EastFruit таҳлилий гуруҳи маълумотларига кўра, 2022 йилда кўп йиллардан буён йил сайин барқарор ўсиб борган мевалар ва ёнғоқ (барча тури)нинг жаҳон савдоси ҳажми илк бор пасайган. Биз ушбу ноодатий ҳодисанинг сабаблари ва унинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақаси мамлакатларига таъсирини ўргандик.
Жаҳон экспортининг қарийб 80 фоизини ташкил этувчи 25 та йирик мева экспорт қилувчи мамлакат савдосини таҳлил қиладиган бўлсак, 2022 йилда бу мамлакатлардан экспорт ҳажми 2021 йилга нисбатан 4,05 миллиард долларга ёки 3,5 фоизга камайган. Бунга қадар жаҳон савдоси динамик равишда ўсиб бориб, 2018-2021 йилларда ўртача йиллик ўсиш 6,3 фоизни ёки йилига 6,6 миллиард долларни ташкил этган эди.
Шуниси қизиқки, 25 та лидер мамлакатдан фақат 6 тасида (ёки мамлакатларнинг тўртдан бир қисмидан камида) экспорт ҳажми ўсиши кузатилган. Бу мазкур йўналишда ёки умуман, истеъмол борасида жиддий муаммолар мавжудлигидан даракдир.
Экспортни айнан ким ошириб, ким камайтирганига назар ташласак, мева савдоси инқирозининг сабаблари ҳақидаги саволга жавоб ойдинлашади. Мева ва ёнғоқ экспортини Чили, Перу, Коста-Рика, Миср, Марокаш ва Гватемала каби давлатлар кўпайтирди. Яъни, улар мева-сабзавот бизнесининг арзон ишчи кучи каби муҳим элемент билан бирга мавсумдан ташқари етказиб бериш имкониятидан фойдаланган мамлакатлардир. Аммо Европа Иттифоқининг барча мамлакатлари, шунингдек, АҚШ, яъни, энг юқори даромад даражаси ва ишчи кучи харажатлари юқори бўлган давлатлар мевалар ва ёнғоқ экспортини сезиларли даражада камайтирди.
Нега 2022 йилда мевалар ва ёнғоқнинг глобал савдоси кескин камайди?
“Мевалар ва ёнғоқ (барча турлари) у қадар муҳим озиқ-овқат тури эмас. 2022 йилда жаҳон Россиянинг Украинага қарши ҳарбий агрессияси туфайли юзага келган иқтисодий ва энергетик зарбани бошдан кечирди. Бу ишлаб чиқарувчилар учун энергия ва логистика харажатлари кескин ошиши, қолаверса, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари учун харажатлар ўсишига олиб келди. Ва айни ҳолат Европа ҳамда Қўшма Штатларда истеъмолчиларнинг даромадлари кам ёки умуман ўсмаган шароитда юз берди. Шу сабабли, бундай шароитларда мевалар ва ёнғоққа талаб сезиларли даражада заифлашди. Яна бир сабаб – иқлим ўзгариши ва турли об-ҳаво аномалиялари натижасида ҳосил бўлган муаммолар мевалар ҳосили бой берилиши даражаси ортишига олиб келганлигидир”, дейди БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) инвестицион департаменти иқтисодчиси Андрий Ярмак.
Шунингдек, у «деглобализация» омили ёки маҳсулот импорти ва экспорти учун жаҳондаги турли мамлакатларнинг “очиқлик даражаси”ни пасайиши ҳам муҳим роль ўйнаганини қўшимча қилди.
Шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, савдо ҳажми пасайиши АҚШ доллари қийматида баҳоланади ва 2022 йили доллар инфляцияси сўнгги йиллар рекорд даражасидаги 8 фоиздан ошди, бу эса мевалар ва ёнғоқ бўйича жаҳон экспорти жуда кескин тарзда пасайиб кетганидан далолатдир.
Лидер мамлакатларда глобал мева экспорти қандай ўзгарди?
Тахминан 15 миллиард доллар даромад билан ёнғоқ ва мева экспорти бўйича жаҳонда етакчи бўлган АҚШ ўз даромадининг катта қисмини бодом, хандон писта, грек ёнғоғи, сархил олма ва хўраки узум экспортидан олади. Ёнғоқдан ташқари барча ушбу позициялар бўйича экспорт тушумларида сезиларли пасайиш қайд этилган.
Испания мева экспортининг барча беш асосий тоифаси — цитрус мевалар, резаворлар, данакли мевалар, полиз экинлари ва ёнғоқнинг барча турлари бўйича экспортни кескин қисқартирди. Испаниянинг экспорт даромадлари хурмо ва хўраки узум тоифаларида ҳам пасайди.
Мексика экспортни камайтирган бўлса-да, экспортёрларнинг глобал рейтингида учинчи ўриндалигича қолди. Шу билан бирга, асосий экспорт тоифаси — авокадо динамик ўсишда давом этди. Мексикадан 2022 йилда резаворлар экспорти деярли икки баробар камайди! Ёнғоқ экспорти ҳам қисқарди, аммо цитруслар ва полиз экинлари экспорти ҳажми ўсишда давом этди.
Нидерландия — жаҳондаги энг йирик мева реэкспортёри саноатдаги ҳолатнинг аниқ индикаторидир. Мазкур мамлакатда экзотик мевалар ва авокадо, резаворлар, цитруслар, олма, ёнғоқ ва узум экспортидан тушган даромад камайди, бироқ банан реэкспортидан даромад ошди.
Чили ўз экспортини кескин, қарийб уч баробар ошириб, мамлакат даромадининг асосий манбаига айланган хўраки узум экспортидан гилосни ортда қолдирган ягона мамлакатдир. Айтганча, 2022 йили Чили гилосининг экспорт даромади ҳам сезиларли даражада ошди ва рекорд даражадаги 2,1 миллиард долларга етди. Киви экспорти тушуми икки баробардан зиёдроқ ошган, Чили голубикаси ва сархил олмаси экспорти тушуми эса пасайган.
Минтақамиз мамлакатларида мева экспорти қандай ўзгарди?
Минтақамиздаги энг йирик мева ва ёнғоқ экспортёри — Туркия жаҳон экспортёрлари рейтингида саккизинчи ўринни эгаллади. Шу билан бирга, Туркиядан экспорт 2022 йилда 8 фоизга ёки 424 миллион долларга камайган. Туркиядан экспорт деярли Европа Иттифоқи давлатлари ва Украинага камайди. АҚШ ва Россияга етказиб бериш ҳажми ошган. Туркиянинг экспорт даромадлари асосий экспорт тоифаси бўлмиш фундук экспорти камайиши туфайли пасайган. Олма, анжир, лимон, гилос, узум ҳам кам экспорт қилинди. Аммо сархил мандарин, ўрик, шафтоли, хандон писта ва бодом тоифаларида даромад ошган.
Польша асосий экспорт даромадини ташқи бозорларга музлатилган малина етказиб беришдан олади. Ушбу тоифа бўйича ўсиш 2022 йилда музлатилган мевалар тоифаси сингари рекорд даражага етди. Лекин Польшадан музлатилган қулупнай экспорти тушиб кетди. Олма ва голубика экспортидан тушган даромад ҳам камайган.
Ўзбекистон 2022 йилда мевалар ва ёнғоқ экспорти даромадларини 21 фоизга ёки 107 миллион долларга оширди. Шу билан бирга, экспортнинг тўрт асосий позицияси — хўраки узум, майиз, шафтоли ва хурмо бўйича даромаднинг сезиларли даражада ўсиши қайд этилди. Аммо сўнгги йилларда Ўзбекистондан гилос экспорти деярли уч баробар пасайиб, антирекорд даражага тушди, бунга об-ҳаво аномалиялари асосий сабабдир. Шунингдек, Ўзбекистоннинг қуритилган олхўри, сархил олхўри, анор, қовун, тарвуз ва музлатилган мевалар экспортидан тушумлари ўсиб бораётганини қайд этиш жоиз.
2022 йилда уруш туфайли турли ҳудудларидаги боғлари вайрон қилинган ёки зарар етказилган Украина мева ва ёнғоқ экспортини 15 фоизга ёки 55 миллион долларга камайтирди. Пасайиш даражаси уч асосий тоифа бўйича кузатилган: музлатилган малина ва бошқа музлатилган мевалар, шунингдек, грек ёнғоғи. Қолаверса, Украинанинг сархил олма, голубика ва музлатилган қулупнай экспортидан даромади ошди.
Бир неча йиллардан буён мева ва ёнғоқ экспортёрлари рейтингида Украинадан пастроқ ўринда жойлашган Молдова Россиянинг Украинадаги жанговар ҳаракатлари натижасида юзага келган кўплаб қийинчиликларга қарамай, 2022 йилда экспорт ҳажмини 6 фоизга ёки 15 миллион долларга оширди. Шу билан бирга, асосий экспорт маҳсулотлари: олма ва ёнғоқ бўйича тушумлар ҳажми 2021 йилга нисбатан деярли ўзгармаган. Аммо сархил узум, гилос, ўрик, қуритилган олхўри ва музлатилган малина даромадлари сезиларли даражада ўсди. Шу билан бирга, Молдованинг сархил олхўри бўйича экспорт даромади кескин камайди.
Грузия экспорт тушумини 6 фоизга ёки 13 миллион долларга қисқартирди. Асосий пасайиш Грузия учун асосий экспорт тоифаси бўлмиш фундук бўйича юз берди. Грузиянинг мандарин, олма ва хурмо экспортидан тушган тушуми ҳам камайди. Бошқа томондан, голубика, шафтоли, анор, олхўри, қуритилган мевалар, лимон, бодом ва ҳатто хўраки узум каби экспорт тоифаларида экспорт ҳажмини ошириш мумкин бўлди.
Афсуски, ҳозирча Тожикистондан мевалар ва ёнғоқ экспорти бўйича якуний маълумотлар йўқ.
Жаҳон мева ва ёнғоқ савдоси инқирози минтақа мамлакатларига нечоғли таъсир кўрсатади ва у қанча давом этади?
Талаб пасайиши ҳар доим ҳар қандай бозорда содир бўлиши мумкин бўлган энг ёмон ҳодисадир. Мевалар ва ёнғоқ эса бундан мустасно эмас. Талаб пасайганда нархлар ҳам, одатда, пасаяди. Агар ишлаб чиқариш харажатлари рекорд даражага яқинлигича қолаётганини ҳисобга оладиган бўлсак, бу мева-сабзавот секторидаги барча корхоналар – фермерлардан тортиб, қайта ишлаш ҳамда улгуржи ва чакана савдо корхоналари иқтисодиётигача салбий таъсир кўрсатмоқда. Айнан шу ҳолат ҳозир жаҳон озиқ-овқат бозорида содир бўляпти.
ФАОнинг Озиқ-овқат нархлари индексидан кўриниб турибдики, озиқ-овқат саватчаси нархлари кетма-кет бир неча ой давомида пасайишда давом этмоқда ва 2021 йил даражасига яқинлашяпти. Шу билан бирга, талабни жонлантириш учун жаҳон иқтисодиётининг ўсиш кўрсаткичларини жонлантириш керак. Бироқ, ҳозирча глобал иқтисодий ўсишнинг тикланиши ҳақида аниқ сигналлар мавжуд эмас. Бошқа томондан, минтақа мамлакатлари ҳали ҳам ишчи кучи харажатлари бўйича устунликка эга, бу мева бозорида муваффақиятга эришиш учун жуда муҳимдир. Ва бу борада маҳсулот сифатини оширишга сармоя киритилса, ушбу глобал инқироз Ўзбекистон, Молдова, Грузия, Тожикистон, Украина каби мамлакатлар учун янги истиқбол эшикларини очиши мумкин. Зеро, жаҳоннинг ривожланган ва бой давлатлари импортёрлари ҳеч бўлмаганда, сифатли маҳсулотлар нархини пасайтириш орқали мевалар ва ёнғоққа бўлган талабни жонлантириш имкониятларини изламоқда. Мева экспортининг айнан шу тоифаси минтақа мамлакатлари учун ўсишнинг энг муҳим нуқтасига айланиши мумкин.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!