2022 йилда Андижон вилоятида 2,3 минг гектар янги узумзорлар ва 845 гектар интенсив боғлар ташкил этилади, дея хабар бермоқда EastFruit мутахассислари вилоят ҳокимлигининг матбуот хизмати ҳаволасига таяниб.
Шунингдек, Андижон вилоятининг уч тумани (Асака, Булоқбоши ва Жалолқудуқ)да узумчилик кластерлари ташкил этилади. Эслатиб ўтамиз, кластерлар ролини кучайтириш 2021 йилнинг ноябрь ойи охирида эълон қилинган мамлакат мева-сабзавотчилик тармоғини ривожлантириш бўйича янги тизимнинг таркибий қисми ҳисобланади.
Шунингдек ўқинг: Покистон 2022 йилнинг январь ойида Ўзбекистонга картошка етказиб берувчи энг йирик экспортёр-мамлакатга айланди
Айни пайтда Андижон вилоятида узумзорлар ва боғ плантацияларининг умумий майдони 18,7 минг гектарни, боғдорчилик ва узумчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларининг умумий сони 2 минг 617 тани ташкил этмоқда, деб хабар берди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.
Янги узумзорлар ва боғ плантацияларини барпо этиш режалари ҳисобга олинадиган бўлса, 2022 йил охирига қадар уларнинг умумий майдони 21,8 минг гектарга, яъни, бир йилда деярли 17% га ортади.
Дастлабки маълумотларга кўра, Андижон вилоятида 2021 йили 683 минг тонна мева, 93 минг тонна узум етиштирилган. Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, бошқа вилоятлар билан таққосланганда, Андижон вилояти мева етиштиришда энг катта улушга эга – республикада етиштирилган мева ва резаворлар умумий ҳажмининг 23 фоизи ушбу ҳудуд ҳиссасига тўғри келади.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда Тошкент вилоятида иқтисодий жиҳатдан самарасиз деб топилган 3,1 минг гектар боғ плантациялари ва 4,2 минг гектар токзорлар тўлиқ янгиланади, яъни, ўрнига янги замонавий плантациялар барпо этилади. Бундан ташқари, EastFruit яқинда ёзганидек, 2022 йили Тошкент вилоятида янги ўзлаштирилган ва лалми ерларда 1,9 минг гектар интенсив боғлар ва 2,5 минг гектар токзорлар барпо этилади.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!