Бош саҳифаЯнгиликларГерманиялик трейдерлар сентябрда Молдова олхўрисини импорт қилишни бошлашга тайёр
Янгиликлар

Германиялик трейдерлар сентябрда Молдова олхўрисини импорт қилишни бошлашга тайёр

Мамлакатнинг жанубий қисмларидаги олхўри боғларида юзага келган муаммолар туфайли немис экспортёрлари яна Молдовага мурожаат қилиб, юқори сифатли олхўри етказиб беришни сўрашди. Бу ҳақда FreshPlaza маълумотларига таянган ҳолда EastFruit ёзмоқда.

“Плантацияларни совуқ уриб кетди. Айниқса, Германия жанубидагиларни.  Эртапишар навлар энг кўп зарарланган. Совуқ келган баҳор сабабли ҳосилни йиғиштириб олиш одатдагидан икки ҳафта кечроқ бошланди”, деди Германиянинг мева ва сабзавот савдолари бўйича кооператив канали OGA/OGV NORDBADEN EGнинг сотувлар бўйича менежери Курт Гальдер (Kurt Halder).

“Албатта, агар талаб бўлса, биз немис деҳқонларининг ҳосилидан сўнг Молдия олхўрисини сотишимиз мумкин. Умуман, биз ўтган йилгидагидек ҳажмда ҳосил кутяпмиз, бироқ биз савдолар ҳажмини оширмоқчимиз”, деди Гальдер.

Ўтган йили Молдова Германияга 2450 тоннадан зиёд олхўри экспорт қилган. Импортёрларнинг вакиллари Молдовадан келтирилган мевалар сифатини юқори баҳолашди ва молдовалик ишлаб чиқарувчилар билан ишлашда давом этиш истагини билдирдилар.

Трейдернинг фикрича, октябрь ойида кўп нарса об-ҳавога боғлиқ. “Об-ҳаво яхши ва илиқ бўлиб турса, иш яхши кетади. Сентябрь охирига бориб биз Молдовадан импортни бошласак бўлади, деб ўйлайман”, деди Гальдер.

Молдовадаги Ceteronis-ST компаниясининг маркетинг бўйича директори Елена Давидеску (Elena Davidescu)нинг айтишича, олхўри мавсумининг бу йилги истиқболи анча яхши. Ceteronis — ST — бу 2000 гектардан ортиқ майдонда иш олиб борувчи оилавий ферма. Компания GlobalG.A.P. ва GRASP сертификатларини олган бўлиб, Франция, Германия, Бельгия ва Нидерландия сингари ғарбий бозорларда машҳур бўлган “Стэнли” навли олхўрилари билан яхши танилган.

Компания йилига 5000 тонна олхўри етиштиради ва Молдовадаги энг йирик ишлаб чиқарувчи ҳисобланади. Улар олхўрини жуда эҳтиёткорлик билан терадилар. Саралаш, калибровка қилиш ва юклашдан аввал ҳосилни совуткичли омборларда сақлайдилар. Ceteronis-ST олхўридан ташқари 4500 тонна узум ва 2000 тонна шафтоли, шунингдек, гилос етиштиради.

Сўнгги йилларда Молдова мевалари янги бозорларда муваффақият қозонмоқда. Ўтган мавсумда 46900 тонна олхўри экспорт қилинган бўлиб, унинг ярмидан кўпи Европа Иттифоқи, хусусан, Италия, Франция, Хорватия, Польша, Германия ва Австрия мамлакатлари бозорларига етказиб берилган.

Айни пайтда Молдовада 22000 гектар майдонда йилига 100000 тонна олхўри етиштирилади. Ҳосил август ойидан ноябрь ойига қадар тайёр туради. Молдовада олхўрининг ўндан ортиқ навлари етиштирилса-да, “Стэнли” ва “Президент” навлари экспорт учун энг машҳурлари ҳисобланади.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин