Бош саҳифаЯнгиликлар2022 йили Ўзбекистонда картошка экиладиган майдонлар ҳажми 55 фоизга оширилди
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

2022 йили Ўзбекистонда картошка экиладиган майдонлар ҳажми 55 фоизга оширилди

Ўзбекистоннинг барча тоифадаги фермер хўжаликларида 2022 йил ҳосили учун 243 минг гектар майдонга картошка экилди, бу ўтган йилга нисбатан 55 фоизга ёки 86 минг гектарга кўп кўрсаткичдир. 2022 йилги прогноз қилинаётган картошка ҳосили ҳажми 4,1 миллион тоннани ташкил этади, бу эса 2021 йилга нисбатан 26 фоиз ёки 850 минг тоннага кўпдир, дея хабар бермоқда EastFruit экспертлари Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига таяниб.

Ушбу маҳсулотни етиштирувчилар тоифалари бўйича картошка экиладиган майдонлар ва уларнинг ўтган йилги кўрсаткичларига нисбатан ўсиши қуйидагича тақсимланди:

  • 153 минг гектар (70 минг гектарга кўп) фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналарининг ерларида, шундан 115,5 минг гектари (65 минг гектарга кўп) асосий майдонларда ва 7,3 минг гектари (4, 4 минг гектарга кўп) боғ ва узумзорлар қатор оралиғида;
  • 90 000 гектар (10 000 гектарга кўп) деҳқон хўжаликлари ва томорқа ерлари.

Шундай қилиб, 2022 йилда етиштирилиши прогноз қилинган картошка ҳосилининг 2,6 миллион тоннаси фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналарида, 1,5 миллион тоннаси эса деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқа ерларида етиштирилади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатнинг ўн вилоятидаги 40 та туман картошка етиштиришга, 23 туман уруғчиликка, 9 туман ушбу экиннинг супер элита навларини етиштиришга ихтисослаштирилган ва яна 9 та туманда картошкачилик кластерлари ташкил қилинган. Интенсив  усулда вируссиз картошка  етиштириш учун 5 та замонавий in-vitro лабораторияси ташкил этилди.

Шунингдек ўқинг: Ўзбекистонда янги ҳосил лавлагиси ва дайкон турпининг экспорт мавсуми бошланди

2021 йили Тошкент вилоятида Ўзбекистон-Венгрия картошкачилик илмий-тадқиқот маркази фаолияти йўлга қўйилди.  Венгрия Hungarian University of Agriculture and Life Sciences – Potato Research  Center ва Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ўртасидаги ҳамкорлик шартномасига мувофиқ, ушбу мамлакат селекциясига алоқадор 6 хил – “Аranu clipke”, “Balatoni Rossa”, “Demon”, “Botant”, “White”, “09-688” навлар Ўзбекистоннинг тупроқ-иқлим шароитида синовдан ўтказиш учун танлаб олинди ва бугунги кунда илмий тажрибалар олиб борилмоқда.

Қишлоқ хўжалиги экинлари давлат реестрига Ўзбекистонда экиш учун тавсия этилган жами 131 навдаги картошка киритилган бўлиб, улардан 19 таси маҳаллий илмий-тадқиқот институтларида яратилган.

Вазирлик маълумотларига кўра, 2021 йили республикада жами картошка ҳосили 3,3 миллион тоннани ташкил этган бўлса, шундан 650 минг тоннаси келгуси йил ҳосили учун уруғлик сифатида ажратилган.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги бир неча йил ичида картошка Ўзбекистон мева-сабзавот импортида асосий позицияга айланди. 2016 йилга қадар картошка импортининг йиллик ҳажми йилига 50 минг тоннадан ошмаган бўлса, 2017 йили ушбу маҳсулот импорти 194 минг тоннани ташкил этди.  Кейинги йилларда – 2017 йилдан 2021 йилга қадар импорт ҳажми 194 минг тоннадан 560 минг тоннагача, яъни, деярли 3 баробар ўсди.

EastFruit таҳлилчиларининг ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йилнинг январь-март ойларида Ўзбекистонга картошка импорти ҳажми 223,8 минг тоннани ташкил этди, бу 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 47 фоиз ёки 71,7 минг тоннага кўпдир.

Бундан тахминан бир ой аввал Ўзбекистон бозорларига янги ҳосил эртаги (ёш) картошкасининг биринчи улгуржи партиялари чиқди ва бу маҳсулот нархи дастлабки нархларга нисбатан бугунги кунга келиб икки баробар арзонлашган.

EastFruitнинг нархлар мониторинги маълумотларига кўра, 2022 йилнинг 18 мартидан 15 апрелига қадар жорий йил ҳосили, яъни эртаги картошканинг ўртача улгуржи нархлари 1 кг учун 16 000 дан 9 000 сўмгача, яъни, тўрт ҳафта ичида 44% га пасайган. Бундан ташқари, 2022 йилнинг 15 апрель ҳолатига кўра, эртаги (ёш) картошканинг ўртача улгуржи нархлари 2021 йилнинг худди шу санасидаги даражададир.

Улгуржи бозорларда таклиф ҳажми ортиб бориши туфайли ёш картошка нархи тез пасайиш тенденциясига эга. Агар унинг нархи ўтган йиллардаги каби суръатларда пасаяди деб ҳисобласак, жорий йилнинг апрель ойи охирига қадар ёш картошканинг улгуржи нархлари ҳозирги даражадан сезиларли даражада паст бўлишини кутиш мумкин.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда ўтган йилги (2021 йил ҳосили) картошканинг улгуржи нархлари айни пайтда ўтган йилги кўрсаткичларга тахминан мос келади. 2022 йилнинг 15 апрель ҳолатига кўра, ушбу маҳсулотнинг ўртача улгуржи нархи 4 000 сўм/кг (0,35 доллар)ни ташкил этди, бу “ёш” картошка нархидан 2,2 баробар арзондир.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

«HortiТеch: мева-сабзавот бизнесидаги энг замонавий рақамли технологиялар – Ўзбекистон учун имкониятлар» мавзуидаги конференция видеоси EastFruit’да!

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин