2021 йилнинг январь ойи бошидан то ноябрь ойи охирига қадар Ўзбекистон 455,8 минг тонна картошка импорт қилди, дея хабар бермоқда EastFruit таҳлилчилари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги маълумотларига таяниб. Таҳлилчиларнинг фикрича, 2021 йилнинг 11 ойи давомида ушбу маҳсулот импорти ҳажми 2020 йилги умумий кўрсаткичга нисбатан 8 фоизга кўп.
Аввалги рекорд ўтган йили қайд этилган: EastFruit таҳлилчилари ҳисоб-китобларига кўра, 2020 йилда Ўзбекистонга истеъмол (товар) картошкасининг импорти 421 минг тоннани ташкил этган, бу, ўз навбатида, 2019 йилга нисбатан қарийб бир ярим баравар кўп кўрсаткичдир. Эслатиб ўтамиз, сўнгги бир неча йил ичида картошка Ўзбекистонда мева-сабзавотчилик тармоғининг асосий импорт позициясига айланди, унинг импорти ҳажми 2017 йилдан бошлаб кескин ошди, бунга қадар картошка импортининг йиллик ҳажми 50 минг тоннадан ошмаган эди.
2021 йилда Ўзбекистонга истеъмол (товар) картошкасининг асосий етказиб берувчилари – Эрон, Қозоғистон, Покистон, Қирғизистон ва Нидерландия бўлиб, уларнинг умумий улуши импортнинг 95-99 фоизини ташкил қилади. Бироқ, 2021 йилнинг ноябрь ва декабрь ойи бошларида Ўзбекистонга картошка импорти ҳажми бўйича рейтингнинг дастлабки уч поғонасини эгаллаб давлатлардан ушбу маҳсулотни етказиб бериш билан боғлиқ нохуш хабарлар пайдо бўлди.
2021 йилнинг 12 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг маълум қилишича, 2021 йилнинг 25 сентябридан бошлаб, Эрон ва Покистондан олиб келинган товар картошкаси партияларида ўта хавфли зараркунандалар – олтинранг ва нимранг картошка нематодалари тизимли равишда аниқланган. 2021 йилнинг январь-октябрь ойларида Ўзбекистонга картошка импорти умумий ҳажмида ушбу икки давлатнинг умумий улуши 58 фоизни ташкил этди. Нохуш хабар шундаки, 2021 йилнинг август ойи бошидан 11 ноябрига қадар республика ҳудудига олиб кирилган 110 минг тонна картошканинг 4250 тоннасида хавфли нематодалар аниқланган. Ўзбекистон Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги республикада картошкага бўлган эҳтиёжни инобатга олиб, видеоалоқа орқали Эрон ва Покистон карантин хизматлари билан музокаралар олиб борди. Натижада, ушбу давлатлар (Эрон ва Покистон) томонидан карантин назоратини кучайтириш ва уларга маҳсулотлари Ўзбекистоннинг фитосанитария талабларига жавоб берадиган картошка етиштирувчилар рўйхатини тақдим этиш бўйича келишувларга эришилди.
Картошка импорти контекстидаги яна бир салбий хабар декабрь ойи бошида пайдо бўлди. Қозоғистон 3 ой муддатга мамлакатдан картошка ва сабзи экспортини вақтинчалик таъқиқламоқда. Ушбу қарор ички бозорда дефицит юзага келишини бартараф этиш ва нархларни барқарорлаштириш мақсадида қабул қилинган. Мазкур чекловлар декабрь ойи охирида кучга киради. 2021 йилнинг январь-октябрь ойларида Ўзбекистонга картошка импорти умумий ҳажмида Қозоғистоннинг улуши 33 фоизни ташкил этди.
2021 йилнинг январь ойи бошидан сентябрь ойи охиригача жорий йилги картошка ҳосилининг ўртача улгуржи нархлари динамикаси, умуман олганда, ўтган йилгига ўхшаш ва нархлар тахминан 2020 йилги даражада бўлди. Бироқ, Россия картошка бозоридаги ажиотаж туфайли 2021 йилнинг сентябрь ойи охиридан Ўзбекистонда ушбу сабзавот домино эффекти бўйича қимматлаша бошлади. Орадан уч ҳафта ўтиб, бир ҳафтада – 2021 йилнинг 14 октябридан 21 октябригача ушбу маҳсулотнинг ўртача улгуржи нархлари бир кг учун 3500 сўмдан 5000 сўмга, яъни, 43% га ошди.
Шу билан бирга, картошка нархи янада ошишини чекловчи омил сифатида 2021 йилнинг 21 октябрида Ўзбекистон парламенти юқори палатаси Солиқ кодексига қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС)ни нолга тенглаштиришни назарда тутувчи ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонунни маъқуллаганини айтиш мумкин. Унга кўра, бир қатор маҳсулотлар, жумладан, картошка импорти ва уни сотиш бўйича ҚҚС бекор қилинди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, 2021 йилнинг 10 октябридан 31 декабрига қадар юқорида кўрсатилган товарларни олиб кириш ва сотиш ҚҚСдан озод қилинади.
2021 йилнинг 4 ноябридан жорий санага қадар Ўзбекистонда картошканинг ўртача улгуржи нархи 1 кг учун 4500 сўмдан 5500 сўмгача ўзгариб турибди. 3 декабрь ҳолатига кўра, картошканинг ўртача улгуржи нархлари 5000 сўм/кг ни ташкил этмоқда ва бу 2020 йилнинг шу санасига нисбатан 43 фоиз, 2019 йилнинг шу санасига нисбатан эса 2,2 баробар юқори кўрсаткичдир.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!