EastFruit таҳлилчиларининг хабарига кўра, мавсумнинг биринчи ярмидаги оммавий импортдан сўнг минтақа картошка бозоридаги вазият барқарорлашган. Яқин ойларда Марказий Осиё мамлакатларининг жанубий вилоятларида эртаги картошканинг йиғим-терими бошланади. Ҳозирча эса 2021 йил давомида картошка нархи қай тариқа ўзгаргани ва у ҳозир қаерда энг арзон ёки аксинча, қиммат эканлиги ҳақида оралиқ натижаларни кўрсатиш мумкин.
Қуйидаги диаграммадан кўриниб турибдики, Польша картошка нархининг нисбатан ўсиши бўйича етакчи бўлди. Бироқ, ўтган йили Польшада картошка билан боғлиқ вазият жуда мураккаб эди – локдаунлар ва ресторан ҳамда меҳмонхоналарнинг ёпилиши картошкадан фри тайёрловчи заводлар фаолияти тўхташига олиб келди, бу эса нархлар жуда паст даражага тушишига сабаб бўлди. Шу боис, таққослаш учун база жуда паст бўлди ва бундай кўрсаткич ҳеч кимни ажаблантирмаслиги керак. Йил давомида Польшада картошка нархи кескин ўсгандек туюлса-да, у «ковиддан аввалги» йилларнинг худди шу даврига қараганда паст даражададир.
Қуйидаги графикда: 2021 йил давомида EastFruit минтақаси мамлакатларида картошка нархининг ўзгариши, фоизда
Аммо бошқа мамлакатлар учун нархлар динамикаси ҳақиқатан ҳам айтишга арзирли. Картошка сифати билан боғлиқ муаммолар ва ҳатто Беларусга ҳам экспортнинг вақтинча имконсизлиги муаммоси мавжуд бўлиб турган Украинада нархлар ўтган йилга нисбатан 36 фоизга паст. Ва барча қўшни мамлакатларда йил давомида нархлар сезиларли даражада ошганига қарамай, шундай ҳолат содир бўлди. Беларусь минтақада нархлар ўсиши бўйича етакчи ҳисобланади – ҳозир бу ерда картошка ўртача бир йил аввалгидан 60% қимматроқ сотилмоқда.
Аммо Россия кенг кўламли импорт, жумладан, Эрондан импорт билан боғлиқ вазиятни ҳам барқарорлаштиришга муваффақ бўлди. Шу сабабли, Россия Федерациясида картошка 2021 йилнинг шу даврига нисбатан ўртача бир ярим баробар қиммат. Ўзбекистонда бир йил давомида картошка нархи 43 фоизга ошди ва мамлакат картошка импорти бўйича йил давомидаги рекордини яна янгилади. Ўзбекистондаги вазият фонида Тожикистондаги ҳолат ҳайратланарли даражада барқарор кўринади, бу ерда картошка нархи йил давомида умуман ўзгармади ва анча арзон даражада қолди. Маҳаллий мутахассислар буни маҳаллий картошка дастлаб экспортга мўлжалланмаганлиги, шунинг учун Тожикистонда бир хил сифатли картошканинг тижорат партиясини йиғиш анча қийин экани билан изоҳлашмоқда. Қанчалик ажабланарли бўлмасин, бу бозорни нархлар ошишидан ҳимоялайди. Акс ҳолда, маҳаллий картошка аллақачон Россия Федерацияси, Қозоғистон ва Ўзбекистонга катта ҳажмда экспорт қилинар эди.
Грузия ва Молдовада картошка нархининг нисбатан кам ўсиши ҳам диққатга сазовордир. 2021/22 йилги мавсумда ҳар икки давлат кутилмаганда картошка экспортёрига айланди, бу эса нархлар бироз ошишига имкон берди.
Аммо, агар биз мутлақ нарх даражасига эътибор қаратсак, Молдовада картошка ҳали ҳам нисбатан арзон эканлиги аён бўлади. Шубҳасиз, бу бозор иштирокчиларини мамнун қила олмайди. Бироқ, Молдова Украинадан маҳсулотларни импорт қилиши мумкин, бу ерда нархлар ўта паст ва минтақадаги барча мамлакатлар орасида энг паст нархлар ҳисобланади. Шунингдек, яқин атрофда Польша ҳам бор, у ерда ҳам нархлар нисбатан паст – Украинадагидан атиги икки АҚШ центига юқори.
Қуйидаги графикда: 2022 йилнинг 2-ҳафтаси якунига кўра, EastFruit минтақаси мамлакатларида картошканинг ўртача улгуржи нархлари, $/кг
Графикнинг охирида Ўзбекистон жой олган, у ерда картошка худди бир йил аввалгидек, минтақадаги энг қиммат нархларда. Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Россия Федерацияси ўртасида картошка нархи бўйича фарқ сезиларли даражада. Россия ва Грузия ҳам бир йил аввалги каби сабзавотлар учун нархларнинг юқори даражасига эга. Бу йил уларга Беларусь қўшилди, ушбу мамлакатда нархлар, одатда, ҳозиргидан анча паст.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!