Бош саҳифаМева-сабзавот бизнесиИнтервьюМолдованинг Lolly Berry компанияси нишали резаворларни муваффақиятли етиштирмоқда
ДолзарбИнтервьюМахсусЯнгиликлар

Молдованинг Lolly Berry компанияси нишали резаворларни муваффақиятли етиштирмоқда

Татьяна Бордиян ва Наталья Мурса узоқ вақтдан бери резаворлар бизнеси билан шуғулланишади, ишни чаканда плантациясидан бошлашган. Улар бундан олти йил аввал, Молдовада ушбу резавор экиннинг илк плантацияси пайдо бўлганида уни етиштириш ҳақида ўйлашган.

Татьяна 2014 йили 10 гектар ерда биринчи Молдова голубикасини етиштирувчи Lolly Berry асосчиси Юрий Тарай билан мулоқот қила бошлади. Ва Юрий Америкага кўчиб ўтишга қарор қилганида улар Lolly Berryни сотиб олишди. Ва икки тадбиркорнинг шарофати билан Молдовадаги «голубика бизнеси» иккинчи имкониятга эга бўлди.

Плантацияга қўшимча суғориш тизими ўрнатилиб, 13 гектарга кенгайтирилди. Корхона бугун ҳам ички бозорга сифатли ва мазали резаворлар етказиб беришда давом этмоқда. Келажак учун режалар жуда катта. Татьянанинг таъкидлашича, ҳозирги кунда Lolly Berryнинг ҳаммуаллифлари ёш плантация барпо этиш лойиҳаси устида ишлашмоқда.

– Молдовада голубика бизнесини йўлга қўйиш осонми? Қандай қийинчиликларга дуч келдингиз?

– Бу жуда қийин, чунки, маҳаллий ер (камдан-кам истиснолардан ташқари) голубика етиштиришга мос эмас, айниқса, рН даражаси каби параметр учун. Компаниянинг аввалги эгаси Страшень туманида голубикага сал мос келадиган ерни топган. Аммо у Украина ва Беларусдан жуда кўп торф импорт қилишига тўғри келган. Ҳандақлар қазилган ва улар муайян нисбатдаги торф, қарағай тарашаси ва қум аралашмаси билан тўлдирилган. Ушбу тупроққа Польшадан келтирилган голубика кўчатлари экилган. Булар жуда мураккаб ва яхшигина маблағ талаб этадиган операциялардир.

– Сиз, асосан, янги узилган меваларни сотасизми ёки музлатилганини? Нарх сиёсатингиз қандай?

– Биз голубикани сархил ҳолатда сотишга ҳаракат қиламиз, чунки, шунда у янада мазали ва фойдали бўлади. Тўғри, резавор  озуқавий қийматини шок усулида музлатилганда ҳам йўқотмайди. Фақат уни смузи ёки бўтқалар тайёрлашда ишлатган маъқулроқдир. Биринчи марта музлатилган голубикани сотишга ҳаракат қилиб кўрганимизда талаб таклифдан юқори бўлди. Кейин биз ҳар йили голубика ҳосилининг бир қисмини музлатишга қарор қилдик. Сархил резавор билан солиштирилганда нарх борасида деярли фарқ йўқ. Сўнгги бир неча йил ичида биз нарх сиёсатимизни ўзгартирдик, чакана нархларни 250 ($ 14,2 / кг) дан 150 лей / кг (8,5 $ / кг) гача пасайтирдик. Молдова голубикаси харидор учун ҳамёнбопроқ бўла бошлади ва бозор талабини оширди.

– Кўпгина фермерлар ишчи кучини ўта муҳим масала деб таъкидлашади. Сизнинг ҳолатингизда ишлар қандай кетмоқда, чунки, голубика ҳосилини йиғиш ҳам қўлда амалга оширилади, шундай эмасми?

– Ҳа, голубикани фақат қўлда йиғамиз, чунки, у аста-секин пишади. Лекин шу пайтгача ишчи кучи билан боғлиқ муаммога дуч келганимиз йўқ, барқарор меҳнат жамоаси борлиги учун нафақат йиғим-терим мавсумида, балки йил давомида кўпчиликни иш билан таъминлашга ҳаракат қиламиз. Қишда одамлар хорижга кетмай, шу ерда қолиши учун моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаймиз. Ишчиларнинг аксарияти қўшни қишлоқлардан.

– Айни пайтда қандай муаммоларга дуч келяпсиз? Мамлакатда бу бизнеснинг қандай рисклари бор?

– Энг катта муаммолардан бири ишлаб чиқариш тажрибаси етарли эмаслигидир. Биз тез-тез Польша ёки Украинага саёҳат қилишимизга тўғри келади. Резавор профилининг малакали агрономлари хизматидан фойдаланиш имкониятига эга бўлган плантациялар эгалари – ҳамкасбларимиз билан маслаҳатлашамиз.

– ЕТТБ қандай ёрдам кўрсатди?

– Консалтинг хизматлари учун уч йил давомида грант олдик, бу ўтган йили биз учун катта ёрдам бўлди. Экин майдонини кўпайтиришга қарор қилдик. Бунинг эвазига келажакда маҳсулот кўпаяди, резавор импортёрлари билан янада самарали рақобатлаша оламиз.

