Бош саҳифаЯнгиликларХитой: янги олма навининг катта шуҳрат қозониши кутилмаган муаммоларга олиб келди
Янгиликлар

Хитой: янги олма навининг катта шуҳрат қозониши кутилмаган муаммоларга олиб келди

PremA280 олмаси — бу Янги Зеландия ўсимликлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари тадқиқотлари институти томонидан яратилган ҳамда Янги Зеландиянинг Prevar Limited компаниясига тегишли янги олма навидир. Бу нав Хитойда тижорий жиҳатдан ёрқин келажак ваъда қилмоқда, мамлакатнинг турли минтақаларидаги истеъмолчиларнинг дастлабки баҳолари жуда ижобий бўлди. Бозорда унга талаб йилдан-йилга ошиб бормоқда. Shenzhen SVM Variety Management Limitedнинг Хитойдаги офиси вакили Лян Чанг (Liang Chang) хоним янги PremA280 навининг ўзига хос сифатлари, унинг бозордаги истиқболлари ва ушбу олма Хитой бозорларида машҳурлик қозонгач пайдо бўлган муаммолар тўғрисида сўзлаб берди. Бу ҳақда FreshPlaza маълумотларига таянган ҳолда EastFruit ёзмоқда.

Лян хоним PremA280 олма навининг селекцияси тарихи ва ривожланиши ҳақида гапирди. «PremA280 ҳам худди машҳур Envy® ва Rockit® олмаларини чатиштириш дастурларидан келиб чиққан. Мазкур янги нав ўзининг товланувчи ташқи кўриниши, янги ва ширин мазаси, бой ифори ва чўзинчоқ шакли билан истеъмолчиларнинг эътиборини тортди. Аммо унинг бу қадар машҳур бўлиб кетиши айрим муаммоларни ҳам келтириб чиқарди, дейди Лян хоним. Ушбу навни Хитойда тижоратлаштиришга лицензиянинг экслюзив эгаси Shenzhen SVM Variety Management Limited компанияси ҳисобланади.

Мутахассиснинг айтишича, PremA280 илк бор Хитойда SVM компанияси томонидан 2010 йилда тақдим қилинган. Нав бутун Хитой бўйлаб олма етиштириладиган кўплаб минтақаларда баҳоланган. 2018 йил ноябрда ХХР Қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ районлари масалалари вазирлиги яратилган навни рўйхатдан ўтказишга рухсат берди. 2020 йилга келибгина ушбу навни экишни расман лицензиялашга қарор қилинди.

“Бизга маълум бўлишича, Юньнандаги баъзи боғларда PremA280 олмаларини етиштиришаётган ва сотишаётган экан. Жойлардан тўпланган маълумотларнинг кўрсатишича, 1333 гектар майдонни эгаллаган боғларда мазкур нав рухсатсиз етиштирилмоқда. Боғдан олиб кетиш нархи ҳар килоси учун 15 юань ($2,31)дан. Ушбу нав Longwei номи остида сотилмоқда, — деди Лян Чанг.

Shenzhen SVM Variety Management маълумотларига қараганда, сўнгги бир неча йил ичида бу қоидабузарлик туфайли компания ўн миллион юандан зиёд ($1,5 млн) даромадни ололмаган. Юньнанда олма ҳосилини йиғиштириб олиш мавсуми энди-энди бошланмоқда. Shenzhen SVM Variety Management ўз селекционерларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун барча ҳуқуқий чораларни кўришини ва барча маркетологларга Longwei ёки PremA280 ни лицензиясиз сотса, улар ҳам жавобгар бўлишини эслатди. Маркетологлар боғлардан мева харид қилишдан аввал олма навларини синчиклаб текшириши лозим. Хитойда янги навларни муваффақиятли ва барқарор тижоратлаштириш ўсимликлар селекционерларининг ҳуқуқларини ҳурмат қилишни ҳам талаб этади.

“Биз юристлар жамоасини ёлладик, улар барча учун маъқул ечим топиш учун тегишли томонлар билан ишламоқдалар. Аммо биз ўзимиз эга бўлган ҳуқуқларимиз бузилишига жавобан судда даъво қўзғаш ҳуқуқидан воз кечмаймиз”, дейди Лян хоним.

SVM мева навларига бўлган интеллектуал ҳуқуқларни бошқаришга ихтисослашган. Компания Питомникларнинг уюшган халқаро гуруҳи (AIGN) ҳамда Мева ва манзарали навлар селекционерларининг халқаро ҳамжамияти (CIOPORA) аъзоси ҳисобланади. SVM уруғли ва данакли меваларнинг Хитойга энг йирик импортёриҳамдир.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Маrlena қизил смородина бозорида янги лидерга айланадими?

EastFruit

Хитой Ўзбекистоннинг чегарадош ҳудудларида логистика марказларини ташкил этади

EastFruit

Испан селекционерлари бинафшаранг брокколи навини яратишди

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин