Шарқий Европа ва Марказий Осиё оқ бошли карам бозорида қизиқарли вазият юзага келди. Бу эса яқин ҳафталарда бозордаги жиддий нарх шокларига олиб келиши мумкин. EastFruit мутахассислари минтақада карам нархи рекорд даражада барқарорлашганига эътибор қаратишмоқда, аммо юқори сифатли карам захирасига эга бўлган фермерлар вазиятдан фойдаланиб, супердаромад олишга шошилишмаяпти.
«Россияда сифатли карам нархи қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС)сиз 0,75 долларга (1 кг учун), Беларусь ва Украинада эса 0,60 долларга етади. Шу билан бирга, сабзавот етиштирувчиларнинг захиралари бор, лекин улар карамни ушлаб туришга ҳаракат қилишмоқда. Шу фонда энди Польшадан Украинага оқ бошли карам импорти бошланди. Миср эса карамни Россияга жўнатмоқда. Россиялик импортёрлар ҳатто Қирғизистон, Эрон ва Ўзбекистондан ҳам карам сотиб олишга мажбур, бироқ Ўзбекистон ва Қирғизистондан етказиб бериш ҳажми ҳозир чекланган, нархлар ҳам рекорд даражада юқори. Шу билан бирга, Эрондаги божхона терминалларида катта тирбандликлар мавжуд, чунки, ҳамма карам экспорт қилишни хоҳлайди, аммо логистика анчайин қиммат», дейди БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) халқаро маслаҳатчиси Фёдор Рибалко.
Мутахассиснинг фикрига кўра, логистика муаммолари ҳали ҳам карамнинг кескин тақчиллиги кузатилаётган Россияга маҳсулот етказиб беришда қийинчиликлар туғдирмоқда. «Кичик Македония бу тақчилликни қисман қондирди, аммо, ҳозир иссиқхонада етиштирилган супер-эртаги карам навлари орасида ҳосилни йиғишдаги танаффус юзага келди ва февраль ойи ўрталарига қадар бу мамлакатдан таъминот бўлмайди», дейди Федор Рибалко.
«Украиналик фермерлар баҳорда карам нархи 1 кг учун 1 доллардан ошган йилларни эслаб, худди шундай сценарийни кутишмоқда. Шунинг учун улар сотишга шошилишмаяпти. Россия ва Беларусда ҳам карам етиштирувчилар нарх ошишига ишонишади ва улар ҳам шундай тутишяпти. Аммо, агар Ўзбекистонда карам уруғини сотиш ҳажмига баҳо берадиган бўлсак, тез орада бу мамлакатдан ушбу сабзавотнинг рекорд даражадаги юқори таъминотини кутиш керак. Қозоғистонда ҳам телевизор орқали амалдорлар мамлакатнинг жанубий вилоятларида эртаги карамни оммавий экиш қанчалик муваффақиятли ва фаол амалга оширилаётгани ҳақида гапиришмоқда», дейди ФАО эксперти қизиқарли далилларни келтириб.
Карам нархи 2022 йилнинг февралида кўтариладими? Украиналик деҳқонлар эслаётган баҳорги рекорд нархларга етадими ёки вазият аксинча тус олиб, фермерлар яхшигина даромад олиш имкониятини қўлдан бой беришадими, яъни карам меъёридан ортиб кетадими? ФАО инвестицион департаменти иқтисодчиси Андрий Ярмакнинг фикрича, карам бозоридаги нарх вазиятининг иккинчи салбий сценарийсини ҳам инкор этиб бўлмайди.
«Карам мева-сабзавот секторидаги энг рискли маҳсулот ҳисобланади. Турли йилларнинг бир хил санасида оқ бошли карам нархи реал нархларда 20 баробарга фарқ қилиши мумкин! Менинг тажрибамга кўра, карам «жек-пот»ини ўртача 5-7 йилда бир бор уриш мумкин, карамнинг нисбатан ўртача нархи ҳар 3 йилда бир маротаба содир бўлади ва уч йилда бир марта йўқотишларга олиб келади. Бироқ, сўнгги пайтларда вазият ўзгара бошлади, бу ўзгаришлар Ўзбекистон, Қозоғистон ҳамда Эронда экспортга йўналтирилган сабзавот етиштиришнинг кескин фаоллашуви билан боғлиқ. Тожикистон ва Қирғизистон ҳам аста-секин уларга етиб олмоқда. Туркманистондан ҳам келгуси йилларда сюрпризлар кутамиз. Ва бу мамлакатларда бир неча ойдан бери карамнинг рекорд даражадаги юқори нархлари, россиялик импортёрлар томонидан унинг оммавий хариди кузатилмоқда. Маҳаллий фермерларнинг уларга қандай муносабатда бўлишини тушуниш жуда осон», дейди Андрий Ярмак.
Экспертнинг қайд этишича, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларида эртаги карамнинг биринчи ҳосили келаси ҳафта йиғиб олинади. Шунга кўра, ушбу маҳсулотнинг улгуржи партиялари февраль ойининг иккинчи ҳафтасига қадар Россия Федерациясининг Европа минтақаларига етиб боради. «Ўзбекистон карамни, биринчи навбатда, Россияга жўнатади, чунки, у ерда нархлар анча юқори ва Россия логистикаси қулай. Бироқ, менимча, февраль ойи ўрталарига келиб, Украина йўналиши бўйича ҳам жўнатмалар пайдо бўлади. Шу билан бирга, Украина бозорида Европа Иттифоқи ва Болқоннинг жанубий минтақаларидан эртаги карам пайдо бўлади. Ва бу ерда асосий савол шундаки, Ўзбекистондан карам Украина бозорига етказиб берилгач, нархи қанча бўлади? Маҳаллий фермерларнинг импорт пайдо бўлишига қандай муносабат билдиришлари ҳам қизиқ – улар карамни «сақлаш»да давом этишадими ёки бозорда таклифни кескин оширишадими?»», дейди Андрий Ярмак.
Агар Марказий Осиё мамлакатларида карам етиштиришнинг кескин ўсиши ҳақидаги прогнозлар тасдиқланса, Украина ва Россияга етказиб бериладиган карам нархи импортёрларнинг маржасини ҳисобга олган ҳолда ҳам маҳсулот нархининг жорий даражасидан сезиларли даражада паст бўлиши мумкин. Бу, эҳтимол, фермерларни маҳсулотни сота бошлашга ундар ва бу нархларга янада кўпроқ босим ўтказади. Апрель ойида маҳаллий етиштирилган эртаги карам Украина бозорида пайдо бўлади.
Шунга кўра, юқорида айтиб ўтилган омиллар ҳисобга олинса, баҳорга қадар карам нархи янада ошишига ишониб қолиш жуда қалтисдир.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!