Бош саҳифаМева-сабзавот бозориБозорлар шарҳиЕF Trade Alerts: пиёз, олма ва лимоннинг рекорд даражадаги импорти – Ўзбекистон бўйича 2022 йилнинг февраль ойи натижалари
Бозорлар шарҳиДолзарбМахсусЯнгиликлар

ЕF Trade Alerts: пиёз, олма ва лимоннинг рекорд даражадаги импорти – Ўзбекистон бўйича 2022 йилнинг февраль ойи натижалари

Жорий йилнинг иккинчи ойи Ўзбекистонда сабзавот ва мевалар ташқи савдоси бўйича ҳам аввалги тенденцияларнинг давом этиши (бир неча тоифадаги цитрус мевалар импорти кўпайиши), ҳам бир қатор янги ҳодисалар билан алоҳида ажралиб турди. Пиёзнинг йирик экспортёрларидан бири жорий йил февраль ойида ушбу маҳсулотнинг нетто-импортёрига айланди. Олма сегментида ҳам импортнинг рекорд ҳажми, саримсоқ, киви ва картошка сегментларида эса импортнинг сезиларли ўсиши қайд этилди.

Сабзавотлар

2022 йилнинг февраль ойида Ўзбекистон сабзавот бозори иштирокчилари мамлакатда пиёзнинг муайян даражада тақчиллиги ҳақида хабар бера бошлашди ва Ўзбекистон узоқ вақтдан буён биринчи бор ушбу маҳсулотни импорт қилди!

Натижада, маҳаллий бозор учун пиёз импорти ҳажми қарийб 1,1 минг тоннага етди ва ушбу маҳсулотнинг нархи уч йил ичида энг юқори кўрсаткичга кўтарилди. Айтиш жоизки, бу даврда Ўзбекистонга пиёз етказиб берувчи ягона давлат қўшни Қозоғистон бўлди.

Айни пайтда ички бозорда пиёз тақчиллиги туфайли ушбу маҳсулотни экспорт қилувчилар сотиш ҳажмини сезиларли даражада камайтиришга мажбур бўлди. Мамлакатдан жами 530 тонна пиёз экспорт қилинган бўлса, унинг учдан икки қисмини Туркманистон, қолган қисмини Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари ва Россия импорт қилган.

Пиёздан фарқли ўлароқ, картошка сегментида Ўзбекистон ҳар доимгидек нетто-импортёрлигича қолган, бироқ бу борада ҳам жорий йилнинг февраль ойида рекорд ҳажмлар кузатилди. Импорт ҳажми эса ўтган йилга нисбатан икки баробар кўп – 82 минг тоннагача ошди. Қайд этиш жоизки, бу даврда Ўзбекистон бозорининг асосий улушини Покистон эгаллаб, Ўзбекистонга картошка импорти умумий ҳажмининг қарийб 85 фоизини етказиб берган.

Ўзбекистонда жорий йилнинг февраль ойида хориждан келтирилган саримсоққа ҳам талаб кутилмаганда юқори бўлди. Эрон ва Хитойдан импорт қилинган саримсоқ ҳажми олти баробардан зиёдроқ ошди, яъни 480 тоннагача етди.

Мевалар

Ўзбекистонда цитрус мевалар импорти ўсишда давом этди ва лимон сегментида рекорд янгиланди.

Февраль ойида маҳаллий импортёрлар мамлакатга 800 тонна лимон импорт қилди ва бу Ўзбекистонда 2020 йилнинг августидан буён қайд этилган аввалги рекордни янгилади. Шу билан бирга, ушбу ҳажмнинг деярли барини икки етказиб берувчи давлат таъминлаган: Туркия (590 тонна) ва Тожикистон (200 тонна).

Айни пайтда апельсин сегменти бўйича Туркия етказиб берувчилар рейтингида Эрондан ортда қолди. 2022 йилнинг февраль ойида жами 1,4 минг тонналик импортнинг учдан бир қисми Туркиядан Ўзбекистонга етказилган бўлса, бу борада Эрон улуши 59 фоизни ташкил этди.

Кивига келсак, айнан Эрон ушбу бозорда мутлақ етакчилигича қолди ва Ўзбекистон импортига тааллуқли 1,2 минг тонналик умумий ҳажмнинг 98 фоизини экспорт қилди. Шуни қайд этиш жоизки, февраль ойида киви импорти кетма-кет учинчи йил ўсди ва 2021 йилга нисбатан унинг ҳажми деярли уч баробар ошди!

Олма ҳам февраль ойида мамлакатга мева импортининг муҳим позицияларидан бири бўлди ва харид ҳажми сўнгги йилларда рекорд даражадаги 8000 тоннага етди. Ушбу сегментда Эрон ҳам асосий етказиб берувчи бўлиб, ушбу кўрсаткичнинг 78 фоизини таъминлади.  Ўзбекистонга олма экспорт қилувчи бошқа нисбатан йирик давлатлардан Молдова, Украина, Польша, Туркия ва Хитойни ҳам қайд этиш мумкин.

 

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин