Бош саҳифаМева-сабзавот бизнесиИнтервьюТатьяна Ивченко: Украинада «ширин картошка» (батат)нинг саноат плантациялари барпо этилмоқда, аммо ҳозирча улар «қонун доирасидан ташқарида» ҳисобланади
ДолзарбИнтервьюМахсусЯнгиликлар

Татьяна Ивченко: Украинада «ширин картошка» (батат)нинг саноат плантациялари барпо этилмоқда, аммо ҳозирча улар «қонун доирасидан ташқарида» ҳисобланади

Украинада «ширин картошка» (батат) экиладиган майдонлар айни пайтда атиги 100 гектарни ташкил этса-да, доимий равишда кенгайиб бормоқда. Украинада «ширин картошка»нинг саноат ишлаб чиқаришини ривожлантириш истиқболлари ҳақида муштарийларга гапириб бериш учун EastFruit Украина Аграр фанлар академияси (Харьков вилояти, Мерефа шаҳри)нинг Сабзавотчилик ва полизчилик институти илмий ходими Татьяна Ивченко билан суҳбатлашди.

Украина Аграр фанлар Академиясининг Сабзавотчилик ва полизчилик институти экспериментал участкаларида» ширин картошка»нинг янги навлари яратилмоқда. Улар Украина шароитига мослаштирилади. Экиш материали (клон селекцияси)ни кўпайтиришнинг самарали усуллари, минерал озиқлантириш режими ва алмашлаб экишда экиннинг ўрни, шунингдек, сақлаш пайтида «ширин картошка»нинг вазни қандай ўзгариши  ўрганилмоқда.

“Украинада картошка анъанавий равишда етиштирилади. Уни» ширин картошка» билан алмаштириш ғояси одамларнинг турмуш тарзи ўзгаргани сабаб пайдо бўлди – камҳаракатлик, жисмоний меҳнат билан пассив даражада шуғулланиш авж олмоқда, шу боис ҳам, спорт ва рационал овқатланиш тарзи оммалашяпти. Айнан соғлом овқатланишга бўлган интилиш «ширин картошка»га қизиқиш уйғотади. Ушбу экинга бўлган талаб нафақат Украинада, балки бутун Европа ва Хитойда тобора ўсиб бормоқда. Бундан ташқари, кейинги ўн йилликдаги иқлим ўзгариши ва эртапишар шаклларни яратиш учун турли мамлакатларда олиб борилган селекцион ишланмалар ушбу экин ўстириладиган майдонларни кенгайтириш имконини берди. Илгари у фақат тропик иқлимда ўстирилар эди. Шу боис, Украинада етиштириш мумкин бўлган «ширин картошка» навлари гуруҳи мавжуд. Бу ўртапишар ёки эртаги навлардир», дейди Татьяна Ивченко.

«Ширин картошка» – иссиқсевар экин

Бу экинни етиштириш учун Украина иқлими қанчалик мос? Татьяна Ивченконинг сўзларига кўра, «ширин картошка» Украинанинг исталган вилоятида етиштирилиши мумкин. Мазкур турдаги экин хусусий секторда экиш учун жуда оммалашмоқда. Аммо далаҳовлиларда, асосан, Украинанинг тупроқ ва иқлим шароитига яхши мослашган, қизил пўстлоқли, ичи оқ ёки қаймоқранг, ем-хашак учун мўлжалланган эски навларни ўстиришади. Ва бу навлар яхши ҳосил беришига қарамай, улар бозорни қизиқтирмайди: на ресторанлар ва на супермаркетлар бу маҳсулотга харидор бўлади. Шунга қарамай, бундай навлар боғбонлар орасида машҳур, чунки, уларни ўстириш осон ва «ширин картошка»нинг ҳар қандай тури сингари диабет касаллигида парҳез таом сифатида қўлланади. Ҳамма ҳам унинг килограммини  90-100 гривнадан доимий сотиб олиш имкониятига эга бўлмагани сабабли одамлар ўзлари учун» ширин картошка» етиштиришади.

Украинада бататни саноат мақсадларида етиштириш истиқболлари қандай?

«Агар саноат мақсадларида етиштириш ҳақида гапирадиган бўлсак, унда бозорда сариқ ва бинафшаранг» ширин картошка»ларга талаб бор. Бинафшаранг навларни Украинанинг фақат жанубида етиштириш мумкин, чунки, улар иссиқ иқлимни ёқтиради.

«Ширин картошка» паст ҳароратга буткул тоқатсиз. Биз уни баҳорнинг сўнгги совуқларидан кейин экамиз ва сентябрда кузги аёздан олдин йиғиб оламиз. Шундай қилиб, Харьков вилоятининг шимоли-шарқида вегетация даври 4 ой давом этади. Масалан, жанубда, Херсон вилоятида, бу жараён 5 ойга чўзилади. Тропик иқлим шароитида эса экин олти ой ҳам ўсиши мумкин, лекин биз совуқ бўлмайдиган давр билан чегараланамиз. Тижорий жозибали «ширин картошка» навлари Украинанинг жанубий вилоятларида етиштирилиши керак. Шунинг учун ҳозир бу экин Украинанинг Николаев, Одесса, Херсон вилоятларида машҳур. Ушбу ҳудудларда саноат плантациялари бор (бир неча ўнлаб гектар)» дея қайд этди Татьяна Ивченко.

Украинада «ширин картошка»нинг ўртача ҳосилдорлиги қандай?

«Ширин картошка»нинг ҳосилдорлиги турлича – гектарига 40 дан 100 тоннагача. Мамлакатнинг жанубий вилоятларида юқори ҳосил олиш мумкин. Аммо ҳатто шу 40 ёки 100 тонна ҳам – умумий ҳосил, сотиладиган «ширин картошка» унинг маълум бир қисмини ташкил этади, холос. Шуни қайд этиш жоизки, «ширин картошка» ни йиғишда қийинчиликлар мавжуд, чунки, унинг физиологик ёш илдиз мевалари, кўпинча, бу босқичда шикастланади. Бу Украинадаги тупроқлар анъанавий равишда «ширин картошка» етиштириладиган тропик минтақаларга нисбатан оғирроқ эканлиги билан боғлиқ», дейди Татьяна Ивченко. Шу сабабли, Украинада илдиз мевалари бир-бирига яқин ўсадиган навлар машҳур бўлиб, бу ҳосилни механик усулда йиғиб олишга имкон беради.

Фақат келаси йилдан УАФАнинг сабзавотчилик ва полизчилик институтида яратилган «ширин картошка»нинг икки нави Украина Навлар реестрига киритилади. Бу вақтга қадар батат, аслида, Украинада «қонун доирасидан ташқарида» эди.

Деҳқонларни ўйлантираётган савол – «ширин картошка»ни саноат мақсадларида етиштириш учун қайси навларни танлаган маъқул? Татьяна Ивченконинг сўзларига кўра, батат учун муайян трендлар ва мода мавжуд. Уни етиштириш бўйича жаҳондаги лидер – Луизиана штати университети(АҚШ)дир. У ерда бу «мода» тарғиб қилинмоқда ва машҳур навлар яратиляпти.

«Тижорий» ширин картошка»нинг вазни 400 дан 200 граммгача, идеал шаклга эга бўлиши керак. Ҳозирги кунда Украина супермаркетларидаги деярли барча «ширин картошка» хориждан олиб келинади. Яқинда етиштирилган  «Ковингтон» нави машҳур. Бу сотиладиган «ширин картошка» ва маҳсулот сифатининг идеал намунасидир”, дейди Татьяна.

Батат –  «ширин картошка» ҳақида Украинада беш йилдан зиёд вақт давомида кўп ва хўп гапирилмоқда. Шунинг учун деҳқонлар бу экинни етиштиришнинг технологик сирларини аллақачон ўзлаштириб олишди. Шу билан бирга, Украинада ўртача ҳарорат Луизиана штатидан паст бўлгани сабабли, деҳқонлар ҳосилининг катта қисми ўртача ёки кичик ҳажмдаги «ширин картошка»дан иборатдир. Бу сабзавотларни қайта ишлашда қўллаш мумкин.

«Қайта ишлаш корхоналарининг мавжудлиги мамлакатда «ширин картошка» етиштириш рентабеллигини сезиларли даражада ошириши мумкин эди, чунки, HoReСа ва чакана савдо тармоқлари катта ва кичик сабзавотларга қизиқмайди. Қайта ишлаш ҳар хил турдаги ишлаб чиқариш, хусусан, ун, чипс ва бошқа маҳсулотлар тайёрлашни назарда тутиши мумкин. Агар Украинада бататни қайта ишлашга ихтисослашган корхона пайдо бўлса, бу экин майдони сезиларли даражада ошади, чунки, фермерлар ўз маҳсулотларини қаерда сотишни билишади. Бугунги кунда украиналик фермерлар, кўпинча, «ширин картошка» ни онлайн шаклда, шунингдек, HoReCa корхоналарида сотишмоқда”,  дея таъкидлайди Татьяна.

Сўнгги 10 йил ичида Европа Иттифоқи мамлакатларида батат истеъмоли 10 баробар ошди.

» Ушбу маҳсулот, хусусан, Германия ва Францияда машҳур. Бу мамлакатларда» ширин картошка», кўпинча, Рождество ва Янги йил байрамлари дастурхонига тортилади. Украинада иқлим шароити туфайли қишда бататни сотиш қийин. Сабзавотлар +12 – +14 даража ҳароратда сақланиши керак. Агар ташиш пайтида ҳарорат 0 °C дан пастга тушса, маҳсулот сифати бузилади», дейди УАФА Сабзавотчилик ва полизчилик институти илмий ходими.

«Ҳозир фермерлар «ширин картошка»нинг килограммини 40-60 грн ва ундан юқори нархда сотишмоқда. Бари сабзавотларнинг навлари, товар кўриниши, тақдимот синфига боғлиқ. Ушбу экинга ҳаммадан кўра кўпроқ 50 ёшдан ошган кишиларнинг эҳтиёжи бор, чунки, уларда қондаги қанд миқдори ошиши каби саломатлик билан боғлиқ муаммолар кўпроқ учрайди. Аммо бундай фуқароларнинг харид қобилияти, кўпинча, паст бўлиб, улар доимий равишда ширин картошка сотиб ололмайди. Афсуски, биз сарсабил истеъмолини кўпайтириш бўйича олиб борилган муваффақиятли маркетинг лойиҳаларини ҳали «ширин картошка»да кўрмадик. Истеъмолчи нима учун  «ширин картошка»га 100 грн дан кўпроқ тўлаётгани сабабини тушуна олмайди. Ширин картошканинг одатий картошкага ҳеч бир алоқаси йўқ ва маҳаллий бозор ўсиши учун истеъмолчиларга Украинада етиштириш истиқболли бўлган бу экиннинг фойдали хусусиятларини кенгроқ тушунтириш керак”, дейди Татьяна.

Шунингдек, мева-сабзавот бозори мутахассиси 4 йил давомида HoReCa сегментида ҳам вазият ўзгарганига эътибор қаратмоқда. Зеро, агар 3-4 йил аввал ресторанлар «ширин картошка»га унчалик қизиқиш билдирмаган бўлса, бугунги кунда бу сабзавотдан тайёрланган таомлар йирик шаҳарлардаги кўплаб муассасалар меньюсида пайдо бўлган. Шунингдек, бататга қоматини доимий назорат қиладиган ва рационал овқатланадиган истеъмолчилар ҳам қизиқишади, чунки, бу сабзавот картошканинг ўрнини босади ва ундан кўра фойдалироқдир.

Ўз навбатида, Украина мева-сабзавотлар ассоциациясининг тараққиёт бўйича директори Катерина Звереванинг қўшимча қилишича, «ширин картошка»га талаб бутун жаҳонда ўсиб бормоқда. Ва ушбу сабзавотни етиштириш ҳамда экспорт бўйича лидер – Хитойдир. «Ширин картошка» кўплаб парҳез ва экзотик таомларнинг таркибий қисми сифатида қўлланиши мумкин. У клетчатка, темир, кальций, крахмал, глюкоза, микроэлемент ва витаминларга бой. Шу билан бирга, «ширин картошка»нинг сариқ, қизил, тўқ сариқ навларида каротин миқдори кўп. Ушбу экинга бўлган талабнинг ошиши аҳолиси юқори даромадли мамлакатларда кузатилмоқда. Шу боис, у экспорт учун жозибалидир. Баъзи ишлаб чиқарувчилар Украина «ширин картошка»сини Европа Иттифоқи бозорига кичик партияларда сотишга ҳам улгуришди. Шу билан бирга, Украинада» ширин картошка» етиштиришнинг жорий ҳажми тизимли экспорт таъминотини йўлга қўйиш ҳақида гапиришга ҳали асос бўла олмайди. Шунингдек,  Украина мева-сабзавот ассоциацияси ушбу мамлакатда етиштирилган бататнинг ташқи бозорда юқори салоҳиятга эга эканлигини кўрмоқда. Ва бу салоҳият маҳсулотнинг нафақат сархил ҳолатида, балки қайта ишланган шаклида ҳам – нишали тайёр соғлом егуликлар – ширин картошка чипслари ва унини етказиб бериш борасида ҳам намоён бўлади», дейди Катерина Зверева.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Марказий Осиё боғбонлари қора смородинани йошта билан, қизилини эса калина билан адаштиришмоқда!

EastFruit

Ер ости томчилатиб суғориш усули Ўзбекистон агробизнесини тубдан ўзгартириши мумкин

Andriy Yarmak

Испан селекционерлари бинафшаранг брокколи навини яратишди

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин