Бош саҳифаМева-сабзавот бозориБозорлар шарҳиЁнғоқ, хандон писта, бодом ва фундукнинг Ўзбекистондаги нархлари шарҳи
Бозорлар шарҳиДолзарбМахсусЯнгиликлар

Ёнғоқ, хандон писта, бодом ва фундукнинг Ўзбекистондаги нархлари шарҳи

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ёнғоқ бизнеси катта сармоялар жалб қила бошлади, чунки, мамлакатда бу турдаги экиннинг кенг ассортиментини етиштириш учун ажойиб шароитлар мавжуд. EastFruit таҳлилчилари Ўзбекистонда етиштириладиган асосий ёнғоқ турларининг нархлари шарҳини тайёрлашди, шунингдек, уларни ўтган йилги нархлар билан солиштиришди.

Қуйидаги диаграммада: 2022 йилнинг январь ойида ёнғоқ турларида улгуржи нархлар

Аввало, шуни қайд этиш жоизки, маҳаллий етиштирилган хандон писта Ўзбекистонда энг қиммат ёнғоқ турилигича қолмоқда. Ушбу турдаги экин Ўзбекистоннинг ўрмон маҳсулотларига мансуб ёввойи ўсимлик ҳисобланади. Унинг ҳажми маданий етиштириладиган хандон пистадан кичикроқ, бироқ, мана, бир неча йиллардан буён мамлакат мазкур қиммат ёнғоқ турини саноат усулида етиштиришга ҳаракат қилмоқда ва ҳатто бу борада жуда катта режалар борлиги айтилган.

Ўзбекистонда пўстлоқли фундук нархи қимматлиги бўйича ёнғоқ турлари орасида иккинчи ўринда туради. Бу ёнғоқ тури, масалан, Грузия ёки ҳатто Россияга нисбатан анча қиммат. Ўзбекистонда  фундукнинг улгуржи нархлари Грузиядагидан уч баробар юқори, ваҳоланки фундукни Ўзбекистонда ҳам бемалол етиштирса бўлади. Бироқ, ҳозирча Ўзбекистонда фундук етиштириш бўйича ташаббуслар йўқ.

Ўзбекистонда пўстлоқли бодом бошқа мамлакатлардаги нархларга нисбатан унчалик қиммат эмас, аммо у сифати билан ҳам ажралиб туради. Бу ерда маҳаллий маҳсулотлар бор, лекин, мамлакатда йирик бодом плантациялари деярли йўқ.

Грек ёнғоғи эса энг арзон ёнғоқ тури ҳисобланади.  Ўзбекистон ушбу сегментда йирик плантациялар барпо этишни, бунда асосан, «Чандлер» навини қўллашни фаол йўлга қўя бошлади.

Ўзбекистонда 2021 йил бўйи ёнғоқ турларида нархлар қай тариқа ўзгарди?

Қуйидаги жадвалда кўриб турганингиздек, ёнғоқ нархи йил давомида сезиларли даражада ўзгарган. Бундан ташқари, икки турдаги ёнғоқ нархи кескин тушиб кетган, қолган иккитаси эса аксинча, кескин кўтарилди.

Қуйидаги диаграммада: Ўзбекистонда ёнғоқ турларида улгуржи нархларнинг ўзгариши, 2022 йилнинг январь ойида 2021 йилнинг январь ойига нисбатан, фоизда

Яна шуни қайд этиш жоизки, Ўзбекистонда ёнғоқнинг улгуржи нархлари жаҳон трендларига маълум даражада зиддир. Биринчи навбатда, грек ёнғоғи нархи 33 фоизга арзонлашгани эътиборни тортади, зеро, ушбу турдаги ёнғоқ, ҳозир жаҳон бўйича рекорд даражада қимматлаган. Ўзбекистон грек ёнғоғи экспорти бўйича жаҳонда етакчилар қаторида бўлса-да, экспорт борасида ёнғоқ ҳажми ва сифати билан боғлиқ муаммолар бор.

Хандон писта нархи эса қарийб 33 фоизга қимматлашган, аммо, бу жаҳон тенденцияларига мос келади. 2021 йилда хандон писта ҳосили АҚШ ва Туркияда паст бўлиши кутилган эди, чунки, ушбу турдаги ёнғоқ мева бериш даврийлиги билан фарқ қилади. Бироқ, Калифорниядаги қурғоқчилик муаммони янада кучайтирди (АҚШда хандон писта қандай етиштирилиши ҳақида ушбу ҳаволага қаранг).

Яхши ҳосил кутилган Эрон ҳам об-ҳаво аномалиялари туфайли хандон пистадан ҳосил ололмади. Аммо жаҳонда хандон пистага талаб ортиб бораверди.  Дарвоқе, Ўзбекистон ҳам сўнгги йилларда хандон писта импортини ошириб, уни, асосан, Эрондан сотиб олди.

Бодом нархининг ўтган йилга нисбатан 35 фоизга арзонлашгани жаҳон трендларига зиддир.  Глобал миқёсда бодом нархи бир йил аввалги жуда паст даражадан сезиларли ошди. Асосий сабаб – Калифорнияда қурғоқчилик ва сув танқислиги туфайли бодом ҳосилининг кескин камайиши (АҚШда бодом қандай етиштирилиши ва унга ишлов берилишини ушбу ҳавола орқали кўринг)дир. Дарвоқе, Ўзбекистон бодомни хориждан келтирмайди, аксинча, уни хорижга  фаол экспорт қилади.

Ўзбекистонда фундук нархининг йилига 20 фоиз арзонлашуви жаҳон бозоридаги трендларга мосдир. Жорий йил минтақада ёнғоқ ҳосили сезиларли даражада ошгани нархлар арзонлашишига олиб келди.  Ўзбекистон, одатда, Грузия ва Озарбайжондан фундук импорт қилади. Ва бу мамлакатларда унинг нархи 2021/22 йилги мавсумда пасайган.

Шунингдек, сўнгги ҳафталарда Ўзбекистон бозорида ёнғоқнинг асосий турлари нархи нисбатан барқарорлигича қолганини ҳам қайд этиш жоиз. Бироқ, материалда тасвирланган трендларни ҳисобга олган ҳолда яқин келажакда баъзи ўзгаришларни кутиш мумкин.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин