Украиналик олма етиштирувчилар учун жорий олма мавсуми ички бозорда нархларнинг 40%га пасайиши билан характерланмоқда. Бундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, фақат экспорт бозорлари, биринчи навбатда, Европа Иттифоқи ва Яқин Шарқ мамлакатларига йўналтирилган ишлаб чиқариш компанияларигина «омон қолади». Бу фикрни “Днепр боғлари” (Украина) компанияси директори Александр Пахно билдирди.
2021/2022 олма мавсумининг оғир шароитларида юқори сифатли маҳсулот олиш имконини берувчи технологияларга, олма бозорини янада ривожлантириш ва энг истиқболли экспорт йўналишларига эътибор қаратиш нима учун муҳимлиги ҳақида EastFruit материалида ўқинг.
«Олма бозорида фақат экспорт қилишни биладиганлар «омон» қолади»
Александр Пахно таъкидлаганидек, жорий мавсум «Днепр боғлари» учун жуда яхши кечди. Бунга қулай об-ҳаво шароити сабаб бўлди, зеро, сифатли ҳосил олишга эришилди, шунингдек, компания боғи тўлиқ мева беришни бошлади.
“Агар илгари баҳордаги атипик об-ҳаво шароити туфайли олма мавсуми кечикишини эълон қилган бўлсак (қишки олма навларининг пишиши ўртача икки ҳафтага кечикди), бугун мавсум “чўзилди” ва ўтган йилгидан деярли фарқ қилмайди.
Экспорт нархларига келсак, ҳозирги вақтда улар ўтган йилгидан кўра, ўртача 5 фоизга паст. Ички бозор эса пасайди – мавсум бошида нарх ўтган йилга нисбатан тахминан 40% паст бўлди. Бу маҳсулотни керагидан ортиқча ишлаб чиқариш ва сақлаш ҳажми етишмаслиги, шунингдек, кам истеъмол билан боғлиқ. Шунга қарамай, ички бозорда истеъмол даражаси ошиши керак, деб ўйлайман. Бунинг сабаби, олма – банан, узум ва тарвуздан маълум бир бозор улушини тортиб олади. Айтганча, истеъмол ҳозирданоқ ўсиб бормоқда, лекин ҳали ҳам пастлигича қоляпти», дейди Александр Пахно.
Шу билан бирга, «Днепр боғлари» компанияси директорининг қайд этишича, олма бозоридаги ҳозирги вазиятда фақат экспорт қилишни биладиганлар омон қолади, чунки, бугунги кунда кўплаб компаниялар ички бозорда «минус»га ишлашга мажбур.
Александр Пахнонинг таъкидлашича, бугунги кунда унинг компанияси ўтган мавсумларда максимал ишланган иккита экспорт йўналишига эътибор қаратмоқда – булар Европа ва Яқин Шарқ мамлакатлари бозорларидир.
«Осиё бозори ҳозир «ўтириб қолди», чунки, Хитойдан арзон олма етказиб бериш бўйича таклифлар бор. Шунингдек, ушбу минтақада коронавирус пандемияси туфайли истеъмол камайиши кузатилмоқда. Шунга қарамай, Осиё бозорларида кечки олма навларига кучли талаб сақланиб қолган. “Масалан, “Фуджи” нави Малайзияда машҳур, аммо бизда бу нав бўйича ҳозирча таклиф йўқ. Ўйлайманки, уч ҳафтадан сўнг, яъни, йиғим-терим тугалланиши билан биз Малайзияга олма жўнатишни бошлаймиз», дея ишонч билдирди Александр Пахно.
«Днепр боғлари» Украинада биринчи бўлиб олма саралаш линиясида ташқи нуқсонларни аниқлаш учун IQS Perfomance оптик блогини ўрнатди.
“Днепр боғлари” компанияси директорининг маҳсулотларни сақлаш ва уларга ишлов беришга инвестициялар йўналтирмай туриб, тизимли экспортни амалга ошириш мумкин эмаслигига ишончи комил. Маълумки, бу омил премиум-сифатли маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар учун энг қулай нархларда сотиш имконини беради.
Шундай қилиб, жорий мавсумда «Днепр боғлари» Украинада муқобили бўлмаган Greefa компаниясининг IQS Perfomance ташқи нуқсонлар бўйича оптик саралаш модулини ўрнатиб, олма саралаш линиясини модернизация қилди. Бу функция саралаш жараёнининг сифати ва унумдорлигини оширади.
«Илгари саралаш жараёнида сифат (олманинг шикастланиши) бўйича қарорни ходимлар қабул қилар эди, машина фақат меванинг рангги, ҳажми, шакли ва вазни учун жавобгар эди. Олманинг умумий оқимини рангги, оғирлиги ва диаметри бўйича синфларга бўлгандан сўнг қадоқлаш столларида уни қутига жойлаштиришда ходим: олмани биринчи навга киритиш ва уни қадоқлашга жўнатиш керакми ёки иккинчи нав – қайта ишлашга жўнатиладиган конвейерга йўналтириш керакми – шу хусусда қарор қабул қиларди. Бу узоқ вақт талаб этар ва унчалик самарали эмас эди. Қолаверса, инсон омили ҳам истисно қилинмаган: ходимнинг эътиборсизлиги, ундаги чарчоқ ва натижада хатолар юзага келиши мумкин. Энди олманинг биринчи, иккинчи, учинчи … синфини белгилаш бўйича қарорни компьютер қабул қилади. Йўналиш оператори фақат мезонларни ўрнатади ва шунга кўра, машина олмани қадоқлаш столига ёки масалан, шарбатлар ва пюрелар ишлаб чиқариш учун қайта ишлашга юбориладиган контейнерга жўнатиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Илгари, саралаш линиясига кўп миқдорда зарарланган олма тушганда линиянинг маҳсулдорлиги икки баравар камайиши мумкин эди. Мевалардаги нуқсонларни аниқлашнинг янги функцияси билан энди бундай муаммолар юзага келмайди ва GeoSort моделининг тўрт чизиқли линияси соатига 11-12 тоннагача олмани саралаши мумкин”, дейди Александр Пахно.
“Днепр боғлари” корхонасида ўрнатилган янги ташқи сифат назорати тизими (IQS Perfomance) ҳар бир олманинг 80 та фотосуратини олиш хусусиятига эга. Бунга оптик блокка ўрнатилган турли тўлқин узунликларига эга 6 та рангли ва 6 та инфрақизил кенг бурчакли камералар туфайли эришилади. Кейин сунъий интеллект олмаларнинг сиртини таҳлил қилади ва тасвирларни 3D моделга чиқаради.
(IQS Perfomance) барқарор ишлашни кафолатлайди ва мева юзаси ёки пўстлоқ остидаги 1 кв.ммгача бўлган турли нуқсонларни аниқлаш имконини беради», дейди GFEEFA компанияси вакили Ханс Реймерин.
Украинадаги GFEEFA брендининг расмий вакили – “Инсолар-Холод” компанияси директори Анатолий Богдан “Инсолар-Холод” компанияси “Днепр боғлари» билан ҳамкорлик қилишдан мамнун эканлигини таъкидлади. Чунки, бу ёш компания жадал ривожланмоқда, олма сақлаш ва саралаш борасидаги барча янгиликларга қизиқиш билан қарайди ва ишлаб чиқаришда энг янги технологияларни қўллайди. Ҳозир ҳам компания IQS Perfomance инновацион тизимини қўллаш бўйича қарор қабул қилган. Бу тизимни илгари Украинада мева-сабзавот маҳсулотларини етиштирувчи ҳеч бир компания қўлламаган эди.
“Ушбу замонавий линия олма етиштирувчига маҳсулотни сотишда катта афзаллик беради, чунки, сифат жиҳатидан у харидорларнинг эҳтиёжларини 100 фоиз қондира олади. Гап шундаки, супермаркетлар бундай линия бўйича сараланган товарларни олдиндан сифат назоратисиз қабул қилишлари мумкин. Бу, ўз навбатида, чакана савдога қабул қилиш жараёнида сезиларли иқтисод қилиш ва иш самарадорлигини ошириш имконини беради», дейди «Инсолар-Холод» директори.
Александр Пахнонинг ишончи комилки, янги ускуна ходимлар учун ҳам қулай, зеро, энди олмани визуал текширишга вақт сарфлашнинг ҳожати йўқ. “Шунинг учун биз “Днепр боғлари”дан меҳнат унумдорлиги ошишини кутамиз. Бундан ташқари, олма саралаш сифатини яхшилаш учун бизнинг чакана савдо тармоқлари билан ишлашимиз ҳам сезиларли даражада яхшиланишини кутмоқдамиз, чунки, улар маҳсулотимизни ички сифат назорати босқичидан ўтказмасдан қабул қилишлари мумкин», дея хулоса қилади компания директори.
«Днепр боғлари» компанияси Украина мева-сабзавот ассоциацияси (УМСА) билан ҳамкорлик доирасида Украинанинг энг йирик АТБ тармоқлари учун шунга ўхшаш таклифларни тайёрламоқда. «Днепр боғлари» ва «Фоззи» саралаш мажмуидан 10 км узоқликда жойлашган тарқатиш маркази билан УМСА платформаси ҳамкорлик қила бошлади ва у бенуқсон сифат туфайли савдо ҳажмини оширишни режалаштирган.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!