Ўзбекистон пойтахтидаги чакана савдо тармоғида йилнинг биринчи янгилиги — довучча пайдо бўлди. Ҳозирча ушбу маҳсулот “Коrzinkа” супермаркетлар тармоғининг фақат битта дўконида 100 грамми 99 990 сўм нархда сотилмоқда, бу 1 кг учун 999 900 сўм дегани! Бошқача айтганда, мавсум янгилигининг чакана нархи бир килограмм учун деярли бир миллион сўмдир, дея хабар бермоқда EastFruit мутахассислари.
“Довучча” (шунингдек, «довча» деб ҳам аталади) — ўрикнинг пишиб етилмаган меваси Марказий Осиё мамлакатларида севимли газак бўлиб, умуман олганда, жуда фойдали маҳсулотдир. Қўшни Тожикистонда уни “ғўра” деб аташади.
Шуни қайд этиш жоизки, 2023 йилда биринчи довучча чакана савдода ўтган йилга нисбатан уч кун кечроқ пайдо бўлди, лекин ўтган йилга нисбатан роппа-роса 10 баробар юқори нархда! Ўтган йилларда биринчи довучча Ўзбекистон пойтахтидаги супермаркетлар пештахталарида қуйидаги сана ва нархларда сотувга чиққан:
2022 йил: 6 мартда 100 грамм учун 9 990 сўм нархда, бу 1 кг учун 99 900 сўм дегани;
2021 йил: 9-10 март кунлари 100 грамм учун ўртача 7500 сўм нархда, яъни, 1 кг учун 75 000 сўм;
2020 йил: 11 март куни 100 грамм учун 9 599 сўм нархда, яъни, 1 кг учун 95 990 сўм.
Юқоридаги маълумотлардан кўриниб турибдики, аввалги уч йилда биринчи довучча 6-11 март оралиғида чакана савдога чиққан ва унинг нархи 1 кг учун 75 000 сўмдан 99 900 сўмгача қайд этилган. Бу йил биринчи довучча ўтган йилги билан деярли бир вақтда — бир кундан уч кунгача фарқ билан чиққанига қарамай, унинг нархи ўтган йилларнинг шу даврига нисбатан 10-13 баробар юқоридир.
Ҳозирги кунда ҳаттоки Ўзбекистоннинг энг жанубий вилоятларида ҳам яшил ўрик ҳали шаклланиб улгурмаганини ҳисобга олсак, ушбу довучча импорт қилинган ёки мамлакатнинг жанубий ҳудудларида ёпиқ усулда етиштирилган, деб тахмин қилиш мумкин.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!