2021 йилги Картошка куни (Potato Day) бутун жаҳон картошка етиштирувчиларининг узоқ вақт ёдида қоладиган бўлди. Сенсациялар етарлича – тадбир давомида ботаник уруғдан етиштириш мумкин бўлган гибрид картошка тақдим этилди. Нега гибрид картошка мавзуси машҳурлик чўққисига чиққанлигини HZPSнинг Украинадаги ваколатхонаси директори Игор Чечитко EastFruitга берган эксклюзив интервьюсида сўзлаб берди.
– Яқинда HZPS компанияси ботаник уруғдан етиштириладиган гибрид картошкани яратди ва уни 2021 йилги Картошка кунида тақдим этди. Ушбу сабзавотнинг ўзига хослиги нимада? Янги гибрид Европада қандай қабул қилинди ва у Украина учун нечоғли истиқболли?
– Аввало шуни қайд этиш керакки, ботаник уруғлардан (умумқабул қилинган номи – true seed potato (ТSP) картошка навларини яратиш бўйича тадқиқотлар жаҳон бўйича ХХ асрнинг 70 йилларида бошланган.
Хўш, гибрид нимаси билан қизиқ бўлиши мумкин? Тасаввур қилинг-а, гектарига бир неча тонна картошка экиш ўрнига, сиз фақат бир неча юз грамм уруғ қадайсиз. Тежамкорликми? Албатта!
Давом этамиз. Логистика. Ҳатто 10 гектар майдонга экиш учун ҳам далага 30 тоннага яқин уруғлик картошка етказиб бериш керак. Ботаника уруғларини эса шунча ҳудудга «чўнтакда» олиб келиш мумкин.
Кейингиси – экиш тезлиги. Ўсимликларнинг бир хил жойлашувини таъминлаш учун анъанавий экишда иш тезлиги соатига беш-олти километрни ташкил қилади. Майда уруғли экинларнинг дражеланган уруғлари эса камида икки баробар тезликда экилади.
Муҳим афзаллик шундаки, аксарият картошка касалликлари ботаник уруғлар туфайли юқмайди, яъни, уруғлик материалининг фитосанитар тозалигини сақлаш экиладиган тугунакдан кўра бир неча баравар осонроқдир.
Ва охиргиси, ботаник уруғлар – кўпайишнинг генератив усули бўлганлиги сабабли, уларни гетерозисда ишлатиш мумкин бўлади, шунинг учун ҳам у «гибрид картошка» номини олган.
Сўнгги 10-20 йил ичида бу йўналишдаги тадқиқотлар картошкага эътибор қаратилаётган деярли барча мамлакатларда фаоллашди. Бундан 10-15 йил аввал ҳатто бир нечта шундай навлар яратилган, аммо улар саноат ишлаб чиқаришига киритилмаган ва дала-ҳовли томорқасидаги «экзотика»лигича қолаверган.
Ҳозирги вақтда HZPSда ишлаб чиқариш синовларидан ўтган гибрид картошка шакллари яратилди.
«Гибрид картошка» қайси мамлакатларда қизиқиш уйғотиши мумкин? Биринчидан, булар етарли даражада суғориш имкониятига эга бўлган ва логистика жуда қимматга тушадиган ҳудудлардир.
– Potato day – 2021 ниҳоясига етди. Бирор шов-шувли тақдимот, баёнот ва тажрибалар бўлдими? Жаҳон картошка етиштирувчилари нималарни таклиф қилмоқда ва украиналиклар нималарга ҳозир бўлиши керак?
– Албатта, тадбирнинг асосий сенсацияси гибрид картошка мавзуси бўлди. Нидерландияда учта компания уни етиштириш усулларини ишлаб чиқмоқда. HZPS гибрид картошка шаклларини яратишга муваффақ бўлди, улар Нидерландия ва жаҳоннинг баъзи мамлакатларида синовдан ўтказилмоқда.
Тестлар муваффақиятли якунлангачгина ушбу намуналар ҳозирги селекцион рақамларини эмас, балки ўз номини олади.
Айтмоқчиманки, HZPS Potato Day – 2021 давомида тадбиримизнинг барча иштирокчилари гибрид картошкадан татиб кўриш имкониятига эга бўлишди. Таъм жиҳатидан унчалик катта фарқ йўқ – у ҳам оддий картошка кабидир.
Тадбирнинг бошқа асосий тақдимотлари ҳақида гапирсак. Маркетинг бўлимимиз раҳбари Мichiel ten Duisнинг @EvenGreener номли янги концепцияси тақдимоти жуда қизиқарли бўлди. Унинг мазмун-моҳияти қурғоқчилик ва касалликларга чидамли, сувдан унумли фойдаланишга қодир, яхши сақланиш хусусиятига эга бўлган навлардан фойдаланиш орқали картошка етиштиришни кўпайтиришдир. Бу омилларнинг бари картошка етиштиришда ресурсларни сезиларли даражада тежаш ва замонавий картошкачиликнинг атроф-муҳитга босимини камайтиришга ёрдам беради.
Барқарор қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш тизимини ривожлантириш бўйича ишчи гуруҳи раҳбари Мартин Кропффнинг тақдимоти жуда долзарб бўлди. Тушунамиз, инсоният популяцияси, айниқса, жаҳоннинг айрим мамлакатларида бундан буён ҳам ўсишда давом этади.
Ва картошка озиқ-овқатлар орасида одамлар эҳтиёжини қондира оладиган энг яхши экинлардан бири бўлиб қолаверади. У экологик жиҳатдан қулай ўсимлик ва турли-туман ҳудудларда етиштириш мумкин. Картошканинг қуруқ вазнини ҳосил қилиш учун гуруч ва кўплаб донли экинларга қараганда камроқ сув керак бўлади. Чорвачиликни гапириб ўтиришга ҳожат ҳам йўқ. Шунинг боис, бизнинг шиорларимиздан бири – бу дунёни озиқлантириш Feeding the World)дир.
– HZPS ҳар йили янги навларни тақдим этади, энг сўнггиси «Луcинда» – ўртапишар, стрессга чидамли нав. Украина фермерлари янги маҳсулотни қандай қабул қилишди?
– «Луcинда» – ҳақиқатан ҳам, жуда ажойиб нав, аммо янги. Украина фермерига унинг ўзи шахсан биладиган бошқа ишлаб чиқарувчилардан ижобий фикрлар олиш жуда муҳим. Биз ҳеч қачон етарлича ўрганилмаган янгиликни эълон қилиш учун шов-шув кўтармаймиз. Аммо шуни айтмоқчиманки, бу йил «Луcинда» уруғлик картошкасини сотиб олган барча фермерлар мамнун бўлишди. Шунинг учун биз талаб ошишини кутмоқдамиз.
– Ҳар бир картошка навининг ўзига хос агротехникаси бор, у вақт ва иқлим муаммолари таъсири остида ўзгаришларга учрадими?
– Нав агротехникасига муайян даражада тузатишлар киритиш мумкин. Ахир, ўртача ҳаво ҳарорати ўзгаради, вегетация даврида намлик миқдори ўзгариб туради ва фермер, бунга, албатта, эътибор қаратиши керак.
Шу билан бирга, нафақат иқлим, балки озиқ-овқат бўйича хоҳиш-истаклар ва бозор талаблари ҳам ўзгариб бормоқда. Шунинг учун, 10 йил олдин бизнинг Украина линиясида бўлган алоҳида навларни ҳозирги кунда олиб ташлашга мажбур бўлдик.
Мисол учун, энди биз аста-секин стрессга бардош бермайдиган навлардан воз кечмоқдамиз ва тугунаклар ўсиши динамикаси тез, стресс ва қурғоқчиликка чидамли навларга эътибор қаратамиз.
Биз уларнинг айримларини етиштиришнинг зоналар бўйича тақсимланишига ҳам қисман тузатишлар киритамиз. Агар сизнинг нав агротехникасини ўзгартириш ҳақидаги саволингизга жавоб берсак, бу, ҳаммадан ҳам экиш зичлиги ва ўғитлар коррекциясига дахлдор.
– Сизнинг навларингиз, яхши ва ҳосилдор навларингиз прогноз қилинган ҳосилни бермагани (улар шунчаки муайян бир ҳудудга мос келмагани боис) учун танбеҳларга дуч келган пайтларингиз бўлдими?
– Бизнинг асосий вазифамиз қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини сифатли картошка экини билан таъминлашдан ташқари, фермерга ўз майдони учун энг мақбул навлар бўйича маслаҳат беришдан иборат. Бу ерда тупроқ турлари, ёғингарчилик прогнозлари, вегетация давридаги энг юқори ҳароратлар, фермер хўжалигининг технологик парки, энг машҳур етиштириш схемалари ва картошка сақлаш омборлари сиғими ҳисобга олинади.
Исталган натижага эришиш имконини бермайдиган ёки бирор муаммо туғдирадиган навларни тавсия қилмаймиз. Мисол учун, бизда «Мемфис» ва «Сильвана» каби ажойиб навлар бор. Улар юқори ҳосилдорликка эга, жазирамага бардошли ва қурғоқчиликка чидамли. Аммо бу навлар яхши вентиляция ва сифатли сақловни талаб этади, чунки, кумушранг қўтир касаллигига сезгирдир.
Корхонада замонавий сақлаш омбори мавжуд бўлса, хавфни минималлаштириш учун шунинг ўзи етарли.
Қолаверса, агар фермер бу навларнинг экин материалини учинчи шахслардан сотиб олган бўлса-ю, уларнинг биологик хусусиятларини тушунмаса, тўғри етиштириш ёки сақлашни таъминлай олмаса – қандай қилиб бунинг учун биз жавобгар бўламиз?
Биз бутунлай очиқмиз, алоқа ўрнатиш учун маълумотларимиз мавжуд – марҳамат, мурожаат қилинг, маслаҳатлашинг. Биз ҳар бир буюртмачига навнинг биологик ўзига хосликлари, уни етиштириш техникасини тушунтириш, шунингдек, вегетация даврида даврий назоратни амалга ошириш учун бор куч, вақт ва ресурсларимизни сарфлаймиз.
– Украина катта давлат ва тупроқ ҳамма жойда ҳар хил, унинг барча тури ҳам бир хил навга мос келаверадими?
– Бу, энг аввало, картошка навига боғлиқ. Мисол учун, «Коломба»,» Луcинда», «Эвора»,» Таурас», «Cаррера» навларини деярли бутун Украина бўйлаб ва ҳар қандай тупроқда ўстириш мумкин.
Жуда оғир тупроқлар учун, масалан, «Фламенко» ёки «Сагита» навларини тавсия этмаймиз.
«Сифра» қора тупроқда ҳам, енгил тупроқда ҳам етиштириш учун энг яхши навлардан бири. Аммо суғорилмаган қурғоқчил ҳудудларда ўстиришда эҳтиёт бўлиш керак; ёмғир кам бўлган қумли тупроқларда унга сув етмайди.
– Ўтмишдош экинлар картошка етиштириш ва сабзавотнинг ҳосилдорлиги учун нечоғли муҳим?
– Картошка – ўтмишдош экинларни танлашга жуда сезгир ўсимлик. Биз ҳаммамиз, масалан, дуккаклилар яхши ўтмишдош ҳисобланишига ўрганиб қолганмиз. Дарҳақиқат, аксарият экинлар учун шундай. Аммо картошкага келсак, соя каби ўтмишдошга жуда эҳтиёт бўлиш керак.
Кўпинча, соя етиштириш учун ишлатиладиган баъзи гербицидлар картошкага токсик таъсир кўрсатади, бу эса ҳимоя тизимини янада эҳтиёткорлик билан ишлаб чиқишни талаб этади. Шунингдек, дуккакли экинларнинг қолдиқлари маълум шароитларда қўтир касаллиги ривожланишига сабаб бўлиши мумкин. Шу боис ҳам, ўтлоқ ва экин қолдиқларини йўқ қилувчи воситаларни кўриб чиқиш ва улардан фойдаланиш лозим.
Аксарият ўт-ўланлар кўплаб экинлар учун ажойиб ўтмишдош бўлиб, улар тупроқ зараркунандалари, хусусан, қурт личинкаси ривожланиши учун яхши шароит яратади, шу боис, бу масалага етарлича эътибор қаратиш керак.
Донлар, умуман олганда, картошка учун яхши ўтмишдош ҳисобланади. Аммо кўп миқдорда ҳосил қолдиқлари мавжуд бўлса, тугунакларда қўтир муаммоси пайдо бўлиши мумкин. Шунинг учун, донли ўтмишдошлар ҳосилини йиғиб олгандан сўнг ишончли ва синалган ўтлоқ деструкторларидан фойдаланишни маслаҳат берамиз.
Айтганча, донли ўтмишдошларнинг яна бир афзаллиги – картошка экишда назорат қилиш жуда қийин бўлган икки паллали бегона ўтларни максимал даражада йўқ қилиш хусусиятидир.
Кўпинча, картошка маккажўхоридан кейин экилади. Унинг ҳатто тупроққа ижобий таъсири ҳам сезилиши мумкин. Чунки, маккажўхорининг чуқур илдиз тизими картошка учун муҳим бўлган шудгоростини тешиш хусусиятига эга.
Бироқ, донли маккажўхори кеч йиғиб олинади ва жуда кўп ҳосил қолдиқлари бўлади. Бу даврда тупроқ ва ҳаво ҳарорати анча пастлаганлиги сабаб, микрофлора деярли ишламайди ва ўтлоқ деструкторидан ҳам фойда йўқ. Бу яна қўтир ривожланишига ҳисса қўшиши мумкин.
– Корхонангиз хизматларидан бири – агроконсалтинг – картошкачилик корхонасини нолдан ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш. Украиналик картошка етиштирувчилар тез-тез кўмак сўрашадими? Ёки бизнинг деҳқонларимиз кўп ҳолларда ҳамма нарсани ўзлари режалаштиришадими?
– Фермерларимиз учун имкон қадар фойдали бўлишга интиламиз. Кўпинча, технология ишлаб чиқишни биз муайян бир навни етиштиришнинг асосий акцентларидан бошлаймиз. Фермернинг илтимосига кўра, биз уни ўғитлаш ва ҳимоялаш билан ўсиш схемасини тузиб беришимиз ёки технологик харита ишлаб чиқишимиз мумкин.
Албатта, бизга доимий равишда картошка етиштирувчилар саволлар ёки технологик ёндашувлар бўйича фикр алмашув мақсадида қўнғироқ қилишади. Мавсум давомида барча хўжаликларга, албатта, боришга ҳаракат қиламиз. Одатда, ҳар бир вегетация даврида 2-3 марта борилади.
– Бу йил жаҳонда картошка инқирози кузатилмоқда – қўшни мамлакатларда ҳосил етишмаяпти, нархлар ҳам ошди. Бу Украина картошкасига экспорт борасида муайян бир имконият берадими?
– Картошка экспорти фермерларимизни қийнаётган оғриқли мавзулардан биридир. Аммо ташқи бозор учун картошканинг ўзи эмас, балки муносиб сифат, партияларнинг бир хиллиги, келишилган етказиб бериш жадвали, мувозанатли нарх, одатий қадоқлаш ва, эҳтимол, сертификатлаш билан уйғунлик қизиқ.
Аслида, хўжаликларимизнинг бир нечтасигина бу шартларни бажаришга тайёр. Давом этамиз. Агар божхона иттифоқи мамлакатлари ҳақида гапирадиган бўлсак, улар Украинага чексиз ҳажмда картошка экспорт қилиши мумкин, аммо биз уларга картошкани фақат сертификатланган «бўш ер»лардан экспорт қила оламиз.
Агар Европа Иттифоқи мамлакатларини оладиган бўлсак, улар ҳам Украинага чексиз миқдорда экспорт қилиши мумкин. Лекин… Бизнинг картошка учун Европа Иттифоқига йўл, аслида, ёпиқ. Шу сабабли, Беларусь ёки бошқа жойга юборилаётган картошканинг кам сонли арзимас партиялари бизнинг картошка бозоримизни сезиларли даражада енгиллаштира олмайди.
Шу маънода картошкани экспорт жойидан ўтказиш учун тармоқ ассоциацияси ва давлат муассасаларининг комплекс саъй-ҳаракатлари талаб этилади.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!