2022 йили Ўзбекистон ўрмон хўжаликларида умумий майдони 5 минг гектарлик доривор ўсимликлар плантациялари барпо этилади. Ушбу плантацияларда 8,5 минг тоннадан зиёд дори хомашёси тайёрланиши режалаштирилган, дея хабар бермоқда EastFruit экспертлари Миллий ахборот агентлиги эълон қилган материалга асосланиб.
Бугунги кунга қадар тизимдаги 54 та ўрмон хўжаликлари томонидан жами 191,5 гектар майдонда янги 8 та турдаги доривор ўсимликларнинг оналик-тажриба плантациялари барпо этилди.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра келгусида маданий ҳолда етиштириладиган доривор ўсимликларнинг турлари 64 тадан 68 тага етказилади.
Ўзбекистон ҳудудида ўсадиган доривор ўсимликлар турлари бўйича расмий статистик маълумотларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2020 йилнинг апрель ойи ҳолатига кўра, маҳаллий флорага мансуб 4,3 мингдан ортиқ ўсимликларнинг 750 та тури доривор ҳисобланиб, улардан 112 та тури илмий тиббиётда фойдаланиш учун рўйхатга олинган, шундан 70 та тури фармацевтика саноатида фаол қўлланиб келинмоқда.
2019 йилда 48 млн АҚШ доллари қийматидаги қайта ишланган доривор ўсимликлардан олинган маҳсулотлар экспорт қилинган.
2020 йилнинг апрель ойида “Ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилинган эди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, 2020 йилнинг 1 май санасидан эътиборан, доривор ўсимликларни етиштириш, сақлаш, бирламчи ёки чуқур қайта ишлаш бўйича кластерлар ташкил этиш, шунингдек, ҳудудларни доривор ўсимликлар етиштиришга ихтисослаштириш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда фармацевтика саноатида хомашё сифатида ҳам фойдаланиладиган заъфарон ва лаванда етиштириш жадал ривожланмоқда. Хусусан, EastFruit Ўзбекистонда италияликлар билан ҳамкорликда 400 гектар майдонга эга, умумий инвестиция лойиҳаси қиймати 34,4 миллион евролик жаҳондаги энг йирик заъфарон плантацияларидан бирини барпо этиш режалари ҳақида ёзган эди. Бундан ташқари, Ўзбекистонда 2019-2020 йилларда “лаванда ниша”сини ўзлаштириш бошланди ва 2021 йилнинг июнь ойида Фарғона вилоятида Марказий Осиёдаги биринчи лаванда фестивали ташкил қилинди.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!