Исроил цитрус саноати ҳосил йиғим-терими вақтидаги яхши об-ҳаво, бироз яхшиланган валюта курси, муаммосиз таъминот, кучли талаб ва яхши бозор нархлари туфайли ижобий ўзгаришларга юз тутди.
Исроил Ўсимликлар ва маркетинг бошқармасининг савдо ва реклама бўйича мутахассиси Орна Инбарнинг сўзларига кўра, мавсум кеч бошланганига қарамай, улар 100 минг тоннага яқин Jaffa Orri мандаринлари ҳосилини кутишмоқда, бу ўтган йилги мавсумга нисбатан 18 фоизга кўпдир. Бу ҳақида FreshPlaza ҳаволасига таяниб EastFruit хабар бермоқда.
«Исроиллик селекционер олимлар яратган Jaffa Orri мандаринлари таъми, ранги, ҳажми ва хушбўйлиги бўйича пўстлоғи осон арчиладиган мандаринлар «қирол»и саналади — ушбу мандаринлар жаҳондаги энг кўп талабгир мандаринлардир.
Бу мавсум ўтган йилгидан бироз кечроқ бошланди. Биз 100 минг тоннага яқин ҳосил кутмоқдамиз, шундан 10 фоизи аллақачон етказиб берилган, бу ўтган мавсумдан бироз кўпроқ. Истеъмолчилар Рождество байрами бошланишиданоқ дўконлардан Оrri мандаринини қидира бошлашди ва биринчи мевалар Европа бозорларига етиб борди. Айни кунларда об-ҳаво шароити яхши бўлгани учун ҳосил йиғим-терими ҳар куни давом этмоқда, партиялар эса ҳар куни жўнатиш учун юкланмоқда. Бозорга Оrri мандаринларининг биринчи партияларининг кириб келиши истеъмолчиларнинг ушбу маҳсулотга «ташна» эканини кўрсатди ва мандаринга талаб осмон қадар баланд, нархлар яхши. Ўтган ҳафта мўътадил ҳароратли ёмғирлар меванинг максимал ширинлик даражасига эришиш имконини берди. Америкага биринчи жўнатмалар ҳали ҳам йўлда», дейди Инбар.
Шунингдек ўқинг: Вьетнамда олтин қуймаси шаклидаги тарвузлар 65 доллардан сотилмоқда
Инбар Orri мандаринини пўстлоғининг арчилиши осон ва узоқ муддатли мавсумга эга ноёб мева сифатида тасвирлайди.
«Биз Европа ва Шимолий Америкада яхши бозор шароитларида экспорт қилиш мавсуми май ойигача давом этишини кутмоқдамиз. Европанинг талаб юқори бўлган энг йирик бозорлари Франция, Германия, Буюк Британия, Швейцария ва бошқа мамлакатлардир», дея хулоса қилади Инбар.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!