Бош саҳифаЯнгиликлар2022 йилда Ўзбекистондан тарвуз экспорти бўйича рекорд янгиланди
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

2022 йилда Ўзбекистондан тарвуз экспорти бўйича рекорд янгиланди

2022 йилда Ўзбекистон рекорд ҳажмда тарвуз экспорт қилди ва мазкур кўрсаткич ўтган йилгидан қарийб 2 баробар ошиб кетди. Ушбу маҳсулот экспорти ҳажми ошиши, асосан, Қозоғистонга етказиб бериш ҳажми деярли икки баробар ошиши ҳамда Тожикистон ва Қирғизистонга маҳсулот жўнатиш ҳажми бир неча баробар ортиши ҳисобигадир, дея қайд этмоқда EastFruit экспертлари.

Бу йил Ўзбекистондан тарвуз экспорти мавсуми 15-20 май кунлари, яъни, ўтган йилги билан деярли бир вақтда бошланди.

Статистик маълумотлардан маълум бўлишича, 2022 йил ноябрь ойининг иккинчи ярмида ушбу маҳсулот ташқи бозорларга деярли жўнатилмаган, бу эса Ўзбекистондан тарвуз экспорти мавсуми якунланганини англатади.

Расмий статистик маълумотларга кўра, 2022 йилнинг май ойи бошидан ноябрь ойи охиригача бўлган даврда Ўзбекистон жами 81,8 минг тонна, умумий қиймати 18,1 миллион долларлик тарвуз экспорт қилган, бу жисмоний жиҳатдан 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 1,9 баробар, 2020 йилнинг шу давридаги рекорд кўрсаткичдан эса 1,7 баробар кўпдир.

Ўзбекистонда етиштирилган тарвузнинг 2022 йилги экспорти географиясига келсак, ушбу маҳсулотни ташқи бозорларга жўнатиш ҳажми қуйидагича тақсимланди:

Қозоғистон – 42,4 минг тонна (тарвуз умумий экспортининг 51,8 фоизи);

Россия — 17,2 минг тонна (21,0%);

Қирғизистон — 10,5 минг тонна (12,8%);

Тожикистон – 9,6 минг тонна (11,7%);

Беларусь — 1,2 минг тонна (1,4%);

Латвия — 674 тонна (0,8%);

Мўғулистон — 154 тонна (0,2%);

Эстония — 86 тонна (0,1%);

Украина — 43 тонна (0,1%);

БАА — 4 тонна.

Маълумотлардан кўриниб турибдики, экспортнинг асосий улуши (97,4%) юқоридаги рўйхатдан жой олган биринчи тўрт мамлакатнинг умумий улушига тўғри келади.

Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2022 йилда Ўзбекистон тарвузи экспортининг бундай кескин ўсишига, асосан, қўшни мамлакатларга экспорт ҳажмининг кескин ортиши ҳисобига эришилди:

Қозоғистонга — 2021 йилдаги 23,9 минг тоннадан 2022 йилда 42,4 минг тоннагача, яъни, 1,8 баробар;

Қирғизистонга — 3,9 минг тоннадан 10,5 минггача, яъни, 2,7 баробар;

Тожикистонга — 60 тоннадан 9,6 минг тоннагача, яъни,  160 баробар!

Шунингдек, Россия бозорига ҳам экспортнинг сезиларли ўсиши қайд этилди — ўтган йилги 14,4 минг тоннадан 2022 йилда 17,2 минг тоннагача, яъни, 19% ўсиш кузатилган.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилдан 2021 йилга қадар Ўзбекистондан Латвияга тарвуз жўнатилмаган. Сўнгги марта Ўзбекистон тарвузи 2017 йили атиги 16 тонна ҳажмида етказиб берилган бўлса, 2022 йилги мавсумда Ўзбекистон бу мамлакатга 674 тонна тарвуз экспорт қилган!

Бундан ташқари, экспорт ҳажми кичик бўлишига қарамай, кетма-кет учинчи йил, Ўзбекистон тарвузини Мўғулистонга етказиб бериш ҳажми ортиб бормоқда. 2019 йилда Ўзбекистондан Мўғулистонга тарвузнинг 2 тонна ҳажмдаги синов партияси юборилди. Сўнг 2020 йили 15 тонна, 2021 йили 40 тонна, 2022 йилда эса 154 тонна экспорт қилинди, яъни, жорий мавсумда экспорт ҳажми ўтган йилга нисбатан қарийб 4 баробар ошди.

2022 йилги мавсумда тарвуз экспортининг бундай рекорд ҳажмига жорий йилда Ўзбекистондаги мўл ҳосил ва ушбу маҳсулот нархи нисбатан арзонлиги асосий омиллардан биридир. Тарвузнинг биринчи улгуржи партиялари мамлакат ички бозорларига май ойининг охири — июнь ойи бошида, аввалги икки йилдаги билан деярли бир вақтда чиқди. Июнь ойининг биринчи ўн кунлигида – Ўзбекистондан тарвузнинг оммавий экспорти бошланганда ушбу маҳсулотнинг ўртача улгуржи нархлари 2000-2500 сўм/кг оралиғида бўлиб, 2021 йилнинг шу давридаги даражада, лекин 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 2,5 баробар паст бўлди. Кейинги ойда Ўзбекистонда тарвузнинг улгуржи нархлари қарийб икки баробар арзонлашди ва 2022 йил июль ойининг биринчи ўн кунлигида ўртача улгуржи нархлар 1000-1500 сўм/кг оралиғида ўзгариб турди. Экспорт мавсуми якунига қадар Ўзбекистонда тарвузнинг ўртача улгуржи нархлари худди шу оралиқда сақланиб қолди.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин