Бош саҳифаЯнгиликларХитой юқори сифатли маҳсулотлар импортини кенгайтирмоқда
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Хитой юқори сифатли маҳсулотлар импортини кенгайтирмоқда

Хитой хорижий ҳамкорлар билан ўзининг улкан бозори имкониятларини баҳам кўради — бу 5-Хитой халқаро импорт кўргазмаси (CIIЕ)нинг асосий ғояси бўлди. 145 мамлакатдан компания ва корхоналар иштирок этган мазкур кенг кўламли тадбир Шанхайда 2022 йилнинг 5-10 ноябрь кунлари бўлиб ўтди. Кўргазмадан жаҳондаги 500 та энг йирик компаниялар рўйхатига киритилган 280 дан зиёд ишлаб чиқарувчи ўрин олди, деб ёзмоқда EastFruit хорижий ОАВ хабарларига таяниб.

CIIЕ кўргазмасида турли маҳсулотлар ва хизматлар анъанавий равишда олтита асосий бўлимда тақдим этилди: озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, автомобиллар, ақлли саноат ва ахборот технологиялари, истеъмол товарлари, тиббий асбоб-ускуналар ва саломатлик маҳсулотлари, савдо ва хизматлар.

Бу йил CIIЕ кўргазмасида илк бор қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилиги учун махсус зона ташкил этилди. Унда уруғчилик селекцияси ва уруғ етиштириш бўйича инновацион ютуқлар намойиш этилди.

Бундан ташқари, кўргазма майдонида илк бор Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) мамлакатлари павильони шакллантирилди. Бу ерда ШҲТнинг саккизта мамлакатидан 208 турдаги маҳсулот намойиш этилиб, у ерда Ҳиндистон зираворлари, Эрон заъфарони, Озарбайжон анори каби маҳсулотларни топиш, татиб кўриш ва харид қилиш мумкин эди.

Ўтган йилларда ушбу кўргазма туфайли хорижий давлатларнинг кўплаб маҳсулотлари Хитой бозорида ўз харидорини топиб улгурди. Афғонистоннинг кедр ёнғоқлари шулар жумласидандир: “Ушбу кўргазмада иккинчи бор иштирок этяпман, бизнинг мамлакатдан заъфарон, қуритилган ўрик, кедр ёнғоқлари намойиш этилмоқда. Ушбу кўргазма туфайли хитойлик истеъмолчилар Афғонистон маҳсулотлари билан тобора кўпроқ танишмоқда. Шунингдек, хитойлик харидорлар учун онлайн-дўконлар очдик.  2022 йилнинг октябрь ойида, икки ҳафта ичида Хитойга Афғонистондан 107 тонна кедр ёнғоғи келтирилди. Биз ҳаво йўлаклари туфайли шундай тезлик ва имкониятларга эга бўлдик”, дея таассуротлари билан ўртоқлашди Афғонистон компанияси раҳбари Муҳаммад Аминзай.

Мазкур кўргазма кунлари Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси томонидан “Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларини Хитой бозорига экспорт қилиш имкониятлари” мавзусида онлайн тақдимот ўтказилди. “Дунё” Ахборот агентлигининг маълумотларига кўра, унда икки давлатдан – ўзбекистонлик экспортёр ва хитойлик импортёрлардан иборат 150 дан ортиқ компания иштирок этди. Ушбу тадбирдан кўзланган мақсад, Ўзбекистонда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти кўламини ошириш, маҳаллий корхоналарга салоҳиятли хорижий ҳамкорлар топиш ва ишончли экспорт шартномаларини тузишда кўмаклашишдир.

Тақдимотдан сўнг ўзбекистонлик экспортёрлар Хитой компаниялари вакилларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб беришди. Тадбир якунида ҳар икки томон “В2В” шаклда музокаралар учун маълумотлар алмашиниб, ўзаро алоқалар ўрнатишга муваффақ бўлди.

5-Хитой халқаро импорт кўргазмасида илк бор ташкил этилган қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилиги учун махсус зонасидан фотосуратлар:

 

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистонда мандарин нархи бир ҳафта ичида 37 фоизга арзонлашди

EastFruit

Ўзбекистонда банан истеъмоли юқори суръатлар билан ўсишда давом этмоқда

EastFruit

Янги E-kakashi технологияси ўзбекистонлик фермерларга картошка ҳосилдорлигини оширишда кўмак беради

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин