Ўтган йили Украинадан маржондарахт меваси экспортининг умумий ҳажми 7,5 минг тоннани ташкил этди. Ушбу турдаги мевага харидорларнинг қизиқиши тобора ортиб бормоқда. Европа Иттифоқи давлатларидан ҳам, Осиёдан ҳам талаб бисёр. Улар резаворни хорижда музлатилган ҳолатда сотишади. Хўш, маржондарахт мевасини музлатиш учун қандай ускуналар мос келади ва резавор қайта ишлашга қандай тайёрланади? Бу хусусда SEEDS учун сақлаш ускуналарини етказиб берувчи «Ван Дайк Техникс» компаниясининг тижорат директори Андрей Марушак сўзлаб берди.
«Маржондарахт меваси, одатда, статик равишда музлатилади, чунки, у шок усулида музлатишга муҳтож эмас, меванинг шаклини сақлаб қолишга ҳожат йўқ – резавор қайта ишлашга юборилади. Аммо кўплаб етказиб берувчилар, хусусан, шок усулида музлатиш туннелларига эга бўлган мижозларимиз, маржондарахт мевасини шундай ускунадан фойдаланган ҳолда музлатишади. Албатта, бу статик музлатишдан кўра тезроқ ва самаралироқ. Аммо музлатиш туннелларини бошқа маҳсулотлар учун ҳам қўллаш фойдали бўлади, чунки, бундай ускунани фақат маржондарахт меваси учун ўрнатиш оқилона тадбир деб бўлмайди», дейди мутахассис.
Шунингдек ўқинг: Янги суперфуд: украиналик фермерлар минглаб тонна маржондарахт мевасини экспорт қилмоқда
Андрей Марушакнинг сўзларига кўра, маржондарахт меваси новдалари билан бирга музлатилади. Бу резаворнинг новдасидан ажралиши осонроқ бўлиши учундир. Чунки, янги резаворлар ажралиши қийин. Маржондарахт меваси музлатишдан аввал ҳеч бир махсус тайёргарликни талаб қилмайди. Музлатгандан сўнг резавор сақлашга, қайта ишлашга ёки сотувга жўнатилади.
Меваларни музлатиш учун мўлжалланган ускуналарнинг нархлар диапазони етарлича кенгдир.
«Соатига бир тонна маҳсулотни музлатадиган 200 минг евролик туннелни ва соатига 5 тонналик қувватга эга 1 миллион евро миқдоридаги панелни сотиб олиш мумкин. Бу фермерга боғлиқ – унга қандай турдаги ускуналар керак, қандай қувватга эга бўлгани маъқул, шунга кўра харид қилади», деб таъкидлайди «Ван Дайк Техникс»нинг тижорат директори.
Мутахассиснинг айтишича, сўнгги йилларда музлатиш туннелларига талаб кучайиб бормоқда.
“Украинада резавор етиштиришга қизиқиш ортяпти, плантациялар майдони кенгайяпти, шунинг учун бундай ускунага эҳтиёж катта. Голубикадан ташқари, бошқа барча резаворлар учун асосий йўналишлардан бири – музлатиш ва ишлов беришнинг бошқа туридир, лекин музлатиш устувор ҳисобланади. Бу йўналишларда ҳажм сархил резаворлар савдосига қараганда анча юқори”, дейди Андрей Марушак.
«Агар оммавий бозор ҳақида гапирадиган бўлсак, энг оммабопи малина ва қулупнайнинг музлатилганидир», дейди мутахассис. Аммо нишали йўналишлар ҳам бор. Маржондарахт мевасидан ташқари қорағат бизнеси шундай йўналиш саналади.
“Ёввойи қорағат – нишали резавор, Украинада у экспортга мўлжалланган маҳсулот саналади. Саноат усулида етиштирилмайди – ёввойи ҳолда йиғиб олинади. Қорағат, асосан, музлатилган шаклда экспорт қилинади. Бугунги кунда Украинада нишали резаворлар йўналиши фаол ривожланмоқда», дейди Андрей Марушак.
Шунингдек ўқинг: Реза меваларни музлатиш учун Украинада ишлаб чиқарилган ускуна: юқори сифат ва арзон нарх
» Ван Дайк Техникc» компаниясининг тижорат директори музлатиш туннелларига инвестиция йўналтириш рационал тадбир эканини баҳолаш учун шундай маслаҳат беради: “Ускуналар қувватини ишлаб чиқариш ҳажмидан келиб чиқиб танлаш керак. Бундан ташқари, резаворлар туннелни фақат маълум вақт давомида тўлдириб турадиган мавсумий экин эканини тушуниш лозим. Ушбу ускунани ўрнатаётганда уни бошқа пайт қўшимча равишда қандай ишлатиш мумкинлиги ҳақида ўйлаш керак. Бунинг учун бошқа маҳсулотлар (сабзавот ва мевалар)ни музлатиш ёки бошқа фермерларга музлатиш билан боғлиқ хизматларни кўрсатиш керак.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!