Бош саҳифаЯнгиликлар2021 йилда Ўзбекистондан Хитойга ерёнғоқ экспорти беш ярим баробарга ошди
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

2021 йилда Ўзбекистондан Хитойга ерёнғоқ экспорти беш ярим баробарга ошди

2021 йилнинг январь ойи бошидан декабрь ойи ўрталарига қадар Ўзбекистондан ерёнғоқ экспорти жисмоний жиҳатдан бутун 2020 йилги кўрсаткичга нисбатан 63 фоизга ошди ва 2019 йилга нисбатан қарийб 2 баробар кўп бўлди. Шу билан бирга, Хитой, Қозоғистон, Россия, Украина, Беларусга ерёнғоқ экспорти ҳажми бир неча баробар ошди ва ушбу маҳсулотнинг бир неча юз тоннаси Нидерландияга етказиб берилди, дея хабар бермоқда EastFruit таҳлилчилари.

Республика Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилнинг 1 январидан 15 декабрига қадар Ўзбекистон ташқи бозорга 21,2 минг тонна ҳажмда 22,5 миллион долларлик ерёнғоқ етказиб берган. Таққослаш учун айтадиган бўлсак, ўтган йиллардаги йиллик кўрсаткичлар: 2020 йилда – 13 минг тоннани (16,5 миллион доллар), 2019 йилда эса 11,9 минг тонна (14,4 миллион доллар)ни ташкил этган.

2021 йилнинг ўтган даври маълумотларига асосланиб, EastFruit таҳлилчилари ерёнғоқ экспорти ҳажмини мамлакатлар бўйича тақсимланиши  ва ушбу маҳсулотнинг асосий импортёрлари кесимида ўсиш суръатлари бўйича дастлабки натижаларни сарҳисоб қилишди.

2021 йилнинг январь ойи бошидан декабрь ойи ўрталарига қадар Ўзбекистон ерёнғоғи экспортининг қарийб 92 фоизи 9 та давлатнинг умумий улушига тўғри келмоқда. Бироқ, бошқа мева-сабзавот маҳсулотларидан фарқли ўлароқ, Ўзбекистондан ерёнғоқ экспорти ҳажми импорт қилувчи давлатлар бўйича кўпроқ диверсификацияланган. Қуйидаги диаграмма ва жадвалда  2019-2021* йилларда  импортёр мамлакатлар кесимида ерёнғоқ экспорт ҳажми динамикаси ифодаланган (2021 йилги  маълумотлар: 1 январдан 15 декабрга қадар):

Юқоридаги диаграмма ва жадвалда кўрсатилган маълумотларидан кўриниб турибдики, Ўзбекистондан ерёнғоқ экспортининг энг катта ўсиши суръати Хитойга экспорт ҳажмида  кузатилмоқда. 2020 йилгача Хитой бозорига ушбу маҳсулот етказиб берилмаган, 2020 йилда 400 тонна етказиб берилган, жорий йилда эса Ўзбекистон ушбу мамлакатга ерёнғоқ экспортини 2020 йилга нисбатан 5,5 баробар оширди!

Бундан ташқари, юқоридаги жадвалда кўрсатилмаган икки давлат – Нидерландия ва Беларусни қайд этиш жоиз. 2021 йилнинг ўтган даврида Голландияга 345 тонна ерёнғоқ етказиб берилди, 2004 йилдан буён Ўзбекистон мазкур мамлакатга ерёнғоқ экспорт қилмаган эди.

Шунингдек, 2021 йилнинг ўтган даврида Беларусга ерёнғоқ экспорти ҳажми 315 тоннани ташкил этди, бу 2020 йилга нисбатан 2,5 баравар ва 2019 йилга нисбатан 8,4 баробар кўп кўрсаткичдир.

Ўсиш суръатлари бўйича кейинги йўналишлар – Қозоғистон, Озарбайжон, Россия ва Украинадир.  2021 йилда Ўзбекистондан бу мамлакатларга ерёнғоқ экспорти ҳажми 2020 ва 2019 йилларга нисбатан 2-3 баробар ошган.

2021 йилда Туркманистон ва Қирғизистонга ерёнғоқ экспортининг ўсиш суръати 2020 йилга нисбатан ўртача 18% ни ташкил қилди.

Жорий йилда Ўзбекистондан ерёнғоқ экспортининг кескин камайиши Афғонистон йўналишида кузатилмоқда – 2020 йилга нисбатан 2,5 баробар ва 2019 йилга нисбатан 2,1 баробар кам. Бундай кескин пасайишнинг асосий сабаби – жорий йилда бу мамлакатни ларзага солган барчага маълум воқеалар ва ҳукуматнинг ўзгаришидир. Худди шу сабабдан бўлса керак, 2021 йилда Ўзбекистондан Покистонга ерёнғоқ экспорти 2020 йилга нисбатан 10 фоизга камайди, чунки, Ўзбекистондан Покистонга товар жўнатишда энг қисқа йўл Афғонистон ҳудудидан ўтади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган 2020 йилда Ўзбекистондан Покистонга ерёнғоқ экспорти 2019 йилга нисбатан жисмоний жиҳатдан 10 баробар, 2018 йилга нисбатан эса 5 баробар ошган.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин