Бош саҳифаМева-сабзавот бозориБозорлар шарҳиЖаҳон голубика бозори шарҳи: ушбу резаворга нисбатан талаб ўсишда давом этмоқда
Бозорлар шарҳиЯнгиликлар

Жаҳон голубика бозори шарҳи: ушбу резаворга нисбатан талаб ўсишда давом этмоқда

Айрим мамлакатлардаги ноқулай об-ҳаво шароити ва маҳсулот етиштириш таннархи ошишига қарамай, голубика етиштириш ва унинг истеъмоли бутун жаҳон бўйлаб ўсишда давом этмоқда.

2019 йили Шимолий Американи ортда қолдирган Хитой жаҳондаги энг йирик голубика етиштирувчи мамлакатлигича қолди.  Баъзи мамлакатларда ишчи кучи етишмаслиги асосий муаммо бўлди, шу боис, Буюк Британиядаги баъзи фермерлар ҳосилни кейинроқ йиғишни режалаштиряпти. Италияда сув танқислигидан хавотир бор, Австралияда эса кучли ёмғир ва сув тошқини туфайли фермерлар бутун мамлакат бўйлаб ҳосилнинг 10 фоизини бой берди. Шу билан бирга, Жанубий Африка ўтган йили голубика етиштириш учун мураккаб мавсумни бошдан кечиргач, ушбу резавор бўйича даромад пасайиши билан боғлиқ баҳс-мунозаралар авж олди. Бироқ, шундай қийинчиликларга қарамай, голубикага бўлган талаб ўсишда давом этмоқда ва жаҳон бозорининг прогнози умуман олганда, ижобий, дея хабар бермоқда Fruit-inform.

Нидерландия: маҳаллий голубика йиғим-терими бошланди

Нидерландияда Марокаш голубикаси мавсуми яхши ўтди. Резаворни Европа мамлакатларига  етказиб беришнинг биринчи ҳафталарида жуда юқори нархлар ҳукм сурди. Аммо 15-16-ҳафталардан бошлаб, трейдерлар Испанияда голубика мавсуми бошланганидан сўнг бозорда нарх сезиларли даражада пасайганига гувоҳ бўлишди, шу билан бирга, Марокашдан ҳам етказиб бериш кўпайди. Испаниядан голубика экспорти мавсуми одатдагидан кўра узоқроқ давом этди. Бу вақтда Сербиядан голубика экспорти мавсуми бошланди. Нидердандиялик импортёрлар Сербия резаворининг юқори сифатини эътироф этишмоқда — у қаттиқ, қарсилдоқ ва ниҳоятда  хуштаъм. Етказиб бериш ҳажми ошгани сайин нарх аста-секин пасаяди, бу бошқа мамлакатлардан резаворнинг сотув нархига таъсир қилади. Июнь ойи охирида Нидерландияда голубика йиғим-терими старт олди. Мавсум қулай шароитларда бошланди ва шу боис, у нидерландиялик фермерлар учун муваффақиятли кечиши мумкин. Айни пайтда трейдерлар харидорларни сифатнинг ўзига яраша нархи борлиги ҳақида огоҳлантиришмоқда, шу боис, қолдиқларга тўла омборларни бўшатаётган Жанубий яримшардаги сўнгги етказиб бериш нархини Сербия, Нидерландия ва Германиядан келаётган янги ҳосил нархлари билан таққослаб бўлмайди.

Бельгия: органик голубика улуши ўсишда давом этмоқда

Бельгияда ҳам голубика ҳосилини йиғиш мавсуми бошланди. Ушбу турдаги мевага талаб юқори. Маҳаллий фермерлар март ойидаги совуқ ҳаво ҳамда ёғингарчилик деярли йўқлиги сабабли ҳосил тақдиридан хавотирда эди. Аммо, хайриятки, бу омиллар маҳсулот сифатига таъсир қилмади, ҳосил ҳам, сифат ҳам жуда яхши. Йиғим-терим ўтган йилга нисбатан 2 ҳафта аввал бошланди. Бундан ташқари, нархлар фермерлар учун мақбул даражада ва улар бундай нархлар мавсум давомида сақланиб қолишига умидвор.

Бельгияда органик голубика етиштириш даражаси ўсишда давом этмоқда. Айни пайтда органик голубика улуши ушбу резавор умумий ҳажмининг 20 фоизини ташкил қилади. Бельгияда органик маҳсулотга талаб йил сайин ўсишда давом этмоқда. Шу боис, чакана савдо нуқталарида мазкур турдаги резавор тез-тез кўзга ташланяпти.

Германия: ҳосил йиғим-терими бошланди

Германия голубика бозори ҳозир, биринчи навбатда, Сербия ва Руминиядан турли хил етказиб берувчилар билан ажралиб турибди. Бундан ташқари, Испания маҳсулотларининг сўнгги партиялари, шунингдек, Италия ва Португалия резаворлари ички бозорга кирмоқда.  25-ҳафтадан бошлаб,  туннелларда етиштирилган маҳаллий резаворлар пайдо бўлди. Бироз вақт ўтгач, голубиканинг Duke нави сотувга чиқарилади. Бир неча ҳафтадан сўнг эса Польшадан голубика етказиб бериш бошланади.  Ҳозирча маҳсулот етиштириш таннархи ошиши давом этаётганига қарамай, нархлар ўтган йилги кўрсаткичдан бироз пастроқ.

Буюк Британия: ишчи кучи танқислиги голубика йиғим-теримини бир ҳафтага кечиктирди

Мамлакатда ушбу резаворга нисбатан талаб яхши, лекин фермерлар аҳолининг харид қобилияти пасайишидан хавотирда, бу эса резаворга бўлган талабга таъсир қилади.  Қулупнай ва малина анъанавий равишда Британиянинг ёзги резаворлари ҳисобланади, голубика эса бундай эмас, чунки у, одатда, йил давомида импорт қилинади.

Польша ва Жанубий Европа жуда рақобатбардош нархларда маҳсулот етиштириши мумкин, аммо Буюк Британиянинг ўзи ҳам ёз фаслида ички бозорни голубика билан таъминлай олади.

Буюк Британияда голубика истеъмоли худди аввалгидек ўсиб бормоқда, аммо Буюк Британия фермерлари кўпроқ рақобатбардош бўлиш учун механизациялашган йиғим-теримга ўтишлари керак, бу резавор етиштириш иқтисодий жиҳатдан самарали бўлишини таъминлайди.

Франция: ҳосил йиғим-терими кеч бошланди, аммо бу резаворлар сифатига таъсир қилмаган

Францияда испан голубикасини сотиш июнь ойи охиригача давом этди. Бир вақтнинг ўзида бозорда маҳаллий резавор пайдо бўлди. Унинг катта қисми худди аввалгидек 125 граммлик идишларга қадоқланган. Иссиқ ҳаво туфайли фермерлар экинни суғориш учун шошилишга мажбур бўлишди.  Мамлакатнинг жануби-ғарбий қисмида апрель ойи бошида плантациялар совуқ ҳаво оқимига дуч келган. Ушбу муаммо резавор пишиб етилишини тахминан 3 ҳафтага кечиктирди. Аммо ўтган мавсумдан фарқли ўлароқ, ялпи йиғим-терим нуқтаи назаридан ҳосил чўғи яхши. Сифатига келсак, айни дамда қониқарли.

Умуман олганда, Францияда голубика бозори ривожланишда давом этмоқда ва ушбу турдаги резаворга бўлган талаб доимий равишда ўсиб боряпти.

Италия: узоқ давом этган қурғоқчилик экин майдонларини қисқартириши мумкин

Италия шимолидаги жазирама иссиқ голубика экинларига зарар етказди.  Бу йилги резавор кичикроқ, об-ҳаво туфайли эса у тез пишиб етилмоқда. Суғориш учун сув тақчиллиги сабаб, фермерлар экин майдонларининг бир қисмини бой бериши мумкин. Италиянинг шимоли-ғарбий қисмида ҳосил ҳажми одатдаги даражадан атиги 50%ни ташкил қилади. Нархлар унчалик юқори эмас, чунки бозорда маҳаллий маҳсулотлардан кўра рақобатбардошроқ арзон испан мевалари етарли.

Испания: маҳаллий фермерлар нархлар ўнгланишини кутишмоқда

Июнь ойи ўрталарида испан голубикаси нархи сезиларли даражада ошди.  Бироқ, бозорга жуда катта ҳажмдаги резаворлар кириб келганлиги сабаб, нарх ҳозирча паст. Мавсумнинг қизғин палласи ортда қолгач, голубика етиштириш бутун июнь ойи давомида тезлик билан камайиб боради. Ҳисоб-китобларга кўра, ҳосилнинг 95 фоиздан ортиғи сотиб бўлинган. Бу мавсумда савдолар ҳажми ўтган мавсумга нисбатан 20 фоиздан ортиқроқдир.  Уэльва провинциясидан резаворларни етказиб бериш, шунингдек, голубика етиштирувчи мамлакатлардан импорт ўсишда давом этади.  Соҳа мутахассисларининг фикрига кўра, резаворнинг нархи пасайиб бормоқда, бу эса истеъмол ўсишини рағбатлантириши мумкин.

Жанубий Африка:  рентабеллик пасайишига қарамай, голубика етиштириш даражаси ўсишда давом этмоқда

Ўтган йили Жанубий Африка 20 минг тонна голубика экспорт қилган. Тахминий прогнозларга кўра, жорий мавсумда бу кўрсаткич 25 минг тоннагача кўтарилади.  Аммо у бундан юқорироқ ҳам бўлиши мумкин. (Ўтган йили маҳсулот етиштиришнинг умумий ҳажми 31,5 минг тоннани ташкил этган).

2021 йилда Жанубий Африкадаги голубика етиштирувчилар логистика билан боғлиқ катта муаммоларга дуч келишди. Европага мева етказиб бериш учун 60 кунгача вақт кетди. Экспорт кутилганидан паст бўлди ҳамда Фермерлик ва қишлоқ хўжалиги сиёсати бюроси 2021 йилда экспорт нархлари ўтган йилга нисбатан 14 фоиз паст бўлганини, бу, асосан, Европада нархлар пасайиши билан боғлиқлигини айтди.

Миллий резавор ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозирги кунда Жанубий Африкада 2 826 гектар ерда голубика етиштирилмоқда (шундан 74 фоизи Ғарбий Кейп, 20 фоизи Лимпопо минтақаси улушига тўғри келади). Соҳани ривожлантириш доирасида эскирган навлар замонавийлари билан алмаштирилди. Келгуси йилга бориб, голубиканинг экин майдонлари 3 208 гектарга етказилади.

Таққослаш учун айтадиган бўлсак, голубика етиштиришда Жанубий Африканинг тўғридан-тўғри рақобатчиси бўлмиш Перуда 12 минг гектар майдонда ушбу турдаги резавор етиштирилади.

Хитой: харидорлар мумсимон қатламли резаворга қизиқади

Хитой бозорида мартдан июлга қадар маҳаллий голубикани сотиб олиш мумкин. Ушбу мамлакатда мавсум март ойида бошланади. Бу йил эртаги резаворлар нархи бир килограмм учун 40 евро атрофида бўлди. Апрель ойи ўрталарига келиб, Юньнань провинциясидан бозорга кўп миқдорда маҳсулот кирган маҳал нарх 1 кг учун 14 еврога тушиб кетди.

2019 йилда Хитой голубика етиштириш бўйича АҚШни ортда қолдириб, ушбу кўрсаткич бўйича жаҳонда етакчига айланди.  Хитойнинг 2020 йилда голубика етиштириш бўйича 5 та энг йирик вилояти — Гуйчжоу, Сичуань, Аньхой, Ляонин ва Шаньдун бўлди. Юньнань провинциясида маҳсулот етиштириш, айниқса, эртапишар навлар бўйича жадал ривожланмоқда.

Чили ва Перу Хитойга голубиканинг асосий экспортёрлари ҳисобланади. Сўнгги йилларда Хитойга Перу голубикаси экспорти кескин ошди (2010 йилдаги деярли нол кўрсаткичдан 2019 йилги 63,5 минг тоннагача). Хитойлик истеъмолчилар баъзи навларга хос бўлган оқ мумсимон қатламли голубикани афзал кўришади.

Шимолий Америка: голубика етказиб бериш даражаси пастлиги  нархлар ўсишига сабаб бўлмоқда

Бу йил АҚШ бозорига голубика етказиб бериш йилнинг шу даври учун одатдагидан паст.

Калифорниядаги йиғим-терим мавсуми ўзгаргани сабаб, Қўшма штатларнинг Ғарбий қирғоғида июнь ойи охирига бориб, маҳсулот тақчиллиги кузатилди.  Бу штатда 2022 йилги голубика йиғим-терими мавсуми одатдагидан бироз аввалроқ бошланди ва эрта тугади, бу эса июнь ойи охирида Орегондан голубика ташиш одатдагидек силлиқ кечмаслигига сабаб бўлди. Шу билан бирга, Орегон, Вашингтон ва Британия Колумбияси штатларидаги совуқ баҳор Американинг шимоли-ғарбий Тинч океани соҳилида йиғим-терим бошланишини кечиктирди ва июнь ойи охирида бозорда маҳсулотнинг умумий тақчиллигига олиб келди. Вазият июль ойи ўрталаридан йиғим-терим мавсуми одатдаги даражага чиқиши билан яхшиланмоқда.

Айни пайтда АҚШнинг Шарқий қирғоғида голубика етказиб бериш одатий ҳажмда давом этяпти. Нью-Жерсида қулай об-ҳаво ҳукмрон. Кейинроқ Мичиган штатидан голубика етказиб бериш мавсумига ўтилади.

Етказиб берувчиларнинг реклама ва маркетинг ҳаракатлари туфайли голубикага талаб кучлилигича қолмоқда. Бироқ, бундай кучли талаб ва бозордаги ҳажм пасайиши 1 июль — Канада куни ва 4 июль — АҚШ Мустақиллик куни каби анъанавий «резавор» байрамларида голубиканинг сотув нархлари юқори бўлишига олиб келди, маълумки, бу пайтда АҚШ ва Канадада резаворлар истеъмоли кескин ортади. Июль, шунингдек, Қўшма Штатларда Миллий голубика ойи деб эълон қилинган.

Резавор етказиб берувчилар нархлар бироз пасайиши ва июль охири — август ойи бошларида мамлакат шимоли-ғарбий штатларидан етказиб бериш кўпайиши ҳисобига бозорда баланс юзага келишини, Нью-Жерси ва Мичиган резаворлари ўшанда ҳам сотувда бўлишини кутишмоқда.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистонда 2022 йилнинг май-июль ойларида қовун экспорти икки баробар ошди

EastFruit

Ўзбекистонда июнь-июль ойларида бананнинг улгуржи нархи 33 фоизга пасайди

EastFruit

Қозоғистонда олмадан юқори ҳосил кутилмоқда — унинг ҳаммасини сотиш имкони борми?

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин