Бош саҳифаМева-сабзавот бозориБозорлар шарҳи2022 йилнинг иккинчи ярми бўйича жаҳон бодом бозори шарҳи
Бозорлар шарҳиДолзарбМахсусЯнгиликлар

2022 йилнинг иккинчи ярми бўйича жаҳон бодом бозори шарҳи

EastFruit таҳлилчилари бодом етиштирувчи асосий мамлакатлардаги бодом бозори шарҳини тайёрлашди.

Австралия Хитой бозорида АҚШдан ўзиб кетди

Ноябрь ойида Австралия бодом экспортини 37 фоизга оширди ва экспорт ҳажми 9,3 минг тоннага етди (бодом мағзи ва пўстлоқли бодом). Бу охирги ўн йилнинг ноябрь ойлари билан таққослаганда рекорд ҳажмдаги экспорт ҳисобланади. Қолаверса, 2022 йилнинг августидан сентябригача бўлган давр ҳам — Австралия экспорти учун рекорд натижалар  бўлди. Кескин ўсиш Хитойга экспорт ортиши билан боғлиқ бўлиб, у 90 фоизга ёки 100 миллион долларга ошган. Австралия бодом экспортининг 83 фоизи Хитой улушига тўғри келади. Австралиянинг Хитой бозоридаги аҳамияти ҳам ошди – энди Австралия бодомининг Хитой импортидаги улуши қарийб 60 фоиз (190 миллион доллар)ни ташкил этмоқда, АҚШ эса ўз ўрнини бой бермоқда – кўриб чиқилаётган даврда Америка бодомининг Хитой импортидаги улуши 20 фоизга ёки 37 миллион долларга камайди ва 135 миллион долларни ташкил этди. Шундай қилиб, Австралия Хитой бозорида етакчи позицияни эгаллади.

АҚШ: логистик хаос

Охирги олти ой ичида АҚШдан бодом экспорти 13 фоизга камайди. Экспорт ҳажмининг пасайиши Осиё мамлакатлари бозорларига АҚШ бодомининг етказиб бериш ҳажмларининг камайиши ҳисобига рўй берди. Шу билан бирга, Яқин Шарқ мамлакатлари — БАА, Марокаш, Иордания ва Исроилга етказиб бериш ҳажми ошди.

«Терра Нова Трейдинг» компанияси президенти Стюарт Маккаллистернинг сўзларига кўра, сўнгги бир ярим йилда ушбу тизимнинг бузилишига етказиб бериш занжирида кузатилган турли факторлар сабаб бўлди – бекор қилинган буюртмалардан тортиб, номуносиб кемалар ва жадвал ўзгаришларигача. Буларнинг бари АҚШ иқтисодиётининг тикланиши ва истеъмол талаби кескин ўсиши билан боғлиқ эди. Товарларни жўнатиш муддати узайтирилиши афлотоксин тарқалиши хавфини оширди ва Осиёдан АҚШ қирғоқларига спот юк ставкалари ҳам 400% га ошди. Кемалар кечикиши туфайли маҳсулот қийматини тўлов тизимида ҳам муаммолар пайдо бўлди, чунки кўплаб харидорлар товар партияси учун пулни у етиб келганидан сўнг тўлайди.

Испания: ноқулай об-ҳаво шароити туфайли маҳсулот етиштириш ҳажмининг қисқариши

Шу билан бирга, Испаниядан бодом экспорти ушбу мамлакатда маҳсулот етиштириш 27% га камайиши туфайли 25 фоизга қисқарди (USDA). Бу, биринчи навбатда, 2022 йилнинг апрель ойи бошидаги совуқ об-ҳаводан зарар кўриш билан боғлиқ. Апрель ойи бошида мамлакат шимолидаги бодом етиштириладиган айрим асосий ҳудудларда ҳаво ҳарорати -5°C гача пасайди, шу билан бирга жанубий вилоятларда об-ҳаво инжиқлиги маҳсулот етиштириш жараёнига таъсир этмади. USDA маълумотларига кўра, совуқдан ташқари, қурғоқчилик ва замбуруғли касалликлар маҳсулот етиштириш ҳажмига салбий таъсир кўрсатди. Бодом етиштириш ҳажмининг камайиши фермерлар кутганидек, нархларни ошишига олиб келмади, бунга Калифорния бодоми импорти сабабдир. Испаниялик бодом етиштирувчилар учун АҚШдан импорт қилинаётган юқори бодом билан рақобатлашиш мавсумдан-мавсумга тобора қийинлашиб бормоқда. 2022 йилнинг июль-ноябрь ойларида АҚШдан бодом импорти 12 фоизга ўсган (сўнгги мавжуд маълумотлар) ва 196,3 миллион долларга етган. Шунингдек, Австралия Европа континентига томон экспансияни давом эттирмоқда — Австралия бодомлари импорти деярли икки баробар — 11,6 миллион долларгача ошди.

Грузия бодомнинг нетто- экспортёрига айланди

Халқаро савдо статистикаси маълумотларига кўра, сўнгги олти ойда Грузия 86,9 минг долларлик 66 тонна бодом экспорт қилди. Ўзбекистон унинг асосий савдо ҳамкорига айланди, пўстлоғи тозаланмаган Грузия бодомининг 99 фоизи Ўзбекистонга экспорт қилинди. Шу билан бирга, Грузия Туркиядан 43 минг долларлик 22 тонна бодом импорт қилган. Ҳозирча Грузия фақат пўстлоғи тозаланмаган бодом билан савдо қилмоқда.

Бугунги кунда Грузияда 6 минг гектарга яқин интенсив бодомзорлар мавжуд. Грузиядаги энг йирик бодом етиштирувчи «Удабно» компанияси 2,3 минг гектар бодом плантацияларига эга.  Ҳозирча Грузияда бодом боғларининг кичик қисми — тахминан  500 гектари тўлиқ ҳосилга кирган.

Ўзбекистон ҳам бодомнинг нетто-импортёрига айланди

Баҳорги аёзлар туфайли Ўзбекистонда сўнгги икки мавсум давомида бодом етиштириш ҳажми сезиларли даражада камайди. Статистик маълумотларга кўра, 2022 йилнинг июль ойи бошидан 20 декабрга қадар пўстлоқли бодом экспорти ҳажми атиги 97,5 тоннани ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,7 баробар камдир. Сентябрь ойи охири – октябрь ойи бошида ушбу маҳсулотнинг йиғим-терим мавсуми якунига кўра, пўстлоқли бодомнинг ўртача улгуржи нархлари ўтган йилги кўрсаткичдан бир ярим баробар юқори бўлди. 2022 йилнинг иккинчи ярмида Ўзбекистонга бодом импорт 11 баробар ошди – Афғонистон, Озарбайжон, АҚШ ва Грузиядан 1,8 миллион долларлик бодом (мағиз ва пўстлоғи тозаланмаган) импорт қилинди.

Озарбайжон бодом экспортини бошлади

Озарбайжон бўйича халқаро савдо статистикаси маълумотлари фақат 2022 йилнинг сентябригача бўлган давр учун мавжуд, шунинг ўзи ҳам экспорт фаолияти бошланганини  кўрсатмоқда. Озарбайжон июль-сентябрь ойларида Россия Федерацияси (54 фоиз), Ўзбекистон (30,3 фоиз) ва Беларусга (15,8 фоиз) 264 минг долларлик бодом экспорт қилди. Агар Россия Федерацияси ва Беларусга бодом мағзи экспорт қилинган бўлса, Ўзбекистонга пўстлоқли бодом экспорт қилинган. Кўриб чиқилаётган даврда АҚШ (+33%) ва Туркиядан (+12%) бодом мағзи хариди ортиши ҳисобига импорт 45 фоизга ўсиб, 500 минг долларни ташкил этди.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин