Жорий йилнинг январь ойида Марказий Осиёда кузатилган аномал совуқ ҳаво туфайли Ўзбекистонда оқ бошли карам ҳосилига катта зарар етди. Натижада, ушбу маҳсулот нархи кескин кўтарилиб, ушбу совуқлардан кейин ташқи бозорларга карам жўнатиш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,4 баробар камайди, дея қайд этмоқда EastFruit таҳлилчилари.
Ўзбекистонда қишки оқ бошли карам кўчатлари, асосан, август ойида экилади ва нави ҳамда вегетация даврига қараб, маҳсулот ҳосили ноябрь ойидан келаси йилнинг апрелигача йиғиб олинади. Шартли равишда айтганда, эртаги навлар ҳосили ноябрь-декабрда, ўртаги навлар — январь-февралда, кечкиси эса март ойи охири ва апрель ойи бошларида йиғиб олинади.
Ўзбекистонда 2022 йил ноябрь ойининг бошидан 2023 йил январь ойининг биринчи ўн кунлиги охирига қадар оқ бошли карам йиғим-терими одатий маромда кечди, бироқ бутун мамлакат ҳудудини қамраб олган совуқ ҳаво массаси бу ритмни ўзгартириб, ўша пайтда ҳали йиғиб олинмаган оқ бошли карам ҳосилига катта зарар етказди.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг 10-16 январь кунлари Ўзбекистонда ушбу минтақа учун аномал совуқ об-ҳаво кузатилиб, бу даврда мамлакат пойтахтида ҳаво ҳарорати кундузи минус 13 даражагача, кечаси эса минус 17 даражагача пасайди. 17 январдан бошлаб ҳавонинг илиши кузатилди, лекин бу ҳолат аста-секинлик билан рўй берди — 25 январга қадар ҳаво ҳарорати кундузи нолдан бироз юқори бўлган бўлса, кечаси минус 7 даражагача пасайди.
Аномал совуқларнинг узоқ вақт таъсири туфайли ўша вақтга қадар йиғиб олинмаган оқ бошли карам ҳосилининг катта қисми далаларда музлаб қолди. Январь ойи охири ва февраль ойи бошида сезиларли исиш бошланиши билан музлаб қолган маҳсулотлар чирий бошлади. Мамлакатда “август карами” етиштирувчи асосий ҳудудларидан бири бўлмиш Сурхондарё вилояти фермерларининг маълумотларига кўра, 80-90 фоизга яқин ҳосил нобуд бўлди.
Мамлакат ички бозорида оқ бошли карам етказиб беришнинг бундай сезиларли қисқариши унинг нархи кескин ошишига саба бўлди. Ўзбекистон пойтахтидаги супермаркетлар тармоғида 2022 йилнинг ноябрь ойи ўрталарида ўтказилган чакана аудит натижаларига кўра (“август карами”нинг эртаги навлари ҳосилини йиғиб олиш бошланган пайт), ушбу маҳсулотнинг супермаркетларда ўртача чакана нархи 2400 сўм/кг эди. 2023 йилнинг 8 февраль ҳолатига кўра, Ўзбекистон пойтахтидаги супермаркетларда оқ бошли карам ўртача 6000 сўм/кг нархдан сотилди. Яъни, янги ҳосил карамини йиғиб-териб олиш бошланганидан бери карамнинг чакана нархлари 2,5 баробар ошди.
Бироқ, барра оқ бошли карам ўзбекистонликларнинг истеъмол саватидаги унчалик муҳим сабзавот ҳисобланмайди ва картошка, пиёз ёки сабзи билан солиштирганда анъанавий ўзбек ошхонасида асосий ингредиентлардан бири эмас. Табиийки, оддий истеъмолчининг “сабзавот савати”, шунингдек, Ўзбекистондаги умумий овқатланиш шохобчаларининг (кафе, ресторан ва фастфуд шохобчалари) харидларидаги барра оқ бошли карам учун харажатлар улушини унчалик аҳамиятли эмас, деб ҳисоблаш мумкин. Шу сабабли, оқ бошли карам нархининг бундай кескин ўсиши, асосий турдаги сабзавотлар нархлари сезиларли даражада ошиши фонида деярли сезилмай қолди.
Лекин ушбу маҳсулот Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотлари экспортида асосий позициялардан бири ҳисобланади. EastFruit мутахассислари якуний материалда қайд этганидек, 2022 йил оқ бошли карам етиштирувчилар учун 2021 йилдаги каби жуда муваффақиятли бўлди. Ўтган йили Ўзбекистон ушбу маҳсулотни рекорд ҳажмда – 121 минг тонна ҳажмда экспорт қилди, бу 2021 йилдаги аввалги рекорддан 28 фоизга ортиқ кўрсаткичдир.
Аммо, ўтган йиллардагидан фарқли ўлароқ, бу йил ўзбекистонлик оқ бошли карам етиштирувчилар учун салбий омиллар билан бошланди. Январь ойининг аномал совуқлари ва натижада ҳосилнинг катта қисми бой берилишидан ташқари, яна бир омил – асосий ташқи бозорларда оқ бошли карамга нисбатан “суст” талаб ҳам қўшилди.
2023 йилнинг январь ойида Ўзбекистон 5,9 минг тонна оқ бошли карам экспорт қилди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,8 баробар камдир. Шунингдек, 2023 йил январь ойининг иккинчи ярмида – аномал совуқ об-ҳаво натижасида ҳосилга катта зарар етганидан сўнгги даврда экспорт ҳажми 2,8 минг тоннани ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,4 баробар камайди.
Бозор иштирокчиларининг сўзларига кўра, январь ойининг иккинчи ярмида ва февраль ойининг биринчи ўн кунлигида ташқи бозорларга жўнатилган маҳсулотларнинг аксарияти «нотармоқ» сифатига эга, яъни, асосий ташқи бозорлардаги супермаркетлар тармоқлари талабларига жавоб бермайди. Уни импорт қилувчилар ушбу маҳсулотни кейинчалик озиқ-овқат бозорларида сотиш учун харид қилишган, чунки мазкур партияларда аномал совуқдан зарар кўрган маҳсулотлар улуши ва ушбу зарар даражасини аниқлаш қийин. Табиийки, бундай маҳсулотлар импортёрлар томонидан анча арзон нархда сотиб олинмоқда. Аммо бошқа томондан олиб қаралса, бу ўзбекистонлик фермерлар учун арзон нархда бўлса-да, ўз маҳсулотининг бир қисмини сотиш ва шу орқали кўрилган зарарни минималлаштириш имкониятидир.
Ўзбекистонлик экспортёрлар фикрига кўра, аномал совуқлардан сўнг январь ойи ўрталаридан бошлаб ички бозорда “тармоқ сифат”ли карам партияларини шакллантириш жуда қийин вазифага айланди. Асосий ташқи бозорларда шундоқ ҳам ўзбек карамига талаб сустлиги фонида (ўтган йилларнинг шу давридаги талаб билан солиштирилса), импортёрларнинг сифатли карам бўйича буюртмаларини бажариш деярли имконсиз бўлмоқда. Шундай қилиб, барча умид аномал совуққа қадар “бошини ўраб” улгурмаган ва шу боис, январь ойидаги об-ҳаво сюрпризларидан камроқ зарар кўрган «август карами”нинг кечки навларидандир.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!