Ўзбекистон чакана савдо бозори бугунги кунда қандай кўринишга эга ва унинг истиқболлари қандай? Оrient Group (Ўзбекистон) компаниясининг бош директори Андрей Сафронюк New Retail нашрига мамлакат чакана савдо бозорининг бугунги ҳолати ҳақида гапириб берди ва яқин бир неча йил ичида Ўзбекистонда замонавий чакана савдони ривожлантириш бўйича ўз прогнозлари билан ўртоқлашди.
Қуйида EastFruit ушбу материални қисқартирилган шаклда эътиборингизга ҳавола қилади.
Супермаркетлар ва анъанавий бозорлар
Шарқ бозорлари савдо марказлари ва супермаркетларнинг асосий рақобатчисилигича қолмоқда. Чунки улар мамлакат чакана савдо бозорининг деярли 90 фоизини эгаллайди. Гарчи замонавий савдо форматлари ўз улушини оширишда давом этаётган бўлса-да, деҳқон бозорлари бир қатор объектив сабабларга кўра, потенциал харидорларнинг паст даромад даражасини ҳисобга олган ҳолда чакана савдонинг ушбу сегментида ўз нишасини сақлаб қолади. Қолаверса, шарқона бозорлар ўзининг ранг-баранглиги билан хорижлик сайёҳларни ҳамиша жалб қилиб келган.
Аммо шуниси ҳам борки, сўнгги йилларда Ўзбекистонда чакана савдо бозори тизимли ва барқарор тус олмоқда. Ушбу динамикага йирик савдо корхоналари асосий таъсир кўрсатиб, улар ўз сегментларида чакана савдонинг ўсиш суръатларини 14,5 фоиздан 23,5 фоизгача тезлаштирди ва уларнинг республика умумий чакана савдосидаги улуши мос равишда 11,6 фоиздан 15,7 фоизгача ошди. Бу, ўз навбатида, нафақат аҳоли жон бошига чакана товар айирбошлаш ҳажмининг йиллик ўсишида, балки икки йил аввалги 0,7 фоиздан (йил охиридаги) 5,9 фоизгача ўсиш динамикасида ҳам акс этди.
Шу билан бирга, республиканинг йирик чакана савдо тармоқлари бозори, маркетологлар фикрича, 50 фоиздан кам, вилоятларда эса ундан ҳам камроқ даражада ўзлаштирилган.
Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, мамлакат чакана савдо бозорида замонавий озиқ-овқат ритейлининг энг юқори улуши Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида – 10,8 фоиз, Ўзбекистон бўйлаб эса – 6 фоизни ташкил этади. Бу тушунарли: даромади анча юқори бўлган пойтахт аҳолисининг концентрацияси бошқа ҳудудларни анчайин ортда қолдиради, зеро, вилоятларда йирик савдо майдончалари учун асосий рақобатчи пастроқ нархларга эга деҳқон бозорлари ҳисобланади.
10-15 йилга оқсамоқда
Агар аста-секин кенгайиб бораётган озиқ-овқат импорти матрицаси нуқтаи назаридан ички бозор ҳақида гапирадиган бўлсак, бугунги кунда Туркия, Хитой ва Яқин Шарқ мамлакатларидан янги бренд ва товарлар кириб келаётганини кўришимиз мумкин. Бу нафақат жаҳон бўйлаб етказиб бериш занжирларининг ўзгариши, балки Ўзбекистонда чакана савдонинг фаол ўсиш даврига кираётгани билан ҳам боғлиқ. Хорижий компаниялар ва инвесторлар мамлакат супермаркетлари сегментига қизиқиш билдирмоқда. Масалан, Ўзбекистон бозорга йирик хорижий ритейлерлар кириб келди: Франциянинг Carrefour тармоғи, Қозоғистоннинг Маgnum Cash & Carry ритейлери, Россиянинг «Светофор» тармоғи ва бошқалар. Маҳаллий ритейлердар ҳам жадал ривожланмоқда — Маkro, Коrzinkа, Havas, Аsia ва Baraka Market.
Шу билан бирга, мамлакат чакана савдо бозори ҳали-ҳануз замонавий ритейл улуши бўйича эталон мамлакатлардан 10-15 йилга ортда қолмоқда. 2015-2021 йилларда чакана савдо бозори йилига ўртача 17% га ўсган, савдонинг 58% дан ортиғи озиқ-овқат чакана савдосига тўғри келган.
Икки баробар ўсиш кутилмоқда
Бугунги кунда Ўзбекистонда кузатилаётган асосий тренд — бозорлардан чакана савдо тармоқларига ўтишдир. Кўп мамлакатлар бу босқичдан ўтди, навбат Ўзбекистонга етди. Бу тренд, айниқса, пандемия даврида яққол намоён бўлди, ўшанда истеъмолчилар ўртасида ваҳима кўтарилгани, шунингдек, йирик тармоқлардан ташқари деярли барча дўкон ва бозорларнинг ёпилиши айрим маҳсулотлар тақчиллигига олиб келган эди.
Ўз-ўзидан аёнки, бозорлар эмас, балки тармоқлар аҳолининг хавотирли кайфиятини бартараф этиб, етказиб бериш барқарорлигини таъминлай олди. Ҳаммаси оддий: чакана савдо бозорининг фақат тизимли иштирокчилари нарх-навони чеклай олиши ва нархлар даражасини сақлаб туриши мумкин. Бозорлар эса кўпинча, нархни 2-3 баробар ошириши ва бу билан шундоқ ҳам юқори спекулятив талабни қизғин тус олишини янада кучайтириши мумкин.
Оrient Group компаниясининг ҳисоб-китобларига кўра, асосий сценарий бўйича замонавий чакана савдо бозори ўсади ва 2026 йилга бориб, 15,7 триллион сўм (1,4 млрд. доллар)га етади. Бундай сценарий бозор конъюнктураси ва тарихий ўсиш нуқтаи назаридан жуда ҳам эҳтимолийдир. Тараққиёт Қозоғистон ва Туркия бозорларидаги ўхшаш даврларни аниқроқ такрорлайди. Шундай экан, бизнинг ҳисоб-китобларга кўра, чакана савдо бозоридаги замонавий савдо улуши қарийб икки баробар ўсиб, 2026 йилда 10,9 фоизга етади.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!