Бош саҳифаМева-сабзавот бозориТадқиқотларЎзбекистон ритейлида лидер, тармоқларнинг савдо айланмаси ва ўртача чеклари
ДолзарбМахсусТадқиқотларЯнгиликлар

Ўзбекистон ритейлида лидер, тармоқларнинг савдо айланмаси ва ўртача чеклари

EastFruit экспертлари Ўзбекистондаги қайси супермаркетлар тармоғи товар айланмаси бўйича мамлакат ритейли етакчиси, деган саволга жавоб беришга кўмаклашадиган қизиқарли инструментни кашф қилишди. Ўз навбатида, шуни ҳам қайд этиш жоизки, барча супермаркетлар тармоғининг истеъмолчилари ушбу воситадан бир хил даражада тез-тез фойдаланади деган тахмин билангина мазкур маълумотлар ишончли бўла олади. Шунингдек, 2022 йилнинг декабрь ойида ҳам барча истеъмолчилар, одатда, ташриф буюрадиган дўконларга худди шундай тез-тез боргани шарти билан қуйидаги маълумотларни ишончли санаш мумкин. Албатта, ушбу ёндашувда муайян хатоликлар бўлади, бироқ, бундай хатоликлар мавжуд бўлиш ҳуқуқига эга.

Чакана савдо шаффофлигини таъминлаш воситаси

Ўзбекистонда 2022 йил бошидан Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан ишга туширилган “Soliq” мобиль иловаси ишламоқда. Бу фойдаланувчиларга, фақат жисмоний шахсларга рўйхатдан ўтган чеклар суммасининг 1% (кэшбэк) миқдорида тўловни қайтариш имконини беради. Бу истеъмолчиларни чакана савдо дўконларидан чек талаб қилишга ундайдиган жуда қизиқарли восита бўлиб, у чакана савдо тизимининг максимал шаффофлигини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, 2022 йил якуни бўйича тизимда 1 триллион сўмдан ортиқ (91 миллион долларга яқин) умумий кэшбэк суммаси эга 241 миллиондан зиёд истеъмол чеклари рўйхатга олинган. Бу шуни англатадики, кэшбэк учун юборилган чеклар чакана савдо айланмаси 9,1 миллиард долларни, ўртача чек суммаси эса 37,7 долларни ташкил этган.

Ушбу рақамлардан биз биринчи хулосани чиқаришимиз мумкин — кэшбэкни қайтариш учун чекларни беришда мотивация фақат етарлича йирик харидлар қилинган бўлсагина мавжуддир. Шубҳасиз, кичик чекларни,  истеъмолчилар, кўпинча, эътиборсиз қолдиришади. Бундан ташқари, истеъмолчилар кэшбэк олиш учун чекларни маиший техника ёки кийим-кечак дўконларига нисбатан озиқ-овқат супермаркетлари тармоғидан камроқ топширишлари аниқ, зеро, маиший техника ва кийим дўконларида ўртача бир марталик харид миқдори анча юқори бўлиши мумкин, бу эса кэшбэк ҳам юқори эканлигини англатади.

Шу боис, супермаркетлар тармоқларининг таҳлили  катта хатолик билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бундан ташқари, тармоқлар структурасида ҳам фарқлар бўлиши эҳтимоли баланд. Каттароқ майдонга эга бўлган супермаркетлардан берилган чеклар, чек суммаси кўп бўладиган «кеш энд керри», «классик супермаркет» ёки «гипермаркет» форматларидаги  супермаркетлар тармоғидан берилган чеклар фоизи юқори бўлган бўлиши мумкин. Бу шуни англатадики, бизнинг қуйидаги рейтингимизда уларнинг улуши бироз ошириб юборилган бўлиши, «дискаунтер» ёки «уй яқинида» форматидаги  кичикроқ дўконларнинг кэшбэк рейтингидаги улуши эса бироз паст бўлиши мумкин.

Шунингдек, 2022 йилнинг декабрь ойида 133,8 миллиард сўм (12 миллион АҚШ доллари) кэшбэкли 37,6 миллион чек рўйхатга олингани, бу эса 1,2 миллиард долларлик айланмага ва ўртача чек 32,4 АҚШ долларига тенг бўлгани ҳам қизиқарлидир. Бу байрам арафасидаги мавсумийлик даражасидан далолат беради – декабрь ойида савдолар йил давомидаги ўртача ойлик кўрсаткичдан 62 фоизга юқори бўлган. Бундан ташқари, ўртача чек йил давомида ўртача кўрсаткичдан паст бўлгани сабабли, декабрь ойида озиқ-овқат маҳсулотларининг савдодаги улуши баланд бўлган бўлиши мумкин.

Ўзбекистон озиқ-овқат маҳсулотлари ритейлида кэшбэк бўйича лидер ким?

2022 йилнинг декабрь ойида рўйхатга олинган чеклар бўйича топ-20 савдо субъектлари орасида озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, мева-сабзавотлар сотиладиган 8 та супермаркетлар тармоғи қайд этилди. Келинг, уларни кўриб чиқайлик:

1-ўрин: “Аnglesey Food” МЧЖ (“Коrzinka” супермаркетлар тармоғи): 2,7 миллион чек, 4,5 миллиард сўм кэшбэк;

2-ўрин: “Havas Food” МЧЖ ҚК (Havas супермаркетлар тармоғи): 1,2 миллион чек, 695,8 миллион сўм кешбек;

3-ўрин: “Darvoza Savdo» МЧЖ (Маkro супермаркетлар тармоғи): 595,7 минг чек, 507,5 миллион сўм кэшбэк;

8-ўрин: “Urban Ritail” МЧЖ (Baraka Market супермаркетлар тармоғи): 157,3 минг чек, 170,0 миллион сўм кэшбэк;

11-ўрин: “Маgnum Retail” МЧЖ ХК (Маgnum супермаркетлар тармоғи): 104,3 минг чек, 213,4 миллион сўм кэшбэк;

15-ўрин: “Nеw Retail» МЧЖ (Bi1 супермаркетлар тармоғи): 70,3 минг чек, 21,4 миллион сўм кэшбэк;

17-ўрин: “Маjid Al Futtaim Hypermakets” МЧЖ (Cаrrefour супермаркетлар тармоғи): 56,0 минг чек, 66,0 миллион сўм кэшбэк;

20-ўрин: “Sharqona Yagona Savdо” МЧЖ (Asia.uz супермаркетлар тармоғи): 51,3 минг чек, 36,4 миллион сўм кешбек.

Ушбу маълумотларга асосланиб, EastFruit таҳлилчилари 2022 йилнинг декабрь ойи учун супермаркетлар тармоғининг тахминий товар айланмасини фақат кэшбэк учун рўйхатдан ўтган чеклар бўйича баҳолашди. Эслатиб ўтамиз, декабрь ойида чакана савдо одатий ой учун ўртача кўрсаткичдан 62% га юқори эди.

Баҳолов натижаларига кўра, Коrzinka тармоғи 2022 йилнинг декабрь ойида камида 40 миллион долларлик товар айланмаси билан етакчилик қилмоқда. Декабрь ойидаги савдолар ўрта ҳисобда барча тармоқлар учун одатдаги ҳар ойлик савдолардан 60% юқори бўлган деб фараз қилсак, Коrzinka супермаркетлар тармоғининг умумий товар айланмаси ушбу маълумотлар (яна қайтарамиз, у қадар аниқ бўлмаган ва тахминий маълумотлар)га кўра, рўйхатга олинган чеклар бўйича 2022 йил учун тахминан 300 миллион долларга баҳоланиши мумкин.

Биз бироз ортга чекинган ҳолда шуни қайд этишимиз жоизки, кэшбэк қайтариш учун чекларнинг неча фоизи топширилаётганини ҳисоб-китоб қилишнинг имкони йўқ. Шу боис, бу усул ёрдамида тармоқларнинг реал айланмасини билиб бўлмайди, лекин уларнинг чакана товар айланмасидаги тахминий улушини айтиш мумкин.

Иккинчи ўриндан декабрь ойида 6,1 миллион доллардан зиёд товар айланмаси билан Havas тармоғи жой олган. Бу кэшбэк учун рўйхатдан ўтган чеклар бўйича тахминан 46 миллион доллар миқдоридаги йиллик айланмага тенг. Шу билан бирга, ушбу тармоқнинг форматини ҳисобга олган ҳолда айтиш жоизки, реал айланма юқорироқ бўлиши мумкин, чунки чекларнинг катта фоизи тўлов учун топширилмаган бўлиши мумкин.

Маkro тармоғи, ушбу усулга кўра, 2022 йилнинг декабрь ойида кэшбэк учун рўйхатга олинган чеклар бўйича 4,5 миллион АҚШ доллари ёки йиллик эквивалентда қарийб 34 миллион долларлик маҳсулот сотди.

Агар биз фақат ушбу тармоқларни ҳисобга олсак ва улар рўйхатдан ўтган кэшбэк чекларининг тенг фоизига эга деб ҳисобласак (ва бу юқорида айтиб ўтганимиздек эмас деган тахминдамиз), унда супермаркетлар тармоғи ўртасидаги чакана савдо бозорининг тузилиши жуда қизиқарли тус олади.

Кэшбэк улуши бўйича сўз юритиладиган бўлса, Коrzinka тармоғининг бозор улуши тахминан 73%ни ташкил қилади. Албатта, яна бир бор такрорлаймиз, бу мутлақо тўлиқ ва аниқ баҳолов эмас. Бироқ, бизнингча, улар энг камида Ўзбекистон бозоридаги даромадлар бўйича топ-5 тармоқнинг рейтинг тартибини аниқлашга ёрдам беради.

Ўртача чек — чакана савдо бизнесининг муҳим кўрсаткичи

2022 йилнинг декабрь ойида ўртача чекнинг энг катта миқдори Маgnum супермаркетларида бўлди.  Кэшбэк қайтариш учун чек топширган истеъмолчи ўрта ҳисобда ушбу тармоқда 18,2 долларлик “бозор” қилади. Тармоқ гипермаркет форматига яқин йирик дўконларга эга бўлгани учун ушбу кўрсаткич ва лидерлик ажабланарли ҳол эмас.

Уларнинг ортида сезиларли устунлик билан Кorzinka (14,6 доллар) ва Cаrrefour (10,5 доллар) жойлашган.

«Уй яқинида» ва «Дискаунтер» форматларидаги супермаркетлар орасида энг юқори ўртача чек Baraka Market‘да – 9,6 АҚШ долларлик.

«Уй яқинида» форматидаги супермаркетлар алоҳида рангда кўрсатилган

Ўзбекистон супермаркетларида умумий тушум миқдори

Ўзбекистондаги сабзавот ва мевалар чакана савдосини ўрганар эканмиз, 2020 йилги маълумотларга кўра, ўша пайтда мамлакатда фаолият юритган супермаркетлар тармоғидаги озиқ-овқат маҳсулотларининг чакана савдо айланмасини тахминан 1 миллиард долларга баҳолаган эдик. Бироқ, ўшандан бери кўплаб янги тармоқлар бозорга кириб келди ва мавжудлари дўконлар сонини сезиларли даражада кўпайтирди. Бундан ташқари, уюшган чакана савдо орқали озиқ-овқат маҳсулотларининг айланмасини янада аниқроқ баҳолаш имконини берадиган янги маълумот манбалари пайдо бўлди.

EastFruit‘нинг бугунги ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йили Ўзбекистонда уюшган чакана савдо каналлари орқали озиқ-овқат маҳсулотлари айланмаси 2,2-2,5 миллиард долларга етган. Айни чоғда  озиқ-овқат тармоқлари ритейли ҳақида эмас, балки умуман йирик чакана савдо корхоналари ҳақида сўз бормоқда. Шу билан бирга, мева-сабзавот маҳсулотлари улуши бизнинг ҳисоб-китобларга кўра, савдодан 150 миллион долларга яқинни ташкил қилган. Шунингдек, асосий супермаркетлар тармоғида сабзавот ва меваларнинг савдодаги улуши бутун озиқ-овқат чакана савдоси бўйича сезиларли даражада юқори бўлди.

Ўзбекистонда мева-сабзавот экспорти имкониятлари ҳамда сархил мева-сабзавотларнинг чакана савдоси мавзусидаги конференциямиз видео-ёзувини ушбу ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

«HortiТеch: мева-сабзавот бизнесидаги энг замонавий рақамли технологиялар – Ўзбекистон учун имкониятлар» мавзуидаги конференция видеоси EastFruit’да!

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин