Австралиядаги йирик компаниялардан бири, Бармоқсимон лайм етиштирувчи Green Valley Fingerlimes нафақат ички бозорда, балки хорижлик харидорлар орасида ҳам мевага талаб ортиб бораётганини кузатмоқда.
Бармоқсимон лайм (фингер лайм) Австралиянинг тропик ўрмонларида ўсади. Компания соҳиби Жейд Кингнинг сўзларига кўра, ушбу турдаги мева ҳақида нафақат ресторан, қаҳвахона, бар каби умумий овқатланиш шохобчаларида, балки уй яқинидаги оддий чакана савдо дўконларида ҳам кўпроқ одамлар билмоқда. Бу хусусда EastFruit FreshPlaza ҳаволасига таяниб ёзди.
«Ҳозирги кунда биз маҳсулотларимизнинг кўп қисмини саватларда сотяпмиз, шунинг учун мева дўконлари уларни олмоқда. Мен лаймнинг пештахтада голубика ва қулупнай ёнида туришини хоҳлардим, бу энг асосий мақсадим. Аммо мақсадга эришиш учун тармоқни ривожлантириш керак. Талаб масаласига тўхталадиган бўлсак, мавсум охирига келиб, эҳтиёж ортиб бораётгандек. Умид қиламанки, талаб янада ортади ва меваларимиз янада оммабоп бўлади. Бу бизнинг йирик супермаркетлардаги иштирокимиз даражасини кенгайтиради. Биз Ғарбий Австралиядаги Cоles супермаркетлар тармоғига маҳсулот етказиб бердик ва натижа яхши бўлди. Маҳсулотимизни ресторанларга ҳам жуда кўп сотамиз, бу йўналишда талаб, албатта, ортиб бормоқда. Бунга «Уста ошпаз» сингари телевизион шоулар туртки берди. Мен ҳаммага бармоқсимон лайм ўстираётганимни айта бошлаганимда нима ҳақида гапираётганимни ҳеч ким тушунмас эди ва бу нима эканлигини ҳаммага батафсил айтиб беришим керак эди. Бугун эса вазият ўзгармоқда ва бу яхши«, дейди Кинг хоним.
Корхона 2012 йилда фаолият бошлаган ва бармоқсимон лайм етиштиришни йўлга қўйган. Green Valleyда ушбу меванинг уч хили етиштирилади: Champagne Red (1200 дарахт), Chartreuse (600 дарахт) ва янги Emerald навлари. Кингнинг таъкидлашича, ушбу мевалар салат, десерт ҳамда денгиз маҳсулотларидан тайёрланадиган ва рецепти бўйича лайм ишлатиладиган кўплаб таомлар учун керак. Аммо уларнинг бошқа афзалликлари ҳам бор: мевалар ҳар хил структурага эга.
«Бизнинг савдо учун мўлжалланган асосий навимиз Champagne Red ва биз уни Австралиянинг барча йирик бозорларига етказиб берамиз«, дейди Жейда Кинг. «Маҳсулотларни экспорт ҳам қиламиз, аммо COVIDдан сўнг экспорт ҳажми бироз камайди, Сингапур биз учун ҳали ҳам муҳим бозор. Шунингдек, маҳаллий бозорлар, ресторанлар ва тўғридан-тўғри шеф-ошпазлар ҳамда IGA сингари мустақил супермаркетларга лайм етказиб берамиз. Champagne Redнинг асосий афзалликларидан бири шампан рангидан қизил ранггача бўлган тусидир. Ушбу навнинг пўстлоғи қаттиқ, шунинг учун сақлаш муддати бироз узоқроқ ва музлатгичда 4-6 ҳафтагача сифатини йўқотмай туради. Ошпазларнинг айтишича, бу нав лаймнинг барча навлари орасида энг ширинидир. Chartreuse – бармоқсимон лаймнинг яшил пўстлоқлиси, аммо мевалари юмшоқ ва сақлаш муддати қисқароқ. Шампанранг лаймдан фарқли ўлароқ, унинг уруғлари бор. Таъми «лаймли конфет» таъмига ўхшайди, ички қисмида эса шаффоф уруғлари жойлашган. Emeraldнинг эса пўстлоғи тўқроқ рангда, ичида яшил уруғлар мавжуд. Шундай қилиб, бизда турли рангдаги лайм мевалари бор”.
Green Valley Fingerlimes Бирванинг Саншайн-Кост номли гўзал ҳудудида жойлашган. Мевалар аралаш фермер хўжалигида кимёвий моддаларсиз етиштирилади ва бу ерда мавсумий мева-сабзавотлар, жумладан, бармоқсимон лайм ва занжабил етиштиришдан ташқари қорамол ҳам боқилади. Австралияда бармоқсимон лайм мавсуми тахминан олти ой – январдан июнга қадар давом этади.
«Агар гуллаш даврини бошқара олсак, мавсумни бироз узайтириш мумкин, аммо бу йил ҳамма учун жуда қийин йил бўлди«, дейди Кинг хоним. «Айни пайтда меваларимиз кўп. Мавсумдан ташқари, биз бутун йил давомида маҳсулот етказиб берадиган баъзи асосий истеъмолчилар, яъни, ошпазлар учун муайян захиралардан фойдаланишимиз мумкин. Энди мен бармоқсимон лаймни бошқа мамлакатларда қандай етиштириш мумкинлигини текшириш учун хорижда бўламан. Гарчи лаймнинг ватани Австралия бўлса-да, у жаҳоннинг бошқа жойларида ҳам жуда яхши ўсади ва бу борада кўплаб тадқиқотлар олиб борилмоқда. Буни мен яқин келажакда ўрганиб чиқаман. Умид қиламанки, биз унинг Австралияга хослигини сақлаб қоламиз”.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!