Бош саҳифаЯнгиликларИссиқхоналарга эътиборсизлик – бу Ўзбекистон учун фойдами ё зарар?
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Иссиқхоналарга эътиборсизлик – бу Ўзбекистон учун фойдами ё зарар?

EastFruit экспертлари мева-сабзавот йўналиши бўйича Ўзбекистоннинг ташқи бозорни ўзлаштиришдаги улкан ютуқлари ҳақида аввал ҳам бир неча бор хабар қилган эди. Маълумки, мамлакат мева-сабзавот бизнесида кўпроқ технологик ривожланган сегмент  иссиқхона маҳсулотларини етиштириш ҳисобланади.  Бунда помидор, бодринг, қалампир, бақлажон каби сабзавотларнинг ўрни муҳим. Ушбу йўналиш етиштирилаётган ҳосилнинг ҳар гектарига кўп ҳажмда капитал сармоя киритилишини таъминлабгина қолмай, бир гектар майдон ҳисобига кўпгина иш ўринлари яратилишига ҳам улуш қўшади. Айнан шу боис, Ўзбекистонда иссиқхона  тармоғини оғир шароитларга солаётган  мансабдорларнинг мантиғини тушуниш биз учун мушкул.

Бугун иссиқхона тармоғида нималар бўлаётгани, бу йўналиш учун мутлақо хос бўлмаган шароитлар ва агар Ўзбекистон иссиқхонага муносабатини ўзгартирмаса қанча маблағ йўқотиши мумкинлигини аниқлаштиришга ҳаракат қилмоқчимиз. Зеро, хорижлик рақобатчилар мудраб ётгани йўқ!

Ўзбекистон иссиқхоначилари   газ таъминотига уланиш имконсизлиги ёки негадир ҳар йили янги тартибда ўтиш керак бўлган уланишнинг ўта бюрократик ва ношаффоф жараёни ҳақида EastFruitга кўп бор шикоят қилишган. “Қувур”га уланиш бахтига муяссар бўлганлар эса табиий газнинг барқарор берилмаслиги ва бу ишлаб чиқариш жараёнига зарар  келтиришидан норози. Шунинг учун ҳам иссиқхона комбинатлари газ беришда узилиш ҳолатлари мавжудлигини ҳисобга олиб, ёқилғининг муқобил турларидан фойдаланиш учун қўшимча инфратузилма яратиш бўйича улкан ва мутлақо каммаҳсул ҳаражатлар қилишга мажбур бўлишган. Айни пайтда ҳамма ҳам газ танқислигига тайёр эмас. Масалан, бугуннинг ўзида газ узиб қўйилгани сабабли, иссиқхонада ўсимликлар нобуд бўлгани ҳақида яна бир хабар келди.

Шундай ҳолатда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги берган баёнот кишини ажаблантиради: «Иссиқхона хўжаликлари табиий газнинг мавсумий истеъмолчилари сирасига киради. Бу эса уларнинг газ таъминоти ташкилотлари билан тузган шартномаларида ўз аксини топган. Ҳужжатларга мувофиқ, кузги-қишки даврда мавсумий истеъмолчилар муқобил турдаги ёқилғи захираларига эга бўлишлари лозим, айни ҳолатда бу кўмир маҳсулоти бўлиб, у уч ойдан кам бўлмаган вақтда  ишлатилади».

Ваҳоланки, Ўзбекистонда иссиқхоначилар учун газ айни кузги-қишки мавсум учун керак, ёзда уларда газ ишлатишга эҳтиёжнинг ўзи бўлмайди. Яна бир эътироз: нега ҳеч қандай кафолат берилмайдиган газ учун фермерларга шартнома таклиф қилиниши керак?

Дарвоқе, нима учун истеъмолчиларга газ етказиб бериш кафолатланмаган? Сир эмаски, Ўзбекистон учун табиий газ экспорти мамлакат бюджети даромади ва тўлов балансини мустаҳкамлашнинг муҳим  манбаи саналади. 2019 йилги  trademap маълумотига кўра, Ўзбекистон ташқи бозорга 13,5 млрд куб метр ҳажмда табиий газ етказиб берган ва  бундан $2,6 млрд. маблағ ишлаган. Аммо газ – бу хом ашё. Ўзбекистон ҳукумати томонидан экспорт қилинадиган маҳсулот нархи қўшилиши зарурлиги доимий равишда эълон қилинади. Бу борада агробизнеснинг мева-сабзавот йўналиши  расман устувор йўналишлардан бири. Зеро, бутунбошли туманлар 2013 йилдан эътиборан, пахта ва дон етказиб бериш ўрнига мева, реза мева, узум, ёнғоқ ва сабзавот етиштиришга ўтказилгани бежиз эмас.

Келинг, шу ўринда Ўзбекистон экспорти динамикасига назар ташлайлик. Газ экспортининг  пасайиш тенденцияси яққол кўриниб турибди, мева-сабзавот эса охирги уч йил ичида камида икки баравар ошган. Шундай экан, нега кўпроқ иш ўрни яратаётган ва яхши ўсиш сезилаётган йўналишни қўллаб-қувватламаслик  керак? Боз устига яна табиий газга талаб камайиб бораётган бўлса?

Мамлакатга газ экспорт қилиш фойдалими ёки табиий газдан фойдаланган ҳолда етиштирилган сабзавот, дейлик, помидор ёки қалампир экспорти афзалми? Келинг, ҳисоб-китоб қиламиз.

Шундай қилиб, Ўзбекистон шароитида ҳосил етиштиришнинг қишки  мавсумида бир гектар иссиқхонани иситиш учун ўртача 220 минг м3 табиий газ керак бўлади. Ички истеъмолчи минг куб метр газга $96 тўлайди. Айни вақтда газнинг ўртача экспорт баҳоси ўтган йили  trademap маълумотларидан келиб чиқилса, минг м3 $193 га тенг бўлди. 2020 йили  газнинг жаҳондаги нархи кескин тушиб кетганини биламиз. Хуллас, бир гектар иссиқхонани иситиш учун  бир мавсумда $21,5 минг атрофида сарфлаш керак. Ўзбекистон технологиялари имкониятларини ҳисобга олганда 350 минг тонна помидор йиғиб-териб олиш мумкин. Бу маҳсулот Россияга экспорт қилинса, ишлаб чиқарувчи ўртача  тоннасига камида $1500 ёки 1 гектардан ярим миллион АҚШ долларига тенг даромад олади.

Хўш, нима келиб чиқди?  1 гектар иссиқхонани иситиш учун керак бўладиган газни экспорт қилганда, мамлакат $42 мингдан сал кўпроқ валюта тушумига  эга бўлади. Агар шу газ иссиқхонани иситишга ишлатилса, унда  $500 мингдан ортиқ валюта тушумини қўлга киритиш мумкин. Яъни, иссиқхонада етиштирилган помидор Ўзбекистон учун табиий газ экспортига қараганда 10 баравар фойдалироқ! Иссиқхона комбинатларига газ етказиб бериш – бу хом ашё экспортига қўшимчадир. Ва бугун мамлакат ҳукумати интилаётган экспорт тушуми ошиши, демакдир, бу.

Агар иссиқхона тармоғи  жуда илмталаб эканини, у мунтазам ривожланиши ва билимни доим мустаҳкамлаб боришга тўғри келишини, демак, иссиқхона технологияларини ривожлантириш мамлакат аграр бизнеси технологик даражасининг умумий ўсишига олиб келишини   ҳисобга олсак, фойда жуда катта бўлади ва буни кўрсаткичлар билан аниқ баҳолаш қийин.

Бироқ иссиқхоналар эгалари  сабзавот етиштиришда кўмирдан фойдаланишга ўтишида қандай муаммо бор?  Нима учун газдан бутунлай воз кечмаслик керак?

Аслида, кўмирга тўла ўтишнинг, умуман олганда, имкони бор. Аммо,  иссиқхона комбинатлари учун кўмир билан иситишнинг қуйидаги салбий оқибатлари ҳам мавжуд:

  1. Иситиш харажатлари 12-17%га ўсади, яъни ишлаб чиқарувчилар даромади ва маҳсулотнинг рақобатбардошлиги даражаси пасаяди;
  2. Кўпроқ ер ва кўмир сақлаш учун қўшимча ҳажмдор омборлар зарур. Шунингдек, уни доимий равишда олиб ўтиш учун техника сотиб олиш  лозимлиги сабабли ҳар гектарга киритиладиган капитал сармоя ҳажми ошади. Бундан ташқари, кўмир ёнганда чиқадиган  чиқиндиларни камайтириш учун қимматли фильтрлар сотиб олиш керак;
  3. Кўмирни ғамлаб қўйиш зарурлиги учун айланма маблағларга кўпроқ ҳаражат кетади – бу эса кредит хизматлари учун музлатилган пул ва қўшимча чиқимлар демакдир;
  4. Кўмир билан ишлаш учун ишчи кучига кўпроқ харажат сарфланади – юк ташувчилар, ўт қаловчилар, қоровуллар ва ҳоказо.;
  5. Қозонхонадаги фильтрларни алмаштириш учун юқори ҳаражатлар талаб этилади;
  6. Иссиқхонадаги ҳосилдорликнинг тушиб кетиши ва маҳсулот сифати ёмонлашуви кул ва кўмир ёнганда чиқадиган учқунлар иссиқхона юзаларига тушгандан кейин ойна ёки пленка тиниқлиги пасайиши (муаммо қимматбаҳо фильтрлар тизими ва уларни мунтазам равишда алмаштириб туриш билан ҳал бўлади) оқибатидир. Бу эса маҳсулот таннархи ошиши ва уни сотувга чиқариш баҳоси, яъни, Ўзбекистон иссиқхона маҳсулотларининг рақобатбардошлиги пасайишига олиб келиши мумкин.
  7. «Ҳозирги пайтда иссиқхона сабзавотларининг минтақавий ва жаҳон бозори юқори рақобатга эга эканини  ёдда тутиш лозим. Яъни, бу бозорда улуш ҳеч кимга кафолатланмаган ва бошқа мамлакатлар ҳам бу бозорда ўз ўрнини топишга интилади. Қолаверса, жаҳон иссиқхона сабзавотлари савдоси қаторасига бир неча йилдан бери турғун ҳолатни бошдан кечирмоқда, яъни ишлаб чиқариш ўсиши фонида халқаро савдо ошмаяпти ёки ҳатто пасаймоқда»,  — дейди БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти(ФАО)нинг  инвестиция департаменти иқтисодчиси Андрей Ярмак.

«Ўзбекистон иссиқхонада етиштирилган сабзавотларнинг асосий қисмини Россия бозорига экспорт қилади, бунда баъзан қўшни мамлакатлар орқали транзитдан фойдаланади. Россиянинг ўзида эса иссиқхона сабзавотларини етиштириш жуда юқори суръат билан ўсиб боряпти. Шунинг учун импорт маҳсулотларига, жумладан, Ўзбекистондан ҳам олинадиган сабзавотларга талаб тобора пасаймоқда. Бундан ташқари, қўшни мамлакатлар ҳам мудраб ётгани йўқ. Қозоғистонда иссиқхона бизнеси фаол ривожланяпти ва у ердаги  ишлаб чиқарувчиларда газ билан боғлиқ муаммо йўқ.  Бунинг устига газ Ўзбекистондагига қараганда 30-40% арзон ҳам. Ҳатто  россиялик иссиқхона эгаларига ҳам газ Ўзбекистондагига қараганда анча арзон тушади. Туркманистон бўлса, маҳаллий иссиқхона комбинатларига Ўзбекистонга қараганда  тахминан 100 баравар арзон нархда беради, шу билан бирга уларда иситишга кетадиган газ харажатлари ҳам кам! Туркманистон  иссиқхона сабзавотлари экспортини Ўзбекистонга қараганда жадалроқ йўлга қўяётгани ҳайратланарли эмас» дея изоҳ беради Андрей Ярмак.

Очиғи, Ўзбекистонда газ иссиқхона сабзавотларини етиштирувчилар учун минтақада энг қиммат экани кундек равшан. Бундай нархда уни сотиб олиш қийин, қолаверса, етказиб бериш ҳам кафолатланмайди. Агар  ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистонда иссиқхоналарни кўмир билан иситишга ўтиладиган бўлса, унда рақиблар анча устунликка эга бўлади. Ва бу уларнинг Ўзбекистонни бозордан сиқиб чиқариб, маҳсулотларини анча манфаатлироқ баҳоларда таклиф қилишга муяссар бўла олишини англатади. Шу билан бирга, рақобатчиларнинг қўшимча маржаси уларнинг  технологиялари даражасини ривожлантириш ва  бозордаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Қайд этиш жоизки, Россия бозорида ҳам иссиқхона  сабзавотларини етказиб берувчилар ўртасида улкан рақобат юзага келмоқда. 2016 йилги маҳсулот етказиб беришга бўлган таъқиқдан кейин Туркия экспорт ҳажмини ошириб, ўз мавқеини тиклай бошламоқда. Эрондан ҳам Озарбайжон орқали транзит воситасида помидор ва бошқа иссиқхона маҳсулотлари экспорти жуда тез ўсмоқда. Туркманистон эса РФга иссиқхона маҳсулотлари экспортини жадал суръатлар билан оширмоқда.

Биз нефть-газ бозори мутахассиси эмасмиз ва  Ўзбекистонга иссиқхона бизнесида фойдаланиш учун кўпроқ газ ажратиш имконини бермайдиган бошқа ички сабаблар бор  бўлиши мумкинлигини истисно қилмаймиз. Бундай сабаблар сирасига, масалан,  кафолатланган ҳажмлардаги узоқ муддатли экспорт битимлари, қудуқлар  тегишли бўлган хусусий компаниялар билан келишувлар ёки газ қазиб олишнинг пасайиши каби ҳолатлар кириши мумкин.

Бироқ, мева-сабзавот бизнеси ва соғлом фикрлаш нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак,  Ўзбекистон раҳбарияти бу муҳим ва истиқболли соҳага алоҳида эътибор қаратиши, уни қўллаб-қувватлаши фойдадан ҳоли эмас. Чунки бугун бозор экспертлари қишлоқ хўжалиги экинлари босқичма-босқич ёпиқ ерга ўтади, деб ҳисобламоқда. Ҳозирнинг ўзида иссиқхоналарда нафақат сабзавот, салат барги ва кўкатлар етиштирилмоқда, балки жаҳоннинг кўп мамлакатларида иссиқхона шароитларида реза меваларнинг катта қисми ва ҳатто гилос ҳам етиштирилмоқда. Бу  маҳсулот сотиш мавсумини кенгайтириш баробарида унинг сифатини тубдан ошириш, чиқимларни камайтириш, ҳосилдорликни кўпайтириш ва кимёвий воситалардан фойдаланишни минимум даражага келтирган ҳолда маҳсулотнинг тозалиги ҳамда экология талабларига жавоб беришини таъминлайди.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин