Минтақа иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда навлар тўғри танланса ва голубика етиштириш технологиясига тўлиқ амал қилинса, Марказий Осиё мамлакатларида ушбу турдаги меванинг ҳосилдорлиги Украина кўрсаткичларидан юқори бўлиши эҳтимоли катта. Қолаверса, бу ерда голубика ҳосилини йиғиб олиш экспорт учун жуда қулай даврда амалга оширилиши мумкин.
Ушбу фикрни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) инвестиция департаменти иқтисодчиси Андрей Ярмак экспорт учун мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва қадоқлашни самарали ташкил этиш бўйича виртуал тренингда билдирди. Мазкур тадбир савдодаги рақобатбардошлик ва иш ўринларини яратиш бўйича USAID лойиҳаси (CTJ) томонидан ташкил этилди.
«Бугунги кунда голубика энг қиммат мева ҳисобланади. Шу билан бирга, Марказий Осиё мамлакатларида маҳсулот ташиш бўйича хизматлар қимматлиги туфайли имкон қадар қимматроқ меваларга эътибор бериш керак», – деди Андрей Ярмак.
ФАО иқтисодчиси голубика турли иқлим шароитлари учун турлича навларга эга экани жиҳатидан кўп қиррали мева эканини эътироф этди. Мисол учун, тропик иқлимли мамлакатларда бу мева ҳосилини деярли ҳар қандай вақтда олиш мумкин. Ва бу мазкур резавор учун бозор расталарини топишда ҳам қулай имкониятдир. Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлатлари ҳам голубиканинг минтақа иқлим шароитига мос навларини топиши мумкин.
Шу билан бирга, ФАО иқтисодчисининг фикрича, қиши унчалик совуқ бўлмаган ҳудудлар учун голубикани контейнерда етиштириш истиқболли технология ҳисобланади.
«Марказий Осиё минтақасининг аксарият мамлакатларида қаттиқ совуқ ҳукм сурмаслигини ҳисобга олсак, бу ишлаб чиқариш учун жуда мақбул технологиядир. Ундан фойдаланишда тупроқ сифати муҳим эмас – контейнер голубика учун идеал субстрат билан тўлдирилади ва бегона ўтлардан ҳимоялаш муаммосининг ўзи бўлмайди. Шунга асосланиб, бугунги кунда Марказий Осиё давлатларида голубика деярли етиштирилмаслиги ажабланарли ҳолат. Ахир, навларни тўғри танлаш, маркетинг технологияси ва инвестиция билан мувофиқлигига кўра, голубика мева бизнесининг энг даромадли йўналиши бўлиши мумкин», – деди Андрей Ярмак.
Шунингдек қуйидаги ҳаволани ҳам кўринг: Украиналик голубика етиштирувчилар Африкада мева етиштиришни инвестициялаш ҳақида ўйлаб кўриши лозим — фикр
Шу билан бирга, Ярмак тренинг иштирокчиларининг эътиборини голубика етиштириш бизнеснинг жуда қиммат тури эканлигига қаратди, бу эса, табиийки, муҳим инвестицияларни талаб қилади.
«Аммо, голубика етиштириш харажатларни етарлича тез қоплайди – Марказий Осиё мамлакатларида ишчи кучи нисбатан арзон ва жаҳон бозорида мевага бўлган талаб жуда катта. Шу маънода бошқа турдаги меваларни етиштириш сингари бу минтақада голубика етиштириш салоҳияти ҳам жуда юқори», – дея хулоса қилди Андрей Ярмак.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!