Хитойда саримсоқнинг янги мавсуми бошланди. Дастлабки партиялар экспортга июнь ойида жўнатилиши кутилмоқда. Саримсоқ етиштириладиган майдонларда йиғим-терим қизғин давом этмоқда. Маҳсулот сифати ўтган йилгидан юқори, ва 5,5-6 см калибрли саримсоқ миқдори анча кўп.
“Айни пайтда шандунлик фермерлар саримсоқ йиғим-теримини якунламоқда ва улар сабзавотни очиқ ҳавода қуритишни бошлаган. Ҳаво намликдан ҳоли, бу саримсоқни қуритишга ёрдам берди. Жорий мавсумда саримсоқ бошлари жуда йирик, уларнинг тахминан 60% -70%и 5,5 см, 6 см ёки ундан ҳам каттароқдир«, дейди Jining Shangzhuo Food Co., Ltd компаниясининг савдо ишлари бўйича менежери жаноб Wang.
Шандун провинциясида саримсоқ йиғим-терими тахминан 10 кундан кейин якунланиши кутилмоқда. EastFruitнинг FreshPlaza маълумотларига асосланган хабарига кўра, саримсоқ ортилган биринчи денгиз контейнерлари июнь ойи бошида ташқи бозорларга жўнатилади.
«Бу йил яхши ҳосил олдик. Қолаверса, ўтган мавсумда етиштирилган 1 миллион тоннага яқин саримсоқ захирада қолди. Шунинг учун саримсоқнинг экспорт нархи ўтган йилги нарх даражасидан пастлаши кутилмоқда. Жорий буюртмалар учун FOB нархи тахминан 950 долларни ташкил қилади, аммо ҳақиқий нарх мижоз талаб қиладиган қадоқлаш усулига боғлиқ бўлади. Турли хил қадоқлаш усулларида турлича харажатлар зарур”, дейди мутахассис.
Жаноб Wangнинг экспорт бозори тенденциялари ҳақидаги тахминлари сўралганда у шундай жавоб берди: “Март ойидан бошлаб юк ташиш нархи пасайиш тенденциясида. Циндао ва Европа ўртасидаги ҳозирги юк ташув нархи ҳар бир контейнер учун тахминан 8500 долларни ташкил қилмоқда. Харажатлар келгусида яна ҳам пасайиши кутиляпти, Украинадаги уруш ҳали тугамади, табиийки, бу омиллар саримсоқ бозорига таъсир ўтказиши мумкин. Қолаверса, бу йил жаҳон бозорида рақобат анча кучли«.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!