2022 йилнинг январь ойи бошида EastFruit Ўзбекистон чакана савдо бозорига Auchan тармоғи «Bi1» мини-формати орқали кириб келгани ҳақида, шу ой охирида эса ритейлернинг Ўзбекистонда 2022 йил охирига қадар яна 40 та дўкон очиши ва ўзининг 13 та брендини яратиши ҳақида ёзган эди. Ўзбекистондаги «Bi1» тармоғини Тожикистондаги каби Schiever компаниялар гуруҳи бошқармоқда.
Schiever Uzbekistan компаниясининг савдо директори Исмаэл Жерменнинг сўзларига кўра, компания Ўзбекистон бозорига киришдан аввал уч йил давомида ушбу бозорни ўрганган. Жорий санага кўра, инвестициялар ҳажми қарийб икки миллион еврони ташкил этган бўлса, Ўзбекистонда ривожланиш ва фаолиятни кенгайтириш режалари ҳисобга олинадиган бўлса, 2022 йилда инвестициялар яна бир неча миллион еврога етади.
Исмаэл Жермен Spot нашрига берган интервьюсида нега янги бозорга кириш билан боғлиқ танлов Ўзбекистонга қаратилгани, Bi1 дўконлари жойлашувини танлашга ёндашув, ўз брендларини ишлаб чиқиш, омбор учун бино топишдаги муаммолар, «Ашан» тармоғининг гипермаркет формати билан келишини кутиш керакми-йўқми – шулар хусусида ва яна анъанавий бозорлар ҳамда бошқа ритейлерлар билан рақобат ҳақида гапириб берди. Қуйида ушбу интервьюнинг қисқартирилган матнини эътиборингизга ҳавола қилмоқчимиз.
Нега айнан Ўзбекистон?
Франция, Польша, Россия ва Тожикистонда ишлаганимиздан сўнг узоқ вақт янги бозорга чиқиш ҳақида ўйладик. Бизнинг тадқиқотимиз бундан уч йил аввал бошланган. Ўзбекистонни танлашга тўрт омил таъсир кўрсатди:
- Тадбиркорликни ривожлантириш ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун яратилган шароитлар. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда бу борада катта ўзгаришлар рўй берди: миллий валютани эркин конвертация қилиш имконияти яратилди, тадбиркорлик фаолиятини юритиш тартиби соддалаштирилди, уй хўжаликларининг даромадлари кўпайди, ички инвестициялар ортди, янги солиқ концепцияси тасдиқланди.
- Пандемия даврини ҳисобга олмаганда ЯИМ ўсиши суръати: Жаҳон банки маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2021 йили 6,2 фоизга ошган.
- Аҳоли сони ўсиши динамикаси. Бу борада ҳар йили мазкур рақам, масалан, Европа учун иқтисодий жиҳатдан муҳим бозорга айланиб бораётган Польша аҳолиси сонига яқинлашмоқда. Лекин асосийси, кекса аҳоли сонидан ёшлар сони устунлик қилади.
- Ва биз учун энг муҳим омил – бу маҳсулот хариди учун дўконларга борадиган аҳоли фоизи. Маълум бўлишича, ўзбеклар бозорни афзал кўришади. Аммо бу биз учун фақат катта истиқболдан сўз очади: агар сиз Ўзбекистон бозорига тўғри концепция ва мақбул нархлар билан кириб борсангиз, яхшигина улуш олишингиз мумкин.
Қолаверса, анъанавий оилалар товар сотиб олишда қандай қарор қабул қилишларини тезроқ тушуниш учун тадқиқот ўтказдик. Шундай қилиб, франциялик талаба турли тоифадаги уч хил оилада (ҳар бирида уч ҳафтадан) яшади. Бу вақт давомида уларнинг қандай яшаши, қаерга бориши, нима ейишлари ва бизга керакли 100 та маҳсулот сотиб олинишига таъсир қилувчи бошқа омиллар таҳлил қилинди. Натижалар тез мослашув ва менталитет ҳамда маданиятнинг танловга таъсири қандай эканини тушунишга имкон берди.
Натижада, шуни айтишим мумкинки, бу бозорга кириш 20 йил аввалги Россия бозорига киришга қараганда осонроқ бўлди.
Локациялар
Шу билан бирга, биз ҳар бир манзилни танлашга эҳтиёткорлик билан ёндашамиз. Ҳудуддаги аҳоли зичлиги биз учун муҳим. Ушбу кўрсаткични аниқлаш учун махсус дастурдан фойдаланамиз. Ва бир нечта омилларни инобатга оламиз – пиёдалар тирбандлиги кўрсаткичи, харид қобилияти, бинонинг ҳажми ва бошқалар.
“Bi1” тармоғининг ҳар бир маркети йўл бўйида жойлашган, автомобиль турар жойи учун ери ва яқин-атрофида кўп қаватли уйлар бўлиши керак.
Ўз брендларимиз
Асосий вазифа истеъмолчиларнинг эҳтиёжларини аниқлаш эди. Ҳаммаси бўлиб уларнинг 1,5 мингга яқинини аниқладик.
Биринчи навбатда, ассортимент учун қанча бренд тақдим этиш эмас, балки, қандай эҳтиёжлар ва уларни қанча миқдорда қоплай олишимиз, пештахталарда қанча sku (ассортимент позицияси) тақдим этилиши биз учун муҳим эди. Истеъмолчи одатларини ўрганиб чиққанимиздан сўнг ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчилар билан ишлай бошладик: мижозларга нима кераклигини тушунтирдик ва бундай маҳсулотларни қандай яратишни ўргатдик.
Натижада, турли тоифадаги 850 номдаги товарни ўз ичига олган 13 та савдо маркасини ишлаб чиқдик. Бунинг учун 700 га яқин ишлаб чиқарувчилар топилиб, 110 таси билан шартнома тузилди.
Маҳсулотларни фақат Ўзбекистондаги маҳаллий тадбиркорлар ишлаб чиқаради. Бу Schiever стратегиясининг устувор йўналишидир. Ўз брендимиз остида ишлаб чиқарилган барча маҳсулотлар сифат назоратининг уч босқичидан ўтказилади: дегустация, лаборатория тадқиқотлари, ишлаб чиқариш аудитлари.
Биз мижозларга сифатли маҳсулотларни арзон нархларда таклиф этамиз. Ўз брендларимизни яратиш бунга катта ёрдам беради – маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг товарлари арзонроқ, чунки, маҳсулотларнинг реклама харажатлари таннархдан чиқариб ташланади ва савдо воситачиларсиз амалга оширилади. Аммо буларнинг барига қарамай, бир қатор товарларни дистрибьюторлардан сотиб олишга тўғри келади, негаки, бу ерда ҳамма нарсани ҳам ишлаб чиқариш имкони йўқ. Мисол учун, тетра-паклар қадоғи борасида баъзи қийинчиликлар мавжуд.
Умуман олганда, ҳозирги вақтда 13 бренд истеъмолчиларнинг барча аниқланган эҳтиёжларини тўлиқ қондира олади. Биз бундан буён ҳам ривожлантиришимиз керак бўлган ягона нарса – қўшимча эҳтиёжлардир.
Омбор бинолари билан боғлиқ қийинчиликлар
Дастлаб, энг қийини бизнинг евро-стандарт мезонларига жавоб бера оладиган омборларни топиш бўлди. Уларни қидиришга жуда кўп вақт кетди. А ва В классидаги омборлар эски совет омборлари ўрнини эндигина эгаллай бошламоқда.
Импорт билан боғлиқ муаммолар бўлмади. Ҳозир биз бир нечта дистрибьюторлар билан самарали иш олиб боряпмиз, лекин, кўпроқ эътиборни маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга қаратмоқдамиз.
Маҳсулот номларини танлаш ва улар учун қадоқ ишлаб чиқишда бир нечта қийинчиликлар пайдо бўлди. Бу жуда катта ҳажмдаги, аммо қизиқарли иш эди.
Бундан ташқари, тадқиқот ва бозорга кириш жараёнида логистика, маркетинг ва IT соҳалари ривожи мени ҳайратда қолдирди.
Биз бажаришимиз керак бўлган ягона вазифа ходимларни ишга тижорий ёндашувга ўргатиш эди. Негаки, яхши натижаларга эришиш учун жамоадаги ҳар бир киши компаниянинг мақсад ва тамойилларини тушуниши, бутун ассортиментни мукаммал билиши ва савдо нюансларини чуқур англаши муҳим.
Ўйлайманки, агар Франциядан тўғри бу ерга келганимда, ассимиляция мен учун анча қийин кечарди, лекин, Россиядаги ҳаётим ва фаолиятим менга маҳаллий бозорни кутганимдан ҳам тезроқ ўрганишга имкон берди. Шунинг учун мен бу икки давлат ўртасида катта фарқлар бор, деб айтмаган бўлардим.
Масалан, Ўзбекистондаги ассортиментнинг 75-80 фоизини Россиядаги савдо расталаридан топиш мумкин.
«Ашан» тармоғининг Ўзбекистонга келишини кутиш керакми?
Ҳозир маҳаллий ритейл бозори бошланғич босқичда. Катта эҳтимол билан айтиш мумкинки, яқин келажакда жуда тез ва фаол ривожланиш юз бера бошлайди.
Москва сўнгги 20 йил ичида жуда ўзгарди. Бу ерда ҳам ўсиш ва ўзгаришлар учун Москвадагидек салоҳият мавжуд.
Шу билан бирга, компания ҳозирча «Ашан» тармоғининг гипермаркетларини очишни режалаштирмаяпти. Тожикистонда очилганида у ерда эҳтиёжлар ва шартлар бошқача эди.
Ҳозир эса бу ерда худди Москвадагидек бўляпти – одамлар харид учун узоққа боришни эмас, балки, беш дақиқада уй учун зарур бўлган ҳамма нарсани сотиб олишни истамоқда.
Гипермаркет формати борасидаги хулосага йўлларда автомашиналар ҳаракатини таҳлил қилиш орқали келдик – бундай формат учун аҳоли жон бошига автомобиллар улуши жуда паст.
Рақобат
Биринчи навбатда, биз бозорлар билан рақобатлашамиз. Зеро, ҳатто етказиб берувчиларнинг ўзлари ҳам товар айланмасининг 90 фоизи бозорлар ва уй яқинидаги кичик маркетлар улушига тўғри келади, деб таъкидлашади. Шунинг учун, агар биз умумий кўрсаткичнинг камида 1-2 фоизини эгаллай олсак, рақамлар ёмон бўлмайди.
Агар ассортимент танлаш, нархлаш ва тармоқ форматининг ўзига бўлган ёндашувни солиштирадиган бўлсак, у ҳолда бизга энг яқин рақобатчи – Havas тармоғи. Аммо, агар Россиядагидек трафикка эга бўлган иштирокчи билан солиштирсак, у ҳолда – бу Коrzinka.
Исмаэл Жермен сўнгги тўққиз йил давомида «Ашан» чакана савдо тармоғининг Россиядаги офисида турли лавозимларда ишлаган. Шундан уч йил давомида у “уй яқинидаги дўконлар” бўйича маркетинг менежери лавозимида ишлаган, кейинчалик Аuchan/Ашаннинг савдо директори ва кўпканаллик (турли алоқа каналларининг интеграциялашуви ва мижоз билан ягона тизимда ишлаш) бўйича директор вазифаларида фаолият юритган.
Эслатиб ўтамиз, Schiever турли мамлакатлардаги 5 та чакана савдо тармоғини бошқаради, Bi1, Аuchan/Ашан, АТАC, Маximarché ва Proximarchчé тармоқлари шулар жумласидандир. Ушбу тармоқларнинг аксарият дўконлари Францияда жойлашган. Хорижда «Bi1» Польша, Тожикистон ва Россияда мавжуд. Турли форматдаги ушбу тармоқ дўконларининг умумий сони ҳозирги кунда 160 дан ошади ва динамик ўсишда давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, EastFruit мутахассислари 2022 йилнинг январь ойи бошида мева-сабзавот маҳсулотларининг жойлашуви, сифати ва ассортиментини текшириш мақсадида Ўзбекистон пойтахтидаги «Би1» дўконларига ташриф буюриб, Ўзбекистон супермаркетлар тармоғининг мева-сабзавот бўлимлари бўйича аудитларимизда тармоқ қандай ўринларни эгаллаши мумкинлигини баҳолашган эди. Мутахассисларнинг дастлабки баҳолаш натижалари ва Ўзбекистон пойтахтидаги «Би1» дўконлари мева-сабзавот бўлимларининг фоторепортажи билан ушбу ҳавола орқали танишишингиз мумкин.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!