Сархил ва музлатилган малинанинг жаҳон бўйича нархлари барча рекордларни янгилади. EastFruit ушбу резавор экспорти бўйича жаҳонда етакчилардан бири саналмиш Украинадаги иккинчи малина «бум»и ҳақида ёзган эди. Шунга ўхшаш тенденциялар Сербия, Польша ва бошқа етакчи мамлакатларда ҳам кузатилмоқда. Шу билан бирга, яқин вақтларга қадар Ўзбекистон малина етиштиришни кенгайтиришда қулай шароитларга эга бўла туриб, резавор бизнесидаги имкониятларни эътибордан четда қолдириб келаётган эди. Зеро, Ўзбекистонда бу бизнесни ривожлантириш учун ажойиб иқлим шароити ва етарлича ишчи кучи бор.
Аммо, Ўзбекистонда бу борада вазият ўзгара бошлаган кўринади. Хусусан, EastFruit экспертларининг Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги маълумотларига таяниб хабар беришича, Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятидаги Фарғона туманида умумий майдони 300 гектарлик янги малина плантацияларини барпо этиш ишлари бошланди.
2021 йилнинг август ойи ўрталарида ушбу ҳудудда малина плантацияларини кенгайтириш бўйича режалар маълум бўлди. Фарғона тумани иқлими малина етиштириш учун мос эканлиги ҳисобга олиниб, янги резавор плантациялари учун 300 гектар бўш ва фойдаланилмаётган ер ажратилди. Тупроқни таҳлил қилиш, ерни тошлардан тозалаш, унга органик ўғитлар билан ишлов бериш ва суғориш тизимини ташкил этиш, жумладан, қудуқларни бурғулаш ва насослар ўрнатиш ишлари бошланди.
Шунингдек ўқинг: Сабзининг рекорд нархлари Ўзбекистонда илк бор импорт заруратини келтириб чиқарди
Янги плантацияларда тахминан 1 000 та оила малина етиштириш билан шуғулланади, уларнинг ўзаро фаолияти кооперация шаклида ташкил этилади. Бундан ташқари, ушбу лойиҳа малинани совутиш, сақлаш ва музлатиш учун иншоотлар, шунингдек, қайта ишлаш корхонасини ташкил қилишни ўз ичига олади.
Яқинда «Водил Қизилқўрғон» массивида янги малина плантацияларини барпо этиш ишларига старт берилди.
Фарғона вилоятида малина асосан Фарғона туманининг Водил ҳудудида етиштирилади. Бу ерда 5600 та деҳқон ва фермер хўжаликлари ушбу резаворни етиштириш билан шуғулланади. Водилдаги малина плантацияларининг умумий майдони 500 гектарни, йиллик ҳосил эса 4,4 минг тоннани ташкил этади. Шунга кўра, малина плантацияларини кенгайтириш лойиҳаси амалга оширилгач, Фарғона вилоятининг Фарғона туманида малина плантацияларининг умумий майдони 800 гектарга етади. Ўзбекистонда малина ҳосили йилига 2 марта, май-июнь ва август-сентябрь ойларида йиғиб олинади.
EastFruit таҳлилчиларининг хабарига кўра, 20 тоннагача бўлган кам сонли партияларни ҳисобга олмаганда Ўзбекистондан малина сархил маҳсулотлар бозорига деярли экспорт қилинмайди. Ўтган йили ушбу резаворнинг 120 тоннаси экспорт қилинди, шундан тахминан 100-110 тоннаси Қозоғистонга, 10-15 тоннаси Туркияга етказиб берилди. Республика Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилнинг январь ойи бошидан октябрь ойи ўрталарига қадар Ўзбекистон 32,3 тонна сархил малина экспорт қилган.
Шунингдек, Ўзбекистонда резаворлар деярли музлатилмайди. Ваҳоланки, резавор, мева ва сабзавотларнинг музлатилиши ушбу мамлакатга айни турдаги маҳсулотларни етиштириш ва уларнинг экспортини кескин оширишга кўмак берган бўлар эди. Зеро, музлатилган резаворлар узоқ вақт сақланиши ва сайёрамизнинг исталган жойига экспорт қилиниши мумкин. Маълумки, янги узилган меваларни, айниқса, уларни истеъмол марказларидан узоқда бўлган Ўзбекистондан етказиб бериш анчайин мушкул иш.
Резавор ва меваларни музлатиш бизнеси ҳақидаги батафсил маълумотни «Тиферет» (Молдова) лойиҳаси раҳбари Юлия Тимошенконинг «Тожикистон мева-сабзавот сектори – энг яхши сармоявий нишалар» деб номланган онлайн конференциядаги нутқидан ўқиш ва тинглаш мумкин.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!