Бош саҳифаМева-сабзавот бозориБозорлар шарҳиМузлатилган мевалар, резаворлар ва сабзавотларнинг жаҳон бозори: асосий тенденциялар ва йирик ўйинчилар
Бозорлар шарҳиДолзарбМахсусЯнгиликлар

Музлатилган мевалар, резаворлар ва сабзавотларнинг жаҳон бозори: асосий тенденциялар ва йирик ўйинчилар

2023 йилнинг 16 март куни EastFruit лойиҳаси музлатилган мевалар, резаворлар ва сабзавотлар бозоридаги вазият бўйича биринчи онлайн конференцияни ўтказди. Конференциянинг видеоёзуви ушбу ҳаволада мавжуд.

Тадбирда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) инвестицион департаменти иқтисодчиси Андрий Ярмак музлатилган резаворлар ва мева-сабзавотларнинг жаҳон бозори бўйича таҳлилий шарҳни тақдим этди. Хусусан, экспертнинг қайд этишича, мева-сабзавотларни музлатиш сегменти бутун мева-сабзавот бизнесининг энг истиқболли сегментларидан биридир.  Музлатилган мевалар, резаворлар ва сабзавотларнинг глобал савдоси ҳар йили 6 фоизга ёки 740 миллион долларга ўсиб бормоқда, мева сегменти сабзавот сегментига қараганда тезроқ ўсмоқда. Шу билан бирга, музлатилган мева-сабзавотлар бўйича жаҳон савдосининг умумий ҳажми 2021 йилда (алоҳида ўзига хос бизнес бўлмиш музлатилган картошка-фри сегментини ҳисобга олмаганда) 14,2 миллиард долларга етди.

ФАО экспертининг сўзларига кўра, ХоРеКа сегменти учун музлатилган сабзавотлар ва мевалар кўплаб ресторану меҳмонхоналар билмаган жуда кўп афзалликларга эга. Шунинг учун музлатилган сабзавот ва меваларни сотадиган музлатувчи тадбиркорлар ва трейдерлар ушбу имкониятларни тарғиб қилишга эътибор қаратишлари керак, зеро, бу мазкур сегментнинг янада тез ўсишига ёрдам беради.

Музлатилган мева- сабзавотлар халқаро савдосининг энг тез ривожланаётган сегменти музлатилган экзотик мевалар экспортидир. Ушбу сегмент, Андрий Ярмакнинг тахминий ҳисоб-китобларига кўра, йилига ўртача 15% га ўсади, аммо бу борада аниқ статистика йўқ. Шу билан бирга, экзотик мевалар туфайли меваларнинг барча сегменти (резаворлар бундан мустасно) йилига ўртача 12 фоиз ёки тахминан 350 миллион долларга ўсиб бормоқда.

Бироз секинроқ, лекин жуда динамик равишда музлатилган резаворлар сегменти ўсиб боряпти.  Ушбу тоифадаги экспортнинг йиллик ўсиши 200 миллион долларга ёки деярли 10 фоизга етади. 2021 йилда резаворлар орасида асосий экспорт позицияси музлатилган малина бўлиб, у қулупнай бўйича узоқ муддатли етакчини ортда қолдирди.  Музлатилган голубика сегменти ҳам келгуси йилларда ўсиши кутилмоқда.

Бельгия музлатилган мева-сабзавотлар экспорти бўйича жаҳонда етакчи ҳисобланади. Кучли учликка Хитой ва Польша ҳам киради. Ҳар йили музлатилган мева-сабзавотлар экспортидан 700 миллион доллардан зиёд даромад оладиган Сербия олтинчи ўриндадир. Ва Сербия учун ушбу даромаднинг асосий қисмини музлатилган малина шакллантиради. 2021 йили Украина ҳам 200 миллион доллардан ортиқ даромад билан биринчи марта жаҳон етакчилари йигирматалигига кирди. Жами жаҳоннинг 28 давлати (ҳар бири) йилига 100 миллион доллардан ортиқ музлатилган мева-сабзавотларни экспорт қилмоқда.

Дарвоқе, Украина музлатилган мева-сабзавот экспорти ўсиши бўйича жаҳонда иккинчи ўринда туради, у экспортни йилига 24 фоиз ёки 24,3 миллион долларга оширмоқда.  Музлатилган экзотик мевалар сегментида истеъмол ҳажми ўсиши бўйича Малайзия биринчи ўриндадир. Экспорт ҳажми ўсиши бўйича Польша жаҳонда етакчилигича қолмоқда ва экспорт ҳажмини йилига ўртача 62,4 миллион долларга оширмоқда. Шунингдек, кучли бешликда Тайланд, Сербия, Миср ва Испания ҳам бор.

Музлатилган мева- сабзавотлар бозорлари анчайин консолидациялашган. Булар, асосан, аҳоли даромадлари ва ҳаёт суръати юқори бўлган мамлакатлардир. Шунга кўра, 5 та энг йирик импортёр давлат: АҚШ, Германия, Япония, Франция ва Бельгия ҳиссасига жаҳондаги музлатилган мева-сабзавотлар импортининг деярли ярми тўғри келади”, дейди Андрий Ярмак.

Шу билан бирга, АҚШ, Хитой ва Польша ўз импортини энг тез суръатлар билан оширмоқда. Экспорт ўсиши бўйича ҳам етакчи бўлган Польша учун импортнинг ўсиши бу бозорда қолишга имкон берувчи мажбурий чора ҳисобланади.

Музлатилган мева-сабзавот экспортини эндигина ошира бошлаган мамлакатлар, биринчи навбатда, Ўзбекистон учун АҚШ, Канада, Европа Иттифоқи ва Япония каби бозорларга эътибор қаратишни тавсия этаман. Агар ишлаб чиқарувчилар ушбу ҳудудларга етказиб бериш учун зарур бўлган маҳсулотлар хавфсизлиги ва сифатини назорат қилиш тизимини таъминлай олса, келажакда улар бошқа мамлакатларга маҳсулот сотишда муаммога дуч келмайди. Мен ўрта ва узоқ муддатда Жануби-Шарқий Осиё ҳамда Яқин Шарққа музлатилган мева-сабзавотларни сотиш ҳажми юқори суръатларда ўсиб боришини ва йирик импортёр мамлакатлар географияси жуда ҳам кенгайишини кутмоқдаман”, дейди ФАО эксперти.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Маrlena қизил смородина бозорида янги лидерга айланадими?

EastFruit

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Марказий Осиё боғбонлари қора смородинани йошта билан, қизилини эса калина билан адаштиришмоқда!

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин