EastFruit таҳлилчиларининг хабари беришича, Россия ва Беларусга ўз маҳсулотлари йиғим-терими пайтида картошканинг фаол олиб кирилиши натижасида юзага келган ажиотаж аста-секин тинди. Бироқ, энди шундай ҳолат Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатларида кузатилмоқда.
Беларусь, Россия, Молдова ва Украина
Бу Беларусь ва Россияга картошка импорти тўхтаганини эмас, аксинча, бозорда талаб ва таклиф орасидаги маълум мувозанат муайян нуқтага етганини англатади. Бунга маҳаллий етиштирилган картошка бўйича таклифларнинг ортиши ва бозор импорт қилинган сабзавотлар билан тўлиши ҳисобига эришилди. Натижада, Беларусда картошка нархи тўрт ҳафта, Россияда эса уч ҳафта давомида барқарорлигича қолмоқда.
Бироқ, нархлар анча юқорилигича қолмоқда. Беларусда картошканинг улгуржи нархи ўтган йилнинг худди шу санасидагидан икки баравар, Россияда эса 2,1 баравар қиммат. Шу билан бирга, Россияда картошка қимматроқ – килограмми 0,48 доллар, Беларусда килограмми 0,37 доллар. Таққослаш учун айтадиган бўлсак, Украинада ҳозир юқори сифатли картошканинг 1 кг 0,23 доллардан, Молдовада эса 0,20 доллардан сотилмоқда.
Шунга кўра, бозор барқарорлашганига қарамай, Беларусь Украинадан авваллари картошкани қандай импорт қилган бўлса, худди шундай давом этмоқда, лекин кичикроқ ҳажмда импорт қиляпти. Бундан ташқари, бозор иштирокчиларининг айтишича, Россияга Украина картошкасининг реэкспорти ҳажми ҳам сезиларли даражада тушиб кетди. Россия жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари, хусусан, Эрон, Молдова ва Қирғизистондан картошка сотиб олишни давом эттирмоқда. Оператив маълумотларга кўра, Россия бозорида Покистон картошкаси ҳам мавжуд.
Бироқ, картошканинг Беларусь ва Россиядаги юқори нархи Марказий Осиё ҳамда Кавказ мамлакатларида ушбу маҳсулот қимматлашига олиб келди.
Россияга картошка экспорти таъсири остида Молдовада унинг нархи ошди. Ички бозорда ғайриоддий ҳолат ҳукмрон – сотувда умуман импорт маҳсулотлари йўқ. Бироқ, мамлакатда картошка сақлаш инфратузилмаси яхши ривожланмагани боис, бозорнинг барча иштирокчилари яқин келажакда нархлар янада тез ўсишига ишонишмоқда.
Грузия
Грузияда ҳам худди шу сабабларга кўра, нархлар ошиши кузатилмоқда. Яқин вақтгача Грузиядан картошка экспорти аномал даражада юқори эди, шунинг учун нархлар янада ошиши кутилмоқда. EastFruitнинг Грузиядаги жамоасининг фикрича, умидлар шунчалик каттаки, картошка йиғим -теримида кунига 25 доллар (бу мамлакат учун юқори нарх), тўлаб, мавсумий ишчилар ёлланмоқда! Грузия картошка етиштирувчилари бу харажатлар ортиғи билан қопланишига ишонч билдиришяпти. Демак, бу ерда ҳам картошка бўйича кутилаётган нархлар анча юқори. Ҳозирча Грузияда картошка нархи Беларусдаги нархлар даражасига яқинлашган, шунинг учун, экспорт тезлиги пасайиши эҳтимоли баланд.
Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистон
Яқинда Ўзбекистонда картошка нархи бир ҳафта ичида бирданига 43 фоизга кескин ошгани ҳақида хабар берган эдик. Ўзбекистон аҳолисини «иккинчи нон» билан таъминлашга дахлдор бундай кескин вазиятни ҳисобга олиб, мамлакат ҳукумати картошка импорти учун ҚҚСни бекор қилди. Қувонарлиси, бу мева-сабзавот савдоси вакиллари учун ўзига хос бир сигналдир. Ва бизнинг мутахассислар Тожикистонда Ўзбекистон бозорини таъминлаш учун картошканинг улгуржи партияларига харидорлар пайдо бўлганини маълум қилишди.
Бу мантиқан тўғри, чунки, айни пайтда Тожикистонда картошка нархи тахминан 0,27 доллар/кг ни ташкил этмоқда – бу Ўзбекистонга қараганда икки баравар паст нарх! Айтганча, мазкур кўрсаткич бутун минтақадаги энг паст нарх. Ҳатто минтақада картошка экспорти бўйича биринчи ўринни эгаллаган Қозоғистонда ҳам ҳозирча картошка нархи анча баланд. Шу билан бирга, Қозоғистон картошка импорти бўйича барча рекордларни ортда қолдирмоқда.
Дарвоқе, Тожикистонда картошка нархи кўтарила бошлади. Агар бу мамлакатда экспорт учун картошка сотиб олиш ҳажми кескин ўсадиган бўлса, ажиотаж талаб ва маҳсулот етишмай қолишидан хавфсираш юзага келади. Шунга кўра, Тожикистонда ҳам картошка нархининг ўсиши истиқболлари анча юқори.
Яна бир қизиқ жиҳат – Афғонистон картошкасининг Ўзбекистон бозорида пайдо бўлиши. Етказиб бериш ҳажми анча юқори деб баҳоланмоқда, бироқ бозор иштирокчиларининг хабар беришича, гап нафақат афғон картошкаси, балки картошканинг Покистондан Ўзбекистонга реэкспорти ҳақида кетаётган бўлиши мумкин.
Бу босқичда картошка етказиб бериладиган минтақа қаер эканлиги у қадар аҳамиятли эмас, зеро, керакли маҳсулот ҳажми бўлса, бас. Шу муносабат билан савдогарлар ҳозир Шарқий Европада картошка нархи энг паст бўлган Польшага эътибор қаратишса айни муддао бўлар эди. Бундан ташқари, Польша картошкаси нархи ўтган ҳафта тушиб кетди. Марказий Осиёдаги нархлар ўсиши динамикаси ҳисобга олинган ҳолда Польша картошкаси бу минтақага ҳозирданоқ етказиб берилиши мумкин. Унинг ҳар бир килограммини 0,15 доллардан харид қилса бўлади ва бу ўтган ҳафта Ўзбекистонда картошка сотиб олинган нархдан уч баравар арзон.
Ҳар қандай вазиятда ҳам жорий мавсумда минтақа бўйлаб картошка етказиб бериш ҳажми жуда паст бўлиб, нархлар нисбатан юқорилигича қолиши мумкин. Ҳозирча фақат Украинада картошка нархи йиғим-терим бошланган пайтдан бери ўзгармади. Бироқ, бу ерда ҳам, эҳтимол, тез орада нархлар кўтарила бошлаши мумкин.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!