– Келажакдаги режаларингиз қандай?

– Бизнесни кенгайтиришда давом этамиз. Янги плантация ҳозиргисидан бироз фарқ қилади – илдизни озиқлантириш учун бироз кўпроқ торф солинади. Суғориш тизими марказий компьютерга уланади, тизим сув таъминоти ҳажми ва вақтини таҳлил ҳамда назорат қилади.

Шунингдек, биз тупроқ намлигини сақлайдиган, буғланишга йўл қўймайдиган агротола ёки агротекстилдан фойдаланамиз. Умид қиламизки, бу сувни тежашга ёрдам беради. Қайта ишлаш ҳақида ҳали ўйламадик – ҳозирча сархил маҳсулотлар бозори учун ишлаяпмиз ва маҳсулотни музлатяпмиз. Қайта ишлаш шакар ва баъзи консервантларсиз бўлмайди. Шунинг учун бу масалага эътибор қаратмаяпмиз.

– Лойиҳаларингиздан бири –  туннелларда голубика етиштиришнинг янги Америка технологиясини жорий этиш. Бу қай тарзда ва қачон содир бўлади?

– Кенг маънода бу «эртанги кун орзуси». Янги Америка технологияси голубикани иссиқхоналардаги каби туннелларда етиштиришга  мўлжалланган. У тувакларда ўстирилади ва камроқ торф сарфланади. Об-ҳаво шароитларига боғлиқлик ҳам минимал даражададир. Резавор шакар тўплаши, ўз вақтида пишиши учун қуёш нури муҳим. Биз бунинг учун сармоя киритишни, хорижда билим олишни режалаштирмоқдамиз. Шу билан бирга, истеъмолчилар учун мақбул нарх даражасини сақлаб қолишга ҳаракат қиламиз.

– Янги савдо бозорларига чиқиш ва экспортни режалаштиряпсизми?

– Мақсадимиз Молдова бозорини янги маҳаллий резаворлар билан тўлдириш, ҳозирча шунинг устида иш олиб боряпмиз. Келгуси бир неча йил давомида ишлаб чиқариш ўсиши билан Европа Иттифоқи ва РФ бозорларига маҳсулот етказиб беришни кенгайтирамиз. Шунингдек, ҳар гектардан 5-7 тоннага яқин ҳосил олишимиз керак, мос равишда компанияга қарашли 13 гектар ер 65-91 тонна ҳосил бериши лозим, бироқ, ўтган йили атиги 20 тонна ҳосил олдик.

– Ҳатто ички бозорда ҳам рақобат мавжуд. Сизнинг рақобат борасидаги афзалликларингиз қандай?

– Энг катта рақобатчилар – руминиялик резавор импортёрларидир. Лекин бизнинг маҳсулот ҳар доим янги узилган ҳолатда бўлади. Мисол учун, бугун йиғилса,  шу кеча совутилади, эртаси куни эса чакана савдо тармоғидан ва истеъмолчи дастурхонидан жой олади. Бу йил бизнинг голубика Руминиядан импорт қилинганига нисбатан арзонроқ бўлди. Голубика нафақат Молдовада, балки кўплаб Европа мамлакатларида ҳам қиммат саналадиган премиум- сегмент резавори ҳисобланади. Бизда у  малина ёки маймунжон сингари нархда бўлмайди, албатта. Аммо голубика ҳам молдовалик оддий истеъмолчи учун ҳамёнбоп бўлишини хоҳлаймиз. Мижозларимиз мамнун бўлса, деймиз.

– Голубикадан ташқари, чаканда ҳам етиштирасиз. Уни қандай сотасиз ва келажакдаги режаларингиз қандай?

– Чакандани ижтимоий тармоқлар, дўконлар тармоғи орқали сотамиз ва, албатта, баъзи ресторанлар уни «мавсумий чой» учун харид қилишади. Бизнинг резаворларни сотиб олиш истагида савдогарларнинг ўзи биз билан боғланди. Чаканда экилган майдон (36 га) голубикадан (13 га) каттароқ. Ҳозирча биз уни сархил ёки музлатилган ҳолатда, қайта ишламасдан сотяпмиз. Чаканда музлатилмаса, 42 соат ичида оксидланишни бошлайди. Уни новдалари билан кесиб оламиз, ҳосил йиғиб олингач, икки-уч соат ичида музлатиб қўямиз. Ҳосил мартгача сотилади. Ҳозир ушбу плантацияни (Clara, шунингдек, Маra ва Dоrа навлари билан) кенгайтириш устида ишлаяпмиз.

 

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ер ости томчилатиб суғориш усули Ўзбекистон агробизнесини тубдан ўзгартириши мумкин

Andriy Yarmak

Сергей Алба: ер ости томчилатиб суғоришга йўналтирилган инвестициялар бир мавсумдаёқ ўзини оқлайди

EastFruit

Музлатилган резавор ва мевалар бозори 2023/24 йилги мавсумга тайёрми?

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин