Бош саҳифаМева-сабзавот бозориТадқиқотлар2022 йили Қозоғистон илк бор 100 минг тоннадан зиёд пиёз экспорт қилди, аммо нетто-импортёрлигича қолмоқда
ДолзарбМахсусТадқиқотларЯнгиликлар

2022 йили Қозоғистон илк бор 100 минг тоннадан зиёд пиёз экспорт қилди, аммо нетто-импортёрлигича қолмоқда

EastFruit таҳлилчиларининг хабарига кўра, 2022 йилда Қозоғистон биринчи марта 100 минг тоннадан зиёд пиёз экспорт қилган. Шу билан бирга, мамлакат сўнгги 5 йил ичида ушбу сабзавотнинг ўртача йиллик 84 минг тонна миқдоридаги салбий савдо баланси билан асосий нетто-импортёрлигича  қолмоқда.

Нега Қозоғистон шунча катта ҳажмда пиёз экспортини амалга ошира туриб, ундан ҳам кўпроқ импорт қилмоқда?

Агар Қозоғистоннинг пиёз бўйича ташқи савдо динамикасини таҳлил қиладиган бўлсак, битта аниқ тенденцияни кўриш мумкин – савдо ҳажми барқарор ўсиб бормоқда. Яъни, пиёз импорти ҳажми ҳам, экспорти ҳам ошгани кўзга ташланяпти. Ўрта ҳисобда 5 йил ичида Қозоғистондаги пиёз ташқи савдоси ҳажмининг йиллик ўсиши 29 минг тоннани ёки 11,9 фоизни ташкил этди. 2022 йилда Қозоғистоннинг пиёз бўйича ташқи савдоси ҳажми рекорд даражадаги 316 минг тоннага етди, бу беш йил аввал қайд этилган савдо ҳажмидан деярли икки баробар кўпдир.

Қозоғистон ўзининг қулай логистик мавқеидан муваффақиятли фойдаланиб, Марказий Осиё давлатларидан айни пайтда ушбу маҳсулотга энг кўп қизиқиш билдириши мумкин бўлган бозорларга товар етказиб бериш бўйича секин-аста савдо хабига айланмоқда. Жаҳоннинг аксарият ривожланган мамлакатлари томонидан Россияга қарши жорий қилинган санкцияларга кўра, Қозоғистон ушбу савдо ҳамкори билан алоқаларни фаол давом эттираётган кам сонли давлатлардан бирилигича қолмоқда. Қозоғистоннинг яна бир афзаллиги савдо ва бизнес юритиш бўйича нисбатан либерал режимлар бўлиб, бу унга  ҳам импорт, ҳам экспортдан даромад олган ҳолда минтақанинг савдо оқимларини концентрациялаш имконини беради”, дейди БМТнинг Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат ташкилоти (ФАО) инвестицион департаменти иқтисодчиси Андрий Ярмак.

Тhe Global Eсonomy маълумотларига кўра, “Бизнес юритиш қулайлиги” индексига кўра, Қозоғистон бу кўрсаткич бўйича минтақада катта фарқ билан етакчи бўлиб, жаҳонда 68-ўринни эгаллаб турибди.  Қўшни давлатлар эса рейтингда юзинчи ўриндан пастроқ: Ўзбекистон – 102, Тожикистон – 110, Қирғизистон – 114 ва Туркманистон – 155.

Қизиғи шундаки, Қозоғистон сўнгги 5 йил ичида жаҳоннинг 33 мамлакатига кўп миқдорда пиёз экспорт қилган ва атиги 13 мамлакатдан уни импорт қилган. Шу билан бирга, Қозоғистонга пиёз етказиб берувчилар рўйхатидаги бор-йўғи 6 та давлат сўнгги 5 йил ичида бу мамлакатга ўртача 100 тоннадан ортиқ пиёз етказиб берган ва атиги учтаси йилига 1 минг тоннадан ортиқ пиёз жўнатган. Охирги 5 йил давомида Қозоғистон пиёз импортининг 99 фоиз улушини ташкил этувчи ушбу уч мамлакат реэкспорт  маҳсулотларининг асосий манбалари эканлигини тахмин қилиш қийин эмас.

Қозоғистон қайси мамлакатлардан пиёз импорт қилади?

Қозоғистонга пиёз етказиб берувчи учта асосий мамлакат Ўзбекистон, Тожикистон ва Эрон ҳисобланади. Тўғри, сўнгги 5 йил ичида Қозоғистонга пиёз импортининг атиги 1 фоизи Эрон ҳиссасига тўғри келган, шунинг учун Қозоғистон пиёзнинг асосий ҳажмини фақат Ўзбекистон ва Тожикистондан импорт қилади, дея тахмин қилишимиз мумкин. Бу мамлакатларнинг Россия билан чегараси йўқ ва улар ўз маҳсулотларини Қозоғистон орқали транзит йўли билан жўнатиш ёки қозоғистонлик трейдерларга сотади (улар сўнгра ўз маржасини қўшган ҳолда Россияга сотади). Шу билан бирга, Россияда жаҳоннинг ривожланган мамлакатларидан фарқли ўлароқ, маҳсулотнинг келиб чиқишини кузатиш тизимига махсус талаблар йўқ, шунинг учун бундай операциялар осонлик билан амалга оширилади.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам, Қозоғистон транзитдан ёки реэкспортдан бевосита фойда кўради. Бу Ўзбекистон ва Тожикистон экспортёрлари учун ҳам фойдалидир – зеро, улар мураккаб логистика билан шуғулланиши шарт эмас ва маҳсулот бузилиши билан боғлиқ рискдан хавотирланишига ҳожат йўқ.

Қозоғистон қайси мамлакатларга пиёз экспорт қилади?

Қозоғистон пиёзни экспорт ва реэкспорт қиладиган ягона мамлакат Россия эмаслиги кўпчиликни ажаблантирса керак. Шуни ҳам қайд этиш жоизки, Қозоғистон нафақат пиёзни реэкспорт қилади, балки мамлакатнинг жанубий вилоятларида етиштирилган ўз маҳсулотини экспорт ҳам қилади. Россияга экспорт ҳажми сўнгги йиллардаги умумий пиёз экспортининг ярми, яъни, тахминан 43%ни ташкил қилади. Бироқ, у ҳали ҳам катта фарқ билан Қозоғистон учун асосий пиёз бозоридир.

Қозоғистондан яна иккита йирик пиёз импортёри — бу Афғонистон ва Ўзбекистондир. Агар Афғонистон мунтазам равишда катта ҳажмда – 3 минг тоннадан 12 минг тоннагача пиёз импорт қилса, Ўзбекистон Қозоғистондан мамлакатда вақтинчалик маҳсулот тақчиллиги юзага келган йиллардагина пиёз сотиб олади. Мисол учун, 2023 йил қишида бўлгани каби сақлаш вақтида пиёз музлаб қолса ёки эртаги пиёзнинг янги ҳосили кечикса ва ўтган йилги ҳосилдан пиёз захиралари етарли бўлмаса Ўзбекистон Қозоғистондан ушбу маҳсулотни импорт қилиши мумкин.

Покистон сўнгги 5 йил ичида Қозоғистондан пиёз импорт қилувчи етакчи мамлакатлар қаторига кирди. Бунинг сабаби 2022 йилдаги сув тошқинлари сабаб Покистонда пиёз ҳосилининг катта қисми нобуд бўлди. Шу боис, 2022 йилда Покистон қарийб 40 минг тонна қозоқ пиёзини импорт қилди ва йил давомида асосий импортёрга айланди.  Бироқ, узоқ муддатда Покистон Қозоғистон учун савдо бозоридан кўра кўпроқ рақобатчи ҳисобланади.

Қизиғи шундаки, Европа Иттифоқи мамлакатларидан бири — Польша ҳам Қозоғистондан пиёз сотиб олувчилар бешлигига кирди. Айтганча, бу мамлакат Ғарбий ва Шарқий Европа ўртасида жойлашган йирик савдо хаби сифатида ҳам танилган. Польша Қозоғистон сингари, ушбу логистик позициядан фаол ва муваффақиятли фойдаланади. Шунинг учун 2018-2020 ва 2022 йилларда Польша Қозоғистондан импорт қилган пиёзнинг кўп қисми, эҳтимол, бошқа мамлакатлар бозорларида харидорини топди. Шундай қилиб, тахмин қилиш мумкинки, Польша пиёзнинг бир қисми учун аллақачон иккинчи воситачи мамлакатга айланди ва Тожикистондан келган пиёзнинг баъзи партиялари қаердадир, масалан, Сербияда Польша пиёзи номи остида сотилди, ваҳоланки, илгари у Польшага Қозоғистон пиёзи сифатида кириб келган.

Шунингдек, Украина, Туркманистон, Грузия, Беларусь, Мўғулистон ва Ироққа Қозоғистондан пиёз мунтазам етказиб берилади.

Эҳтимол, 2023 йилда мамлакат ҳукумати ички бозордаги тақчилликдан хавотирланиб, бирмунча вақт пиёз экспортини таъқиқлашга мажбур бўлганига қарамай, Қозоғистондан пиёз экспорти географияси янада кенгайиши мумкин. Бироқ, яқинда пиёз экспортига қўйилган таъқиқ бекор қилинди.

EastFruit

East Fruit таҳлилий платформасида чоп қилинган мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат ушбу материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Мазкур сайт саҳифаларида жойлаштирилган шарҳлар ҳамда блоглар муаллифларининг фикрлари таҳририят нуқтаи назари, фикри ва позициясини ифода этмаслиги мумкин.

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Қозоғистонда чигирткаларга қарши кураш кучайтирилди

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин