Европа озиқ-овқат бозорида иссиқхона мева-сабзавотлари тақчиллиги кутилмоқда. Табиий газ нархи кескин ошиши кўплаб вертикал хўжаликларда иситиш тизими ўчирилишига олиб келди, деб хабар берди Fruit-inform irishexaminer.com сайти ҳаволасига таяниб.
Хусусан, Голландиядан иссиқхона сабзавотларини етказиб бериш камайиши мумкин, бу ерда 25 минг гектар иссиқхоналарни иситиш учун йилига 2,4 миллиард куб метр табиий газ (мамлакат ёқилғи истеъмолининг қарийб 8 фоизи) керак бўлади.
Декабрь ойи Европада газ нархининг йиллик ҳисобда 985 фоизга ошиб, рекорд даражага кўтарилганлиги сабаб, голландиялик иссиқхона эгалари помидор, бодринг, булғор қалампири ва гул каби экинларни етиштириш учун иссиқлик таъминотидан воз кечишди. Айни пайтда Британиянинг кўплаб иссиқхона хўжаликлари ҳатто кўчат экишни ҳам бошламаган. Одатда, мавсум январь ойида бошланар эди. Бунга сабаб, газ нархи қимматлиги ва ишчилар етишмовчилигидир. Юқори харажатлар иссиқхоналарга бирор нарса экишдан кўра уларни бўш сақлаш фойдалироқ дея фикрлашга олиб келди. Шундай қилиб, кўкатлар ва сархил сабзавот етиштирувчиларнинг 60-70 фоизи Хертфордширдаги Леа водийсида 370 гектарлик иссиқхоналарда январь ойи ҳатто кўчат экишни бошламади. Бу ерда Буюк Британиядаги бодринг, булғор қалампири ва бақлажоннинг тахминан 75 фоизи етиштирилади.
Шунингдек ўқинг: Европадаги олма захиралари 2021 йилга нисбатан 7,2 фоиз ошди
Шу билан бирга, Болгарияда сабзавот етиштириш учун маҳаллий иссиқхоналарнинг қарийб 70 фоизи бу йилги қишда энергия нархи ошиши сабабли ҳосилсиз қолди. Бу, ўз навбатида, ички бозорда помидор ва бодринг тақчиллигига олиб келди. Маълумки, бир қатор Европа Иттифоқи мамлакатларида иссиқхона хўжаликларининг иқтисодиёти давлат томонидан қўллаб-қувватланишига боғлиқ.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!