқарсиз ҳолати, техник хизмат кўрсатиш ва уни ривожлантириш учун ажратилаётган маблағлар етарли эмаслиги билан боғлиқ”, дейилади докладда.

Умуман олганда, Марказий Осиёда аҳоли жон бошига сув олиш совет даврига нисбатан икки баробар – 3500 м3 дан 2018 йилда 1540,7 м3 гача камайди.

Марказий Осиё мамлакатлари сув тақчиллигини бошдан кечирмоқда ва улар халқаро таснифда сув ресурслари билан “етарлича таъминланмаган” давлатлар тоифасига киради ( 1000 дан 1700 м3/киши бошига/йилига).

Марказий Осиёдаги вазият ривожининг мўътадил сценарийсига кўра, бу тренд узоқ муддатли истиқболга қадар давом этади.

Минтақавий иқтисодий ҳамкорлик етарли даражада бўлмаган тақдирда (шу жумладан, қониқарсиз сув-энергетика интеграцияси) 2050 йилгача Марказий Осиё мамлакатлари “сув тақчиллиги” ҳолатига яқинлашиши мумкин (1000 м3/киши бошига/йилига чегарасида 1296 м3/киши бошига/йилига). Сув таъминотининг ўта даражада тақчиллиги, мамлакатлар ўртасида сув ресурслари нотекис тақсимланиши ва минтақада ўсиб бораётган экологик муаммолар, энг аввало, ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва иқтисодий интеграцияни тақозо этади, дейилади докладда.

Шунингдек ўқинг: Ўзбекистон ва Молдовада сув танқислиги туфайли мева етиштириш кескин камайиши мумкин

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) маълумотларига кўра, Марказий Осиё мамлакатларида аҳоли жон бошига сув ресурслари етарли (тахминан 2,3 минг м3). Муаммо тақчиллик эмас, балки сувдан норационал фойдаланишдадир.

ФАО докладида айтилишича, Марказий Осиё давлатлари жаҳондаги энг яхши сув истеъмолчилари ўнталигига киради: Туркманистон (5319 м3/йилига), Қозоғистон (2345 м3/йилига), Ўзбекистон (2295 м3/йилига), Қирғизистон (1989 м3/йилига), Тожикистон (1895 м3/йилига). Бундан ташқари, Марказий Осиё мамлакатлари қишлоқ хўжалигида маҳсулот бирлигини олиш учун ривожланган мамлакатларникидан 2,5-3 баробар кўп сув сарф этилади. Бугунги кунда Тожикистон сув хўжалигида истеъмол қилинадиган сув ҳажмининг 92 фоизи суғориладиган деҳқончилик ва энергия билан қишлоқ хўжалиги эҳтиёжларига, 4 фоизи эса саноат ва коммунал хўжаликларга сарфланади. Айни пайтда Тожикистонда ичимлик суви билан боғлиқ муаммолар ҳам мавжуд.  Республика аҳолисининг қарийб 68 фоизи марказлаштирилган сув таъминотидан фойдалана олмайди. Республикада сув таъминоти тармоқларининг 30 фоизга яқини шунчаки ишламаяпти. Бундан ташқари, Тожикистонда, мутахассисларнинг фикрича, паррандачилик хўжаликлари эҳтиёжлари учун суғориш сувидан 61 баробар, Ўзбекистонда чорвачилик учун 10 баробар, Туркманистонда пахта хомашёсини етиштириш учун Хитойга қараганда 42 баробар кўп фойдаланилмоқда.

Хитойнинг Шэньси провинциясидаги Шимоли-ғарбий А&F университети мутахассислари ва Хитой сув хўжалиги вазирлиги ходимлари ҳам Марказий Осиё сув ресурсларидан фойдаланишда сезиларли исрофгарчиликка йўл қўйиладиган энг муаммоли минтақа деган хулосага  келишган. Хитойлик мутахассислар минтақа мамлакатларида сув ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш натижасида 56 фоиз сувни тежаш ва 387 миллион аҳолини озиқлантириш мумкинлигига ишонч билдиришмоқда.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Марказий Осиё боғбонлари қора смородинани йошта билан, қизилини эса калина билан адаштиришмоқда!

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин