Фарғона шаҳрида гидропон усулида қулупнай етиштиришга ихтисослашган янги замонавий иссиқхона барпо этилди. Мазкур мажмуада йил бўйи, яъни қандай фасл бўлишидан қатъи назар, мева етиштирилади. Бу хусусда EastFruit экспертлари “Янги Ўзбекистон” нашри ҳаволасига асосланиб хабар бермоқда.
“Dolina story element” МЧЖ (МАRAFON GROUP холдингига қарашли “ILYASOV” МЧЖ қишлоқ хўжалиги кластери таркибига киради) томонидан қурилган иссиқхона мажмуи 1,12 гектар майдонга эга бўлиб, лойиҳанинг умумий қиймати 700 минг долларни ташкил этди. Бу ерда гидропоника технологияси қўлланади, яъни ўсимлик тупроқдан фойдаланмаган ҳолда ўстирилади.
Иссиқхона ташкил этиш учун Туркиядан 145 минг туп қулупнай кўчати келтирилди. Йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 70 тонна бўлиб, ушбу иссиқхонада қулупнай етиштириш туркиялик мутахассислар билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Шунингдек ўқинг: Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг агро-озиқ-овқат секторини яшил иқтисодиётга инклюзив ўтишни қўллаб-қувватлаш учун 4 миллион евро ажратади
Қишлоқ хўжалиги кластери раҳбари Фахриддин Илёсовнинг айтишича, маҳсулотнинг асосий қисми ички бозорга етказиб берилади. Бундан ташқари, ёндош ҳудудда маҳсулотни сақлаш ва қадоқлаш учун сиғими 200 тонналик совутиш мажмуаси барпо этилиши бозорларга қулупнайни узлуксиз етказиб бериш имконини беради.
EastFruit экспертларининг қайд этишича, Ўзбекистонда сархил қулупнайнинг жорий нархлари EastFruit мева-сабзавот маҳсулотларининг ҳафталик мониторингини олиб борадиган мамлакатлар орасида энг юқори кўрсаткичлардан биридир. Декабрь ойи бошидаги ҳолатга кўра, Ўзбекистонда ушбу маҳсулотнинг ўртача улгуржи нархи 150 000 сўм/кг (14,0 доллар/кг)ни ташкил қилган. Ички бозордаги бундай нархлар билан экспорт ҳақида ўйлаб ўтиришга ҳожат йўқ. Таққослаш учун айтадиган бўлсак, 2021 йилнинг 2 декабрь ҳолатига кўра, бошқа мамлакатларда қулупнайнинг ўртача улгуржи нархлари қуйидагича: Украина – 4,0 доллар/кг, Грузия – 6,4 доллар/кг, Польша – 10,8 доллар/кг, Россия – 12,3 доллар/кг. , Тожикистон – 14,0 доллар / кг.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!