Исроилнинг АP Partners Fund номли тўғридан-тўғри инвестициялар бўйича йирик фонди ва Discount Capital инвестицион банки 60 миллион доллардан зиёд қийматга эга иккита уруғчилик компанияси – Nirit Seeds ва ТоmaTechни сотиб олди. Ушбу компаниялар иссиқхона экинлари уруғлари, асосан, помидор уруғларини етиштиришга ихтисослашган. Бирлашишдан мақсад Исроилда сабзавот уруғини етиштирувчи йирик компания яратишдир. Янги компания муҳим синергиялар ва ноёб тадқиқот ҳамда ишланмалар тажрибасидан фойдаланади, бу эса унинг жаҳон уруғчилик бозорларида ўсишини тезлаштиради, дея хабар бермоқда «АгроБизнес«.
Бирлашгач компания штати бутун жаҳон бўйлаб 80 нафардан зиёд ходимларга эга бўлади, улар орасида молекуляр биологлар, селекционерлар, агрономлар, савдо бўйича мутахассислар ва бошқа ходимлар бор. Янги компания Исроил, Испания, Мексика ва Италияда селекция ишини давом эттиради, шунингдек, Нидерландия ва Шимолий Америкада ўз фаолиятини сезиларли даражада кенгайтиради. Бунда юқори технологияли иссиқхоналарга эътибор қаратилади, ушбу ҳудудларда савдо каналлари мустаҳкамланади ва бошқа минтақаларда янги савдо тармоқлари яратилади.
Шунингдек ўқинг: FruitSpec Исроил технологияси меванинг бўлажак ҳосили ҳажмини ва мевалар катталигини прогноз қилиш имконини беради
Nirit Seeds жаҳон бозорларида сотиладиган помидор ва қалампир уруғларини етиштирувчи йирик компаниядир. Сўнгги йилларда компания илғор генетик ресурслардан фойдаланиладиган инновацион хусусий генетик маркерларни ишлаб чиқиш ва тижоратлаштиришга катта сармоя киритди. 30 йил аввал ташкил этилган Nirit Seeds етиштирган уруғлар узоқ вақтдан бери ташкил этилган савдо каналлари ва Испания, Италия, Мексикадаги учта филиал орқали 50 дан ортиқ мамлакатларга экспорт қилинади. Компаниянинг Исроил ва бутун жаҳонда 50 нафарга яқин ишчиси бор.
Тахминан 20 йил аввал асос солинган ТоmaTech компанияси Исроилда помидор уруғини етиштирувчи йирик компаниялардан бири. Асосий эътибор ғарб бозорлари учун юқори сифатли ва инновацион помидор навларини ишлаб чиқишга қаратилган. ТomaTech яқинда ТоBRFV вирусига чидамли навларни ишлаб чиқиш бўйича катта ютуқларга эришилгани ва яқин келажакда уларни тижоратлаштириш режалаштирилаётганини эълон қилди. Корхона ўзининг Испаниядаги филиали орқали жаҳоннинг 20 дан ортиқ мамлакатларига маҳсулот экспорт қилади ва ҳозир Исроил, Испания, Италия, АҚШ ва Нидерландияда 30 га яқин ишчиси меҳнат қилмоқда.
Қишлоқ хўжалиги уруғчилиги Исроилда энг илғор ва технологик ривожланган тармоқлардан биридир. Исроил Савдо-саноат палаталари федерацияси бўлими маълумотларига кўра, бу мамлакатдан сабзавот уруғини экспорт қилиш йилига 200 миллион доллар даромад келтирмоқда. Ушбу соҳада 25 га яқин йирик ва ўрта корхоналар фаолият кўрсатяпти.
Жаҳон сабзавот уруғчилиги саноати йилига 8 миллиард долларга баҳоланади ва ўртача йиллик ўсиш суръати 8% ни ташкил қилмоқда. Помидор уруғлари бозорининг йиллик айланмаси қарийб 2,5 миллиард долларга тенг, бу иссиқхона экинлари уруғлари умумий бозорининг учдан бир қисмини ташкил этади. Бошқа томондан, ушбу бозор ривожланиш ва маҳсулот етиштириш жараёнларига инновацион технологияларни жорий этиш (саноат иссиқхоналари, вертикал етиштириш ва бошқалар), иқлим ўзгариши, истеъмолчиларнинг хоҳишлари ўзгариши, яъни уларнинг бутун қиймат занжирига сезиларли таъсир кўрсатувчи мазали маҳсулотларга бўлган талаби туфайли жадал ўзгаришлар босқичидадир.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!