Wish Farms (Флорида) – резавор етиштирувчи халқаро компания Pink-А-Boo Pineberries® савдо белгиси остидаги қулупнай тарғиботи учун маркетинг кампанияси бошланганини эълон қилди.
Pink-А-Boo Pineberries® савдо белгисининг номланиши резаворнинг пишиб етилган пушти рангига ишора қилувчи сўз ўйинидир, чунки, қулупнай оқ рангда бўлиб, пишиб етилганида пушти тусга киради. Резавор таркибидаги шакар миқдори анъанавий навларга қараганда бироз юқори, ананас, нок ва ўрик ноталарининг нозик таъмини эслатади, деб ёзмоқда FruitNews FreshFruitPortal материалларига асосланиб.
“Ўйлайманки, янги резавор Wish Farms ва чакана савдо ҳамкорларимиз учун энг машҳур маҳсулотлардан бирига айланади. Жамоамиз куч-қувватга тўла ва биз муваффақиятга эришиш учун бор салоҳиятимизни ишга соламиз. Бозорда Pink-А-Boo Pineberries®ни илгари суришга хизмат қилувчи маркетинг стратегиясини ишлаб чиқдик”, дейди компания директори Гэри Вишнацки.
Pink-А-Boo Pineberries® қадоғида пишган ананас тасвирланган ва қўшимча урғу бериш учун «Ripe and Ready» ибораси қайд этилган.
Резавор Флорида университетида анъанавий селекция усулларидан фойдаланган ҳолда етиштирилган. Кўп йиллар аввал ишнинг бошида олимлар ҳаммага таниш қизил қулупнайни ёввойи оқ қулупнай билан чатиштиришган, кейин эса ҳосил бўлган шакллар билан селекция давом эттирилган. Wish Farms янги резаворлар ёрлиғига «ГМО эмас» деган ёзувни қайд этишга қарор қилди.
“Мижозлар ёрқин қизил рангли қулупнайни излашга ўрганиб қолган, шунинг учун бизнинг вазифамиз истеъмолчига янги мева ҳақида кенг маълумот беришдир. Ёрлиқдаги эслатмалар ва информацион қайдларга қўшимча равишда биз ижтимоий тармоқларда маълумот тарқатишни режалаштирмоқдамиз», дея қўшимча қилди Wish Farmsнинг маркетинг бўйича директори Эмбер Мэлоуни.
2020 йилда Wish Farms қулупнай етиштириладиган майдонни 324 гектарга оширди. Тахминан 3 гектарга оқ қулупнай (Pink-А-Boo Pineberries®) экилган. Ушбу қулупнай ҳосил йиғим-терим мавсуми декабрдан апрелгача давом этадиган Флорида штатида 40 гектардан (100 акр) ва Калифорнияда 60 гектардан (150 акр) ортиқ майдонда етиштирилмоқда. Бу ерда резавор январь ойидан июнгача, сўнг кузда йиғиб олинади.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